Ташкент +1° Wed 19:03
Долзарб мавзулар Фото

«Ҳукумат соати»: Куз-қиш даврига тайёргарлик депутатлар эътиборида

Бўлимлар: СИЁСАТ
Теглар:
Добавлено: 07.11.2018, 22:21

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида таркиб топган янги анъанага кўра, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига асосан 2018 йил 7 ноябрь куни навбатдаги «Ҳукумат соати» ўтказилди.

Депутатларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш юзасидан олиб борган ишлари ҳамда жойларда аҳоли томонидан кўтарилган масалалардан келиб чиқиб, қуйи палатадаги депутатлар бирлашмалари таклифларига кўра, «Ҳукумат соати»да кўриб чиқиш учун иккита масала – “2018/2019 йиллар куз-қиш даврида коммунал соҳа ташкилотлари, қозонхоналар, кўп хонадонли турар жой бинолари ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида”ги ҳамда “2018/2019 йиллар куз-қиш даврида аҳолини барқарор нархларда ва узлуксиз равишда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда бу борадаги захирани шакллантириш юзасидан амалга оширилаётган ишларнинг бориши тўғрисида”ги масалалар киритилди.

Мазкур масалалар юзасидан депутатлар саволларига атрофлича жавоб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасадди раҳбарлари Қонунчилик палатасига таклиф этилди.

Тадбирда ҳукумат вакиллари депутатлар томонидан қўйилган масалалар юзасидан қисқача маълумот бериб, сўнгра уларнинг саволларига батафсил жавоб қайтардилар.

Маълумки, шу йилнинг 26 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташрифи асносида муҳим ижтимоий масалалар хусусида тўхталар экан, уй-жой фондини ривожлантириш, коммунал хизматларни яхшилаш, объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Хусусан, ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини, айниқса, кўп қаватли уй-жойларга коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини кескин танқид қилган эди.

Хабарингиз бор, мамлакатимизда бу борадаги масалаларни комплекс равишда ечиш мақсадида ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этилганди.

“Ҳукумат соати” аввалида депутатлар Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиевга мазкур вазирлик ўтган давр мобайнида соҳани тубдан яхшилаш, муаммоларни бартараф қилишга доир чора-тадбирлар доирасида соҳанинг қонунчилик асосини замон талабларига кўра такомиллаштириш борасида етарлича ташаббус кўрсатмаётгани хусусида саволлар билан мурожаат этдилар.

Ўз навбатида, вазир депутатларнинг танқидий руҳдаги саволларига жавоб қайтарар экан, бу борадаги муаммо ва камчиликларни қайта кўриб чиқиш, аввало, соҳанинг ҳуқуқий жиҳатларини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, вазир ахборотида қайд этилишича, 2018-2019 йиллар куз-қиш даврида коммунал соҳа ташкилотлари, қозонхоналар, кўп хонадонли турар жой бинолари ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилган. Жорий йилнинг 29 октябрь ҳолатига республика бўйича кўп ҳонадонли уй-жойларни куз-қиш мавсумига барқарор тайёрлаш бўйича Дастур билан белгиланган 7 657 та уйнинг 7 621 таси жорий ва мукаммал таъмирланиб, куз-қиш мавсумига тайёрланган. Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан 546,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Тегишли дастур асосида 181,3 километр ичимлик суви тармоқлари мукаммал ва 610,9 километр ичимлик суви тармоқлари жорий таъмирланган.

2018 йил январь-октябрь ойлари давомида электр энергияси таъминоти бўйича 2 014 та трансформатор пунктида, 5 834,2 километр электр узатиш тармоғида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилган. Аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари табиий газ таъминотини яхшилаш учун 41,7 километр қувур капитал таъмирланган ва 95,9 километр қувур реконструкция қилинган.

2018 йил бошидан буён жойларга 632,7 минг дона маиший газ баллонлари, аҳоли хонадонлари учун 321 569,2 тонна суюлтирилган газ, ижтимоий соҳа муассасаларига 284,9 минг тонна, аҳолига эса 433,2 минг тонна кўмир етказиб берилган. Ҳудудларда 51,7 минг тонна кўмир захираси шакллантирилган.

Шу билан бирга, депутатлар вазир эътиборини бу соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш лозимлигига қаратдилар.

“Ҳукумат соати”да навбатдаги масала юзасидан сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Баҳодир Юсупов жорий йилнинг куз-қиш даврида аҳолини барқарор нархларда, асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги захирани шакллантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш хусусида ахборот берди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми кўпайишига эришилмоқда. Хусусан, 2018 йил охиригача 11,2 миллион тонна сабзавот, 2,9 миллион тонна картошка, 2,7 миллион тонна мева, 2,1 миллион тонна полиз ва 1,7 миллион тонна узум йиғиб-териб олиниши кўзда тутилган. Умуман, ўтган йилга нисбатан 1,4 миллион тонна кўпроқ ялпи ҳосил олиш режалаштирилган.

Мева-сабзавот, полиз, узум ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми ҳам ортмоқда. 2018 йилнинг 9 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 190 миллион доллар кўпроқ, яъни 587 миллион АҚШ доллари қийматидаги 972 минг тонна (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 351 минг тоннадан ортиқ) янги ва қуритилган мева-сабзавот, полиз ва узум маҳсулотлари экспорт қилинишига эришилди.

Шу билан бирга, депутатлар Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида республикада паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, картошкачилик, лимончиликни ривожлантириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилаётганини эътироф этдилар. 2017 йилга нисбатан парранда гўшти (179 минг тонна) ва тухум ишлаб чиқариш (7,1 миллиард дона) 6 фоизга, балиқ етиштириш (150 минг тонна) 30 фоизга, картошка етиштириш (3 миллион тонна) 7 фоизга, лимон етиштириш (30 минг тонна) 43 фоизга, асал ишлаб чиқариш (17 минг тонна) 38 фоизга ошиши кутилаётгани аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш даражасини яхшилаш имконини беради.

Хўжаликлар томонидан буюртмалар бўйича етказиб берилган, хорижга экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари ҳозиргача 25 минг тоннага яқин картошка, 30 минг тоннадан ортиқ пиёз, 15 минг тоннадан ошиқ сабзи ва 6 минг тоннадан зиёд гуруч захираси яратилган.

“Ҳукумат соати” якунида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан бу соҳадаги ишлар янада самарали ташкил этилиши лозимлиги таъкидланди. Ушбу соҳаларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

МУТОЛАА