Ташкент +8° Tue 15:40
Долзарб мавзулар Фото

Отасининг бўйнига сиртмоқ солган ўғил 15 йилга қамалди

Бўлимлар: ЖИНОЯТ
Теглар:
Добавлено: 05.12.2018, 15:08

Спиртли ичимликка ружу қўйиш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган. Оилаларнинг парокандаликка юз тутишига, нохуш ҳодисаларнинг содир бўлишига кўпинча ана шу спиртли ичимликнинг меъёридан ошиб кетиши сабаб бўлади. Спиртли ичимлик одам ичига тушгач, сархушлик бошланади. Ақл эса ўз-ўзидан чекинади. Шундай бўлгач, маст одам оғзига келганини ўйламасдан гапиради, хаёлига келганини қилади.

Ибодулла Тўрахонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) аввал тракторчи эди. Ичкилик сабаб касбидан айрилди. Бир неча йил бекор юрди. Кейинги пайтларда эса бир енгил машина олиб, уч-тўрт нафар елим идиш йиғиб, ўтказадиган аёлларга ҳайдовчилик қила бошлади. Кунлик топадигани мўмайгина, лекин бу пуллар ҳам оиласигача етиб бормайди. Кундалиги кунда ичкиликка сарфланаверади. Қуда-андали, неварали одамнинг кунда-кунора ичиб келиб, жанжал-тўполон қилиши оила аъзоларини бездириб юборди.

И.Тўрахоновнинг уч нафар ўғли бор. Каттаси ва кенжаси алоҳида яшайди. Уйда ўртанча ўғли Бекзод ва эр-хотин яшашади.

Бора-бора Ибодулланинг мияси ичкилик таъсиридан айниди. Маст бўлиб келган пайт­лар хотини Зарифага қараб, «Мен бошқа аёл топдим, ўшанга уйланаман», дейишни одат қилди. Бундай гапларни эшитгач, аёл бирида жаҳли чиқса, бошқа сафар эътибор бермасликка уринади. Ҳа, одам боласининг иродаси пўлатдан эмас. Унинг ҳам куни келиб, сабр косаси тўлди.

Ўша куни Ибодулла яна маст ҳолда машина бошқариб келди. Ёнида доимги ҳамроҳларидан Нафиса ҳам келди.

— Мана, Ибодулла аканинг пули, — деб Нафиса Зарифага 92 минг сўм пулни тутқазди. — Маст бўлгани учун ўзим бериб кетай дедим, — деди келганига изоҳ бериб.

— Овқатинг борми? Қорним оч, — деди ширакайф Ибодулла хотинига қараб.

— Ҳозир тайёрлайман, — деб ошхонага ўтиб кетди аёл.

— Сен вино олиб кел, — деди Бекзодга.

— Ўзи маст бўлсангиз, вино ичиб нима қиласиз?

— Олиб кел дегандан ке­йин, олиб келмайсанми, — деб бақирди. — Болангга айт, вино олиб келсин, — деди хотинига эшиттириб.

Бекзод онасидан пул олиб, велосипедида дўконга кетди.

Ибодулла овқат келмасидан винони ича бошлади. Овқат вақтида ақл-ҳуши тарк этган Ибодулла куракда турмас сўзларни алжирай бошлади. У уйга ичиб келган кунлари дераза ойналарини синдирар ёки кўчага чиқиб кетарди. Шунинг учун кўпинча унинг оёқ-қўлларини боғлаб қўйишарди. Кайфи тарқагач эса қўл-оёғини бўшатишарди.

Бекзод дадасининг қўлини орқага қайириб, уйга олиб кирди. Онаси келтирган ип билан қўл-оёғини боғлаб ташлади. Дадасининг кунда-кунора қиладиган жанжаллари оила аҳлини бездириб юборганди. Неча йиллардан бери аҳвол шу. Баъзида қўни-қўшни, қариндош-уруғ олдида изза бўлиб қолади. Шуларни ўйларкан, ўлдириб қўя қолсамми, деган мудҳиш ўй ўтди Бекзоднинг хаёлидан. Аввалига қўрқиб кетди, кейин қатъийлашди. Айвонга чиқиб, онасига дадасини ўлдиришини айт­ди.

— Қўй гуноҳга ботма, — деди онаси.

— Дадамни ўлдирган одам савобга қолади, — деди йигит.

Ҳовлига чиқиб, дарахтда илиниб турган прессланган сомон ипидан олиб, дадаси ётган уйга кириб кетди. Хона қоп-қоронғи эди. Дадаси ҳали ухламаган экан.

— Қайси биринг келдинг? — деди.

— Менман.

— Қўл-оёғимни бўшатиб қўй.

Бекзод эшикни ёпиб, бироз ўйланиб турди. Шунча пайтдан бери ўзгармаган одам, энди ҳам ўзгаришига кўзи етмаган ўғил дунёга келишига сабабчи бўлган инсондан қутулишга киришди. Пайпаслаб дадасининг бошини топиб, ипни ўтказди.

— Нима қилмоқчисан? — деди ота.

— Сизни ўлдирмоқчиман, — деди овози титраб ўғил.

Бекзод бир неча дақиқа ипни қаттиқ тортиб турди…

Айвонга ўтиб, қилиб қўйган ишини айтди. Онаси иккови жасадни қандай йўқ қилишни ўйлади. Отанинг жонсиз танасини гиламга ўраб, машинанинг юкхонасига жойлаб қўйишди. Эртаси куни қоқ туш пайти онаси билан дарё томонга кетди. Атрофни кузатиб, ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, жасадни темирга боғлаб, дарё­га чўктириб юборишди.

Кейинги кун Бекзод уч марта дарёга бориб келди. У икки кун ўрта йўлда сарсон бўлди. Учинчи кун борса, дадасининг жасади сув юзига қалқиб чиққанини кўриб, ваҳимага тушди. Темир топиб, яна дадасини чўктирди. Лекин бу иши ҳам фойда бермади. Темирга боғлаб қўйилган ипни узиб, жасадни оқизиб юбормоқчи бўлди. Дарёга боргач эса юраги дов бермади.

Эртаси куни борса, дадаси кийимсиз ҳолда сув юзига чиқиб қолибди. Бу ҳолда уни ҳеч ким танимайди, деган ўй билан бола уйига қайтди.

Отасини ўлдириб, ҳаловат топамиз, деган фарзанд, ўғлининг қўлини қонга ботиришига қатъий туриб қаршилик қилмаган аёл бу воқеадан сўнг минг ўлиб-тирилди. Еб-ичгани ичига тушмай, тунлари уйқу билмади.

Онаси Ибодуллани сўраган қариндошу таниш-билишларга уйдан чиқиб кетган, деб айтаверди. Орадан ўн кунлар ўтиб, қариндошларининг қистови билан ИИБга турмуш ўртоғининг йўқолганлиги ҳақида хабар берди. ИИБ ходимлари бир кун аввал дарёдан номаълум кишининг жасади топилганини айтиб, Ибодулланинг ки­йимларини кўр­сатди. Аёл эрининг кийимларини таниди, лекин сири фош бўлишидан қўрқиб, инкор этди. Улар қилмишларини қанчалик яширмасин, барибир ошкор бўлди.

Суд ҳукми билан Бекзод 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Онасига ҳам қилмишига яраша жазо тайинланди.

Жамшид Абдуҳакимов,

Самарқанд вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси

"Ҳуқуқ" газетасидан олинди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии