Ташкент +6° Tue 16:40
Долзарб мавзулар Фото

Сочингиз тўкиляптими? Даволаш мумкин!

Бўлимлар: САЛОМАТЛИК
Теглар:
Добавлено: 05.12.2018, 15:21

Сийрак сочларни қалинлаштириш мумкинми? Соч нега тўкилади? Бу каби саволларга дерматолог–трихолог, трансплантолог Шораҳмат Шараҳмедов жавоб бериб, соч тўкилиши сабаблари, аломатлари ҳамда замонавий даво чоралари билан таништирди.

Маълумки, соч бош терисини ташқи таъсирлардан ҳимоялаш вазифасини бажаради. Ёғ ва тер безларидан ташкил топган соч тизими терини юмшатиб туради.

Асосий сабаблар

— Нега соч тўкилади?

— Энг биринчи сабаб – бу эволюция, яъни ҳаёт тарзининг жадал ўзгариши, ривожланиши. Бундан ташқари, экология, ташқи таъсирлар ҳам соч тузилишига ножўя таъсир кўрсатиши мумкин.

— Қачон соч тўкилиши меъёр саналади?

— Соч тўкилишининг физиологик ва патологик шакллари бор. Физиологик, яъни табиий соч тўкилиши, асосан, куз ва баҳорда, ҳомиладорлик ҳамда эмизикли даврда рўй беради. Ҳомиладорликда аёл организми эстроген гормонини одатдагидан кўпроқ ишлаб чиқариши ҳисобига сочлар қалинлашиб, тўкилиши сезиларли камаяди. Туғуруқдан сўнг гормонлар жой – жойига қайтгач, соч кўп тўкилаётганга ўхшайди. Ваҳоланки, бу меъёрий ҳолат.

— Қандай текширувлар ўтказилади?

— Дастлаб, трихоскопия текшируви ёрдамида сочнинг ингичка – қалинлигига баҳо берилади. Патологик жараён бошланган бўлса, бошнинг олд қисмидаги соч толалалари энсадагиларига нисбатан ингичкалашгани аниқланади. Меъёр бўйича пешонадан бошлаб, бошнинг ўртасигача бўлган соч толалари қалин ва кўп бўлиши керак. Махсус қурилма компьютер экранига соғлом ва шикастланган соч толалари ҳақида тўлиқ маълумот узатади. Тасвирни солиштириш орқали соч толаси тузилиши, соч тўкилиши даражаси ва бош териси ҳолатига баҳо бериш мумкин.

— Муолажа усуллари ишончлими?

— Аёлларда соч тўкилишининг уч даражаси бор. Биринчи ва иккинчи даражали соч тўкилишида даво чоралари яхши самара беради. Учинчи даражали соч тўкилиши беш йил давом этган бўлса, унинг илдизини қутқариш қийин.

— Уй шароитида парваришлаш-чи, ёрдам берадими?

— Фақат табиий соч тўкилишидагина уй шароитида тайёрланадиган ниқоб ва суртмалардан фойдаланиш мумкин. Патологик соч тўкилиши аниқланганда бундай усуллар иш бермайди. Барча аёлларга маслаҳатим – бир йилда бир марта трихолог мутахассис кўригидан ўтиб туринг.

Эндокрин хасталиклар, гормонал ўзгаришлар, бўқоқ касаллигида соч тўкилиши кузатилади. Ҳозир андроген алопеция нафақат эркаклар, балки аёлларда ҳам учрамоқда.

Кейинги омил – бу психо–эмоционал зўриқиш. Сурункали чарчоқ, асабийлик, стресс, депрессия, тўйиб ухламаслик, нотўғри овқатланиш ва меъёридан кўп ақлий меҳнат билан шуғулланиш таъсирида соч тўкилади.

Кўп сўралган савол

Кўп саёҳат қилувчи кишиларда ҳам соч тўкилиши кузатилади. Биз буни табиий жараён дея баҳолаймиз. Нега деганда, кун билан туннинг алмашинуви соч циклида вақтинчалик ўзгаришларни келтириб чиқаради.

Кўрик ва ташхис

Меъёрий соч тўкилиши – бу ўз вазифасини бажариб бўлган соч толасининг илдизидан ажралиб, ўрнига янгиси ўсиб чиқишидир. Яъни цикл алмашинуви ҳодисаси. Дейлик, соч тўкилиши бирор патология фонида келиб чиқди. Бунда 100 та тўкилган соч толаси ўрнига 90 таси тикланади. Қолган ўнтаси маълум вақтдан сўнг ўсиб чиқиши мумкин. Шу тариқа ҳар сафар ўнтадан соч толаси ортда қолиб бораверади. Ва бора-бора қайта тикланиш функцияси сустлашади. Охир-оқибат соч илдизи атрофияга учраб, умуман соч ўсиб чиқмайди. Очиқ қолган соч қаторини тўлдириш учун эса соч эктиришга тўғри келади.

Соч ўсиши уч фазада фарқланади, булар: анаген, катаген ва телоген фазалар. Ҳозир тўртинчи фаза ҳам қўшилган бўлиб, у кеноген деб аталади. Бунда соч тўкилиши ва ўсиши орасида узоқ узилишлар кузатилиши аниқланган.

Соч тўкилишига наслий мойиллик ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бунда генлар орқали онадан 70 фоиз, отадан 30 фоиз ахборот ўтади. 1-2 фоиз ҳолатлардагина соч тўкилиши ота-онага боғлиқ эмас ва бунда кишининг ўзи янги насл асосчиси ҳисобланади.

Соч тўкилишининг сабабини аниқлашда тор доирадаги мутахассислар: эндокринолог, психоневролог, гастроэнтеролог, проктолог ва психолог кўриги белгиланади.

Давоси бор!

Ҳозирги кунда соч тўкилишини тўхтатиш ва толасини мустаҳкамлаш учун бир қатор даво чоралари қўлланмоқда. Булардан трихологик пилинг, PRP (Platelet Rich Plasma) терапия, лазер муолажаси, соч ўсишини рағбатлантирувчи суртма, зардоб ва спрейлар яхши натижа бермоқда. Муолажа ҳар бир беморга индивидуал белгиланади. Соч тўкилиши камайгач, муолажалар маълум муддатда такрорлаб турилади. Асосийси, муолажа тўхтатиб қўйилмаслиги керак.

Самира УЛУҒБЕКОВА суҳбатлашди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии