Ташкент +4° Thu 20:16
Долзарб мавзулар Фото

Эктор Купер: Мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш қилмоқчимиз

Бўлимлар: СПОРТ
Теглар:
Добавлено: 12.01.2019, 19:57

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва Анзур Исмоилов бугун Туркманистонга қарши ўйинолди матбуот анжуманида иштирок этишди. Дастлаб, Эктор Купер ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Турманистонга қарши ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Туркманистон яхши шаклланган жамоа. Биз уларнинг Японияга қарши ўйинини томоша қилдик. Туркманистонга қарши фақат ғалаба учун майдонга тушамиз.

Уммонга қарши ўйинни ҳамма турлича таҳлил қилди. Муҳими биз ўша ўйинда ғалаба қозондик. Уммон кучли терма жамоа. Улар Форс Кўрфази мусобақасида ғалаба қозонишган. Шу сабабли уларни мағлубиятга учратганимиздан хурсандмиз. Туркманистонга қарши ўйинда аввалги хатоларимизни тўғирлаб, чиройли ўйин намойиш қилишга ҳаракат қиламиз.

Туркманистон терма жамоасининг устунликлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар тартибли жамоа. Японияга қарши ўйинда улар тартибли ҳаракат қилишди, лекин уларга тажриба етишмади. Эртага майдонга тушадиган ҳар икки терма жамоанинг ўз ўйин услуби бор. Ким кучлироқ эканини майдондаги ўйин кўрсатади.

Егор Кримец қизил карточка туфайли эртанги ўйинни ўтказиб юборади. Аммо бизда унинг ўрнига майдонга тушиши мумкин бўлган икки нафар футболчи бор. Улардан қайси бири ўша пайтда яхшироқ формада бўлса, ўша футболчи асосий таркибда майдонга тушади.

Туркманистон терма жамоаси ҳимоясида ўзига яраша муаммолар бор. Биз эртага ана шу муаммолардан фойдаланиб ҳужум ташкил қилишга ва рақиб дарвозасини ишғол қилишга уринамиз.

Миср терма жамоасида ишлаганимда бошқача услубда тўп сурганмиз. Ўзбекистонда бошқача услубни шакллантирмоқдамиз. Баъзи ўхшашликлар бўлиши мумкин, лекин бу икки мамлакат футболи турлича. Биз мухлисларга ва журналистларга ёқадиган ўйин намойиш қилиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз", - деди Купер.

Шундан сўнг ҳимоячимиз Анзур Исмоилов ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

"Туркманистонга қарши ўйинга тайёрмиз. Эртага фақат ғалаба қозониш ва уч очкони қўлга киритиш учун майдонга тушамиз.

Терма жамоада тажрибали футболчилар билан бирга ёш футболчилар ҳам бор. Ўзига хос баланс ўрнатилган. Бизнинг ортимиздан жуда кўплаб кучли футболчилар етишиб чиқмоқда. Умид қиламизки, улар билан ўз мақсадимизга етамиз".

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии