Долзарб мавзулар Фото

МОҚ "Uzbek Tigers" учун керакли барча шарт-шароитларни яратишга тайёр

Бўлимлар: СПОРТ
Теглар:
Добавлено: 18.02.2019, 21:34

Февраль ойига келиб, ўтган йилнинг худди шу вақтида кузатилгани каби, «Uzbek Tigers» жамоасининг келгусидаги тақдири борасида турли гап-сўзлар тарқала бошлади. ОАВда Ўзбекистон бокс федерацияси жамоани молиялаштиришни тўхтатишга қарор қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Kun.uz мухбири айни масалага аниқлик киритиш учун Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновга бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.

– Охирги уч мавсумда Бутунжаҳон бокс сериясида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган «Uzbek Tigers» жамоаси ўтган ҳафтада тарқатиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумот қанчалик тўғри?

– Аввало, шуни таъкидлашни истардимки, Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақасининг ўзбек бокси тараққиётида тутган ўрни жуда муҳимдир. Маълумки, ушбу турнир орқали янги номлар кашф этилади, кучли боксчилар сараланади. Шунингдек, мазкур мусобақа боксчиларимиз учун Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш вазифасини бажариши билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки турнирда Куба, Россия, Қозоғистон каби бокс оламидаги етакчи мамлакатларнинг чарм қўлқоп усталари ҳам иштирок этадилар ва боксчиларимиз уларга қарши жанглар орқали ўз маҳоратларини тоблаб борадилар.

Бевосита саволингизга келсак, «Uzbek Tigers» мусобақанинг янги мавсумида ҳам баҳсларда қатнашади. Ўзбек бокси мухлисларига байрам кайфиятини улашиш мақсадида юртимиз мезбонлик қиладиган жанглар республикамизнинг энг йирик ва муҳташам ареналарида ташкил этилади. Жумладан, келаси ойда фойдаланишга топшириладиган «Ҳумо» кўп тармоқли аренаси, шунингдек, «Миллий» стадионида ҳам минглаб мухлислар боксчиларимизнинг маҳоратларига бевосита гувоҳ бўлишлари мумкин.

Ўз навбатида, Миллий олимпия қўмитаси «Ўзбек йўлбарслари»нинг самарали фаолият олиб бориши учун мамлакат бокс федерациясига керакли ёрдамни кўрсатишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Жамоага барча шарт-шароитлар яратиб берилади.

– WSB`нинг янги мавсумида қандай ўзгаришлар кутилмоқда? Турнир февраль ойида старт оларди, лекин 9-мавсум ҳалигача бошланмагани сабаб гўё AIBA бу турнирни тўхтатиши ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда.

– AIBA бу йилдан бошлаб WSB турнири форматига ўзгартириш киритишни мақсад қилган. Хабарингиз бор, Токио-2020 Олимпия ўйинларида эркаклар ўртасидаги баҳсларда вазн тоифалари сони 10тадан 8тага туширилди ва шунинг ҳисобига аёллар вазн тоифаси 5тага оширилди. Шундан келиб чиққан ҳолда Бутунжаҳон бокс сериясида ҳам вазн тоифалари 8тага туширилиб, иккита лигага ажратилмоқда. Яъни енгил (52, 57, 63, 69 кг) ҳамда оғир (75, 81, 91, 91+ кг) вазнлар. Мусобақада иштирок этувчи мамлакат ҳар иккила лигага ҳам ўз жамоасини қўйиши мумкин.

Бу сафарги мусобақа Токио–2020 Олимпия ўйинларига лицензия бериши боис, AIBA жамоавий беллашувларни 2019 йилнинг октябридан бошлаб, 2020 йилнинг февралига қадар ўтказишни режалаштирмоқда. 2020 йилнинг 29 май – 6 июнь кунлари бўлиб ўтадиган мусобақада эса WSB лицензион турнири ва якка тартибдаги финаллар бўлиб ўтиши керак. Мазкур мусобақа орқали Олимпиадада иштирок этувчи сўнгги 16 йўлланма эгаси аниқланади. Шундай экан, AIBA бу мусобақани тўхтатиш эмас, аксинча уни янада ривожлантириш чоралари ҳақида ўйлаяпти.

– 2019 йилда ўзбекистонлик боксчилар олдида турган энг муҳим мусобақалар қайсилар? Юлдузли таркиб аъзоларининг аксарияти профессионал боксга ўтгани натижаларга қанчалик таъсир этиши мумкин?

– Жорий йилда боксчиларимиз бирйўла иккита йирик ва нуфузли мусобақада иштирок этишади. Апрель ойида Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида катталар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтса, Россиянинг Екатеринбург шаҳри сентябрь ойида жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Ҳозирда терма жамоамиз аъзолари узлуксиз ўқув-машғулот йиғинлари орқали мазкур муҳим мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўришмоқда.

Екатеринбургдаги жаҳон чемпионатида Токио–2020 Олимпия ўйинлари учун дастлабки лицензиялар ўйналади. AIBA жаҳон чемпионатида лицензия ола билмаган давлатлар учун кейинчалик минтақавий лицензион турнирлар ҳам ташкил этишни режалаштирган. Осиё ва Океания минтақаси учун ана шундай лицензион турнир эса келаси йили баҳорда бўлиб ўтади.

Шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, Ўзбекистон бокс бўйича жаҳоннинг энг қудратли державаларидан ҳисобланади. Рио-2016 Олимпиадасида ўзбекистонлик боксчилар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашгани ҳам фикримизни исботлаб турибди. Шундай экан, Токио Олимпиадасида ҳам ўзбек чарм қўлқоп усталари энг юқори ўринлар учун кураш олиб боришларига ишончим комил.

Саволингизни иккинчи қисмига келсак, баъзи спортчиларимизнинг профессионал боксга ўтиб кетгани терма жамоамиз таркибини кучсизлантиради, деган фикрдан йироқман. Чунки ўзбек боксида жуда кучли рақобат юзага келган. Ҳар бир иқтидорли ва кучли боксчига захира вариантлари мавжуд. Лекин шунга қарамай биз Осиё чемпионатининг баъзи вазн тоифаларига проф боксда фаолият олиб бораётган юртдошларимизни ҳам жалб қилишимиз мумкин. Масалан -75 кг ва +91 кг вазн тоифаларида Исроил Мадримов ва Баҳодир Жалоловларни Бангкокдаги мусобақада терма жамоамиз таркибида кўришингиз мумкин.

Бу биринчидан, терма жамоамиз таркибида рақобатни янада кучайтирса, иккинчидан мураббийлар учун лицензион мусобақа саналган жаҳон чемпионати олдидан профессионал рингда шуғулланаётган боксчиларимизнинг жисмоний ва функционал ҳолати, руҳий тайёргарлигини яна бир бор синовдан ўтказиб олиш имконини беради.

Биз Токио–2020 Олимпия ўйинларида профессионал боксда фаолият олиб бораётган ҳамюртларимиз хизматидан ҳам фойдалана оламиз; албатта, агар уларнинг тайёргарлиги талабга жавоб берса.

Маълумот учун, Жаҳон бокс серияси (WSB) AIBA томонидан 2010 йилдан буён ўтказиб келинади, «Uzbek Tigers» унда 2016 йилдан буён қатнашиб келмоқда. Жамоа илк мавсумида ярим финалга қадар етиб бориб, кейинги йили чорак финалда тўхтаган бўлса, 2018 йилда чорак финал баҳслари бекор қилингани боис иштирокини гуруҳ босқичида якунлади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии