Ташкент +4° Thu 15:04
Долзарб мавзулар Фото

"Пахтакор" стадиони футбол бўйича Ўзбекистон Суперкубогига тайёр

Бўлимлар: СПОРТ
Теглар:
Добавлено: 23.02.2019, 11:44

Бугун «Пахтакор» стадионида футбол бўйича Ўзбекистон Суперкубоги бўлиб ўтади. Унда Суперлиганинг амалдаги чемпиони «Локомотив» жамоаси Ўзбекистон Кубоги соҳиби АГМК жамоаси билан тўқнаш келади.

Мазкур баҳс олдидан жума куни матбуот анжумани ташкил этилди. Эътиборлиси, мазкур тадбир ўзгача тарзда бўлиб ўтди. Анжуман «Самарқанд дарвоза» кўнгилочар савдо марказида ўтказилди.

Тадбирда ҳар икки жамоа бош мураббийлари, футболчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва мухлислар иштирок этишди.

Анжуманда қатнашган мураббийлар мухлисларни қизиқарли ўйин кутиб турганини алоҳида қайд этиб ўтишди.

«Бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Биз учрашувга тайёрмиз. Стадионга мухлисларни таклиф қиламиз, чунки биз айнан улар учун ўйнаймиз. Стадион тўлиб туриши футболчиларга ҳам куч бағишлайди. Умид қиламизки биз ўйинда олдимизга қўйган мақсадимизга эришамиз. ОЧЛда «Ал Насср»га қарши ўйинда ёмон ўйин кўрсатмадик. Гуруҳ босқичига чиқишни жудаям истагандик. Аммо бу футбол ва ушбу ўйин ана шундай ҳолатлар билан қизиқ. Нима бўлганда ҳам ҳаёт давом этади. Биз эртанги ўйинда бундан ҳулоса чиқарган ҳолда майдонга тушамиз ва ўз мақсадимизга эришамиз. «Локомотив»дан чўчиётганим йўқ. Учрашув осон бўлмайди», – деди АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов.

Шунингдек, тадбирда журналистлар жамоа футболчиларидан ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

«Мураббий сифатида илк маротаба бундай ўйинда қатнашаяпман. Бу мавсумнинг илк расмий учрашуви бўлади. Умид қиламанки эртага яхши ўйин бўлади. Баҳсда кучли жамоа ғалаба қозонсин. Жамоадаги ўзгаришлар? Футболда ўзгариш бўлиб туриши нормал ҳолат. Футбол бир жойда турмайди. Биз шунга қарамай олдинга интиламиз. Янги футболчилар нафақат эскиларни ўрнини эгаллашади, балки жамоамизни янада кучайтиришади», – деди «Локомотив» устози Андрей Фёдоров.

Эслатиб ўтамиз, «Локомотив» ҳамда АГМК жамоалари ўртасидаги Суперкубок ўйини бугун соат 16:00 да «Пахтакор» стадионида бошланади.

Эътиборингизга МОҚ тадбирдан олган суратларни ҳавола этамиз:

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии