Долзарб мавзулар Фото

Ўзбекистон энергетика вазирлиги ва USAID ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди

Бўлимлар: ИҚТИСОДИЁТ
Теглар:
Добавлено: 27.02.2019, 17:57

Жорий йилнинг 27 феврал куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда энергетика секторини қўллаб-қувватлаш соҳаси бўйича ҳамкорлик қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон РеспубликасиЭнергетика вазири Алишер Султонов ва USAID администратори ёрдамчиси ўринбосари Хавьер Пьедра томонидан имзоланди.

Меморандумга мувофиқ, томонлар шериклиги энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланадиган энергетикадан фойдаланиш ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиё энергетика бозоридаги иштирокига доир лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган.

Ҳозирги кунда ўта долзарб аҳамият касб этаётган «Келажак энергияси», «Энергетик алоқалар», «Марказий Осиёнинг минтақавий электр энергияси бозори» сингари ҳамкорликдаги лойиҳалар икки мамлакат ўртасида амалга оширилаётган муваффақиятли инвестициявий алоқаларнинг ёрқин намунаси бўлиб, минтақанинг яхлит электр энергияси тармоғи, ёқилғи-энергетика манбаларининг ягона бозорини яратишга хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақавий электр энергияси бозорини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимизга Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан электр энергияси импорти муваффақиятли амалга оширилаётган бўлса, юртимиздан эса Афғонистон давлатига электр энергияси экспорт қилинмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон энергия тизимларининг ҳамоҳанг фаолиятини таъминлашга қаратилган лойиҳа ниҳоясига етмоқда.

Хавьер Пьедра CAREM доирасидаги ишлар Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари, хусусан Ўзбекистоннинг ишончли ва анча арзон электр энергия манбаларидан фойдаланиши учун зарур шароитлар яратишга қаратилганини қайд этди.

– USAID томонидан зарур чора-тадбирларни жорий этиш ва мамлакатингизга инвестиция жалб этиш имконини берувчи тадбирлар ўтказиш режалаштирилмоқда. Ҳамкорликдаги фаолиятимиз давомида тоза энергия ишлаб чиқариш, иш ўринлари яратиш, шунингдек, Ўзбекистон халқи учун энергетика тизимини барқарор ривожлантириш диққат марказимизда бўлади. Бу энергияни оқилона тақсимлаш ва кўп жиҳатдан атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш имконини беради, - деди Хавьер Пьедра.

Имзоланган меморандум янги, иқтисодий жиҳатдан мақбул, интеграциялашган электр энергияси бозорини яратишда минтақанинг бешта мамлакатини қўллаб-қувватлашга қаратилган CAREM - «Марказий Осиё минтақавий электр энергияси бозори» лойиҳасини амалга ошириш йўлидаги яқин ҳамкорликнинг ибтидоси бўлади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии