Ташкент +4° Fri 13:24
Долзарб мавзулар Фото

"Садиновлар иши": махсус мактаб-интернати директори суд залидан озод қилинди ​(видео)

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар: Видео
Добавлено: 06.03.2019, 15:28

2018 йил 23 июль куни Самарқанд шаҳридаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактаб раҳбарлари ва тарбиячилар тарбияланувчиларни калтаклаб келаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур иш Бош прокуратура раҳбарияти алоҳида назоратига олиниб, шахсан Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган.

Ҳолат ўрганилганида, Самарқанд шаҳар суди ҳукмига кўра, мактаб раҳбарлари узоқ муддатга қамалган эдилар.

"Садиновлар иши" Самарқанд вилоят судида апелляция тартибида қайта кўрилди. Вилоят суди ишни узоқ ўрганиб, барча жабрланувчилар ва гувоҳлар, шунингдек, қўшимча гувоҳлар ҳам сўроқ қилинди.

Суд давомида Самарқанд шаҳар суди шошма-шошарлик билан иш кўргани, кўп камчиликларга йўл қўйгани ошкор бўлди ва 64-махсус мактаб-интернати директори Шуҳрат Садинов, тарбиячилар Ш.Очилов ва З.Салимовлар суд залидан озод қилинди.

Тўғри, вилоят суди ҳам судланувчиларни бутунлай оқламади, фақат шаҳар суди тайинлаган жазони енгиллаштириб, қамоқ жазоларини озодликдан чеклаш жазосига алмаштирди.

Шундай бўлса-да, судланувчиларнинг озод бўлишини узоқ кутган уларнинг яқинлари, қариндошлари, оила аъзолари учун жигаргўшаларининг озодликка чиқишлари байрам бўлиб кетди.

Диққатга сазовор жойи шундаки, йиғилган юзлаб инсонлар озодликка чиққан яқинлари қатори суд ишида фаол қатнашиб, бу ишни мунтазам равишда кузатиб борган журналистларни ҳам табриклашиб, уларни ҳам қарсаклар билан олқишлашди.

– Аввало, журналистларнинг ғалабаси, ОАВ ходимларининг аралашуви билангина суд адолатли қарор чиқарди, – дейишди тўпланганлар.

Бугун озодликка чиққанлар ҳам журналистларга ўзларининг миннатдорликларини билдиришди.

– Ичкарида сизларнинг ғайрат-шижоатларингизни сезиб турдик, – дейишди улар. – Биз сизлар адолатсизлик бўлишига йўл қўймасликларингизга ишондик.

Суд ишини мустақил журналистлар, “Кун.уз”, “Дарё.уз” сайтлари мухбирлари, шунингдек, “Менинг Самарқандим” телеканали, “Менинг юртим” ва “Севимли тв” телеканаллари мунтазам равишда кузатиб боришди ва суд жараёни бошидан охиригача видеотасвирга олиб борилди.

Тез кунлар ичида “Менинг Самарқандим” телеканали “Садиновлар иши” номли ҳужжатли фильмни намойиш қилишни режалаштирган.

Президентимиз судлардан одил судловларни талаб этаётгани, судлар очиқ, шаффоф тарзда ўтаётгани, журналистларга аудио, фото, видео ускуналарни ишлатишга бемалол рухсат берилаётгани ҳам судларнинг адолат билан қарор қабул қилишида муҳим роль ўйнамоқда.

Ана шундай одилона судловлар бўлар экан, халқнинг суд, ҳуқуқ тизими ходимларига, давлатга, раҳбарларимизга ишончлари ортиб бораверади.

Умид қиламизки, бундан кейин доимо адолат тантана қилади, ноҳақликлар барҳам топади.


Каримберди Тўрамурод

ЎзАдан олинди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

МУТОЛАА

17.03.2019, 19:57
14.03.2019, 13:16