Ташкент +4° Fri 13:24
Долзарб мавзулар Фото

Ёшлар нега ўз жонига қасд қилмоқда?​

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 14.03.2019, 10:01

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларида ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди. Нега? Бундан 20-30 йил аввал бундай ҳодисалар содир бўлмаганми?

Буни икки талқинда изоҳлаш мумкин: ё илгари бундай ҳодисалар ростдан ҳам кам бўлган ё бугунгидек тезкор ахборот технологиялари бўлмагани учун ўша даврларда бундай хабарлар оммалашмаган. Ҳар икки ҳолатда ҳам бу масалага асло лоқайдлик билан қараб бўлмайди. Зеро, инсоннинг ҳаётдан безиб, ўз жонига қасд қилиши битта бўлса ҳам катта ижтимоий фожиадир.

Тўғри, Наманган вилоятида ҳам суицид кўрсаткичи 2018 йилда 2017 йилга нисбатан камайган. Бироқ бундай кўнгилсиз ҳодисалар, айниқса, вояга етмаган ёшлар ўртасида тез-тез учрамоқда. Биз ушбу оғриқли масаланинг туб илдизлари, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар хусусида Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими раҳбари Муҳаммадали УБАЙДУЛЛАЕВ билан суҳбатлашдик.

– Ўз жонига қасд қилиш азалдан ҳар қандай жамият ва тузумда юз бериб келаётган воқелик. Аммо илгари асосан катта ёшлилар орасида учрайдиган бу ҳолат, кейинги пайтларда тобора “ёшариб” бораётгани кишини ташвишга солади...

– Бу хусусда психолог, педагог, шифокор, социолог, суицидолог каби турли соҳаларнинг мутахассис ва экспертларигина тўлақонли изоҳлай оладиган бир неча омилларни санаб ўтиш мумкин. Менимча, ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари илдизини, аввало, оиладан қидириш керак. Бола гўдаклик чоғида руҳий жароҳат олса, вақт ўтиб у албатта ўзининг салбий таъсирини намоён этади. Руҳий жароҳат деганда нимани тушунишимиз мумкин? Масалан, ҳаддан ташқари қаттиқ овоз ёки шовқин. Бу нафақат оилада эр-хотиннинг баланд овозда жанжаллашиши, балки мунтазам равишда телевизор ёки радиони баланд овозда қўйиш, турли шовқинли дастгоҳларни ишлатишни ҳам шундай омиллар сирасига қўшиш мумкин. Бундай ташқи таъсирлар уч ёшгача бўлган боланинг онгости қатламларида ўзига ишончсизлик, қўрқув ҳиссиёти кўринишида сақланиб қолади. Бола жисмонан ва ақлан вояга ета бошлагач, шу “жароҳат” ўзини “эслата бошлайди”. Улғайганда тўсатдан турли касалликларга чалиниб қолишига чақалоқлигида бошига олган зарба сабаб бўлгани каби оила муҳитидаги нотинчлик энди таҳлил қила олиш қобилиятига эга ўсмирни муаммонинг ечими сифатида турли кескин хатти-ҳаракатларга, жумладан, ўз жонига қасд қилишга ҳам ундаши мумкин. Бу энг оддий омиллардан биргина мисол, холос. Юқорида айтганимиздек, инсонни аффект ҳолатига солиб қўядиган сабаблар жуда кўп ва улар асосан оилада шаклланади.

– Юқори синф ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилинган ҳолатлар бўйича ўрганишлар натижаси ўсмирнинг, масалан, ўзини осишига ҳеч қандай жиддий асос йўқлигини кўрсатади. Яъни ўша ўсмир ёки қиз ўзининг хулқ-атвори, ўқишдаги ютуқлари билан мактабнинг ибратли ўқувчиларидан, оиласи ҳам маҳалладаги намунали оилалардан бўлиб чиқади. Моддий жиҳатдан ҳеч қандай камчилик йўқ, на уй, на маҳалла ва на мактабда биров билан зиддиятга бормагани айтилади. Хуллас, ўз жонига қасд қилиш сири унинг ўзи билан кетиб, бу ёқда фақат тахминлар қолади.

– Ҳа, бу энг ташвишланарли ҳол ва бунинг сабабларини ҳам бир неча умумий ва хусусий омиллар билан изоҳлаш керак бўлади. Масалан, менимча суицид ҳақидаги маълумотлар оммавий ошкор этилиши, унинг сабаб ва оқибатлари муҳокама қилинишини ҳам шундай омиллар сирасига қўшиш мумкин. Бирор ўсмирнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар интернет тармоқлари орқали бир зумда бутун дунёга тарқатилмоқда. У ўзини қаерда, қандай осгани ёки заҳарлагани тафсилоти миш-мишлар асосида қўшиб-чатиб изоҳлаб берилмоқда. “Мактабда бўладиган тадбирга онаси пул бермагани учун...”, “Отаси компьютер ёки қўл телефони олиб бермагани сабабли...”, тенгдошларининг “У сенинг онанг эмас, онанг сизларни ташлаб бошқаси билан кетиб қолган”, деб кўпчилик орасида маломат қилингани учун каби кўплаб сабаб ва тахминлар “урчитилмоқда”.

Бунга асосан шов-шув кўтариш, ўқувчини кўпайтириш воситасида даромад топишни мақсад қилган ижтимоий тармоқлар, сайтларнинг “муносиб ҳисса қўшаётгани”ни асло инкор этиб бўлмайди. Мотив, тафсилот, “қўлланма” сифатидаги бундай маълумотларга эга, ақлдан кўра ҳиссиётга эрк беришга мойил айрим ёшлар мақсадига эришиш учун оқибати ўлим билан тугашини ҳисобга олмай ота-онасини бир “қўрқитиб” қўймоқчи бўлади. Оиладаги оғир муҳит, ота-онасининг ўзаро муносабати, оила аъзолари ёки атрофидагиларнинг ўзига нисбатан таҳқирловчи, жоҳилона, зулмкор муносабати замирида юзага келган тушкун вазиятдан чиқиб кетишнинг энг қулай ечимини ўз жонига қасд қилишда кўради.

Ёки интернет тармоғидаги, қўл телефони, компьютерда ўйналадиган турли ўйинлар, телевидение орқали намойиш этилаётган айрим фильмлар ҳам ахборот хуружининг бир йўналиши сифатида кенг тарқалганки, уларнинг инсон руҳиятига, айниқса, ҳали шахс сифатида тўлиқ шаклланиб улгурмаган, мустақил фикрига эга бўлмаган ёшлар онгига салбий таъсири суицид ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Жангарилик, қотиллик, охир замон, турли табиий фалокатлар, жамиятдаги бошқа кўплаб салбий ҳолатлар мавзусидаги фильмларни мунтазам кўрадиган бола келажакка ишончини йўқотиб боради ва унинг миясида шундай ҳолатларни бошдан кечирмаслик учун чора излаш бўйича психологик жараёнлар уйғона бошлайди.

Буни бир мисолда кўриш мумкин: агар бугун бир гуруҳ ўқувчини тўплаб расм чизиш бўйича танлов ўтказсангиз ёки шундай топшириқ берсангиз уларнинг аксарияти жангари фильм қаҳрамонлари, одам савдоси, гиёҳвандлик, ёнғин, ўргимчак тўри элементлари мавжуд суратлар чизиб, ёрқин ранглардан фойдаланмаяпти. Бу уларнинг онгида эзгуликдан кўра ёвузлик ҳақидаги ахборотлар устунлик қилаётгани, жамият ва табиат салбий ҳодисалари олдида ўзига нисбатан қўрқув ва келажакка умидсизлик шаклланаётганидан далолат беради. Бу бизнинг уч босқичли – 0-3, 3-7, 7-18 ёшли таълим-тарбия тизимида болада иммунитетни шакллантириш борасида йўл қўяётган хатоларимиз борлигини кўрсатади. Энг аянчлиси, ҳатто 8-10 ёшли болалар ўз жонига қасд қилган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Ваҳоланки, бу ёшда бола ўлим ҳақида нимани билади, ҳаёт ҳақида-чи? Ҳали ҳаёт, ўлим ҳақида аниқ бир тасаввур ҳам, фикр ҳам бўлмайди-ку, бу ёшда!?

Яна бир омил, ота-она фарзандини моддий томондан бекаму-кўст таъминлаб қўйиши, чиройли кийинтириши, телефон, компьютер олиб бериши, чўнтагига катта-катта пул солиб қўйиши мумкин ва ҳоказо. Лекин буларнинг бирортаси болага бериш керак бўлган ҳақиқий меҳр ва ажратилиши керак бўлган вақтнинг ўрнини боса олмайди. Бола билан уч ёшгача подшоҳ, ўн ёшгача қул, ўн ёшдан кейин дўст сифатида муносабатда бўлиш керак, деган гап бор. Аксарият ҳолларда фарзанди орзу қилган барча шароитларни муҳайё қилган ота-она боласининг айни дамдаги ўй-хаёли, режаси, муаммоси ҳақида у билан бир кунда ярим соатгина самимий суҳбатлашишни ортиқча деб билади. Ўз уйида топа олмаган эътиборни бола кўчадан, бегоналардан топиши ҳам қийин бўлади. Оилада ва жамиятда ёлғизланиб қолган ўсмирда ҳаётда ўз ўрни борлигини кўрсатиб қўйиш истаги туғилади, онгида ҳаёт зиддиятларига қарши кураш бошланади ва бу кураш жараёни болада асабийлик, руҳий зўриқиш ҳолатларини ривожлантириб, аффект ҳолатигача олиб боради ҳамда, афсуски, айрим ҳолларда бу ўз жонига қасд қилиш билан тугайди.

Яна бир омил – боланинг атроф-муҳит билан боғлиқ экани. Боланинг ташқи кўриниши, кийиниши, ўзини тутишига ёндашувда ажратиб кўрсатиш, табақалаш натижасида унда дивиант хулқ-атвор ҳосил бўлади. Дивиант хулқ-атвор ўзи нима? Бу жамиятда умумэътироф этилган қоидаларга зид хатти-ҳаракатларни амалга оширишдир. Мисол учун, мактаб ва коллежларда ўқувчиларни тенглаштириш мақсадида ўқувчи формаси деган масала бор. Бу масала бизда ҳали тўлиқ тартибга солинган, дея олмаймиз. Бугунги кунда таълим муассасасига ўқувчи ўз танловига кўра, бири жинси шим, бошқаси кроссовка кийиб бораяпти ва бу ерда болага биринчи эркинлик бериб, дивиант хулқ-атворга ўтиш йўлидаги дастлабки қадамга рухсат бериляпти. Ўқувчи, “демак шундай қилсам бўлаверар экан”, деган хулосада иккинчи умумэътироф этилган қоидани бузади. Учинчисидан кейин эса унга танбеҳ бериш, чеклаш каби чоралар кўрилади. Эркинликка ўрганиб қолган ўқувчи буни ҳуқуқ ва эркига тажовуз қилиш, деб ўйлайди. Айниқса, кўпчилик орасида муҳокама қилиш, шахсиятига тегиш унга оғир ботади. Демак, кўп муҳокамага сабаб бўлаётган соқол, калта юбка ва бошқалар тўғрисида болада дивиант хулқ-атвор пайдо бўлмасдан олдин тушунтириш ишлари олиб бориш зарур. Биз эса дивиант хулқ-атвор энг юқори даражасига етганда ёшларга тазйиқ ўтказишни бошлаймиз. Бу – бизнинг тарбиядаги катта хатомиз бўлади.

– Бундай хатоларни тузатиш учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайсиз?

– Бизда педагог ва психологларга суицидология фанини ўқитиш тизими яхши йўлга қўйилмаган. Тўғри, бу фан психологларга қисман ўқитилади, лекин педагоглар ҳам маълум маънода психолог бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан, ривожланган давлатларда чуқур ўқитиладиган суицидология фанини бизнинг педагог ва психологлар тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасаларида ҳам қатъий ўқитиш, малака ошириш, қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш керак. Зеро, қўлимизда суицидга қарши курашиш учун қурол бўлиши лозим. Шунингдек, ота-оналар учун ҳам бу масалада қандайдир билим бериш йўлларини ўйлаб кўриш керак.

Боланинг кун тартибидаги бир хилликни йўқотиш зарур. Неврастения касаллигига сабаб бўладиган бир хиллик тиббий нуқтаи назардан болада тушкунлик ҳолатини келтириб чиқаради ва бу ҳам ўз жонига қасд қилишгача олиб бориши мумкин. Баъзан фарзандимизнинг яхши келажагини таъминлаш мақсадида уни мажбурий равишда турли машғулотларга чамбарчас боғлаб ташлаймиз. У эрталаб мактабга, дарсдан кейин спорт секциясига, кейин тил ўрганиш марказига боради, уйда ярим тунгача уйга берилган вазифаларни бажариши керак. Йил бўйи давом этадиган бундай бир хиллилик, боз устига зўриқиш болани зериктириши ва бездириб қўйиши мумкин. Болада янгиликларни қабул қилиш даражаси пасайиб, тушкунлик кайфиятига берилиб кетади ва унда бу ҳолатдан чиқиш учун “шундай қил”, деган ички овоз пайдо бўла бошлайди.

Бундан ташқари, бугун кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган ўзини осиш, заҳар ичиш каби очиқ саҳналар кўрсатилаётган телесериаллар, миллий менталитетимизга ёт турли реклама роликлари, клиплар каби оммавий тарғибот воситалари орқали тарқатилаётган маҳсулотларнинг мазмун-моҳияти, ғоявий-бадиий қиймати, уларнинг онгга таъсири даражасини аниқ билмай туриб оммалаштирмаслик чораларини кўриш керак. Ғарб давлатларида бундай масалалар билан илмий муассасалар, лабораториялар, марказлар шуғулланади.

Хулоса қилиб айтганда, суицид – ижтимоий касаллик, уни даволаш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси, оила, мактаб, маҳалла, таълим муассасаси, давлат ва жамоат ташкилотларининг уйғунликдаги фаолияти концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш лозим.

ЎзА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

МУТОЛАА

17.03.2019, 19:57
14.03.2019, 13:16