Ташкент +4° Tue 16:45
Долзарб мавзулар Фото

Темур ва темурийлар даврига оид асарлар, манба ва маълумотлар битмас-туганмас хазинага ўхшайди (фоторепортаж)

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 11.04.2019, 10:59

2019 йил 10 апрель куни Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 683 йиллиги ҳамда Франциядаги Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганиш ассоциациясининг 30 йиллигига бағишлаб, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ҳамда Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш Ассоциацияси ҳамкорликда “Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан ва маданият” мавзусида Халқаро илмий-амалий конференциясини ўтказди.

Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси томонидан ташкил этилаётган мазкур халқаро илмий-амалий конференция дастуридан Ўзбекистоннинг таниқли олимлари маърузалари билан бир қаторда хорижий давлатлардан (Франция, Буюк Британия, Испания ва бошқ.) ташриф буюрган темуршунос олимларнинг маърузалари ўрин олган.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили Францияга ташрифи давомида менга "Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси" деган шарафли унвон берилганидан ғоят миннатдорман, – дейди Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Ф.Брессанд. – Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даври қанчадан-қанча йирик ва кўплаб тадқиқотларга арзийди. Бу бевосита Темур ҳазратларининг шахсияти, фаолияти, унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни билан боғлиқдир. Бу борада ўзбек олимлари билан ҳамкорликда бир қатор изланишлар олиб бормоқдамиз. Ассоциация таркибидаги олимларнинг юртингизга ташрифи доирасида кўплаб учрашувлар, анжуманлар, мулоқотлар, спектакль намойишлари ўтказилади. Биз Ўзбекистондек муқаддас диёрга келганимиздан ғоят бахтиёрмиз.

– Гарчи тарихчи бўлмасам-да Мирзо Улуғбек, яна ҳам аниқроғи, Муҳаммад Тарағай ибн Шоҳрух ибн Темур Улуғбек Кўрагоннинг илмий мероси бўйича китоб ёзишга муваффақ бўлдим, – дейди астроном олим Жан Пьер Люменет. – Бунда Улуғбекнинг тарих, санъат, адабиёт, хаттотлик, астрономия, математика фанларининг билимдони бўлганига асосий эътиборни қаратишга интилдим. Улуғбек тадқиқотларидаги ғоят пухта, аниқ маълумотлар ҳануз кишини ҳайратга солади. Унинг мероси кўплаб изланишлар учун замин бўлиб хизмат қилмоқда. Мероси бутун дунёда ўрганилмоқда.

– Темур ва темурийлар даврига оид асарлар, манба ва маълумотлар битмас-туганмас хазинага ўхшайди, – дейди ассоциация котиби Лоренцо Дулаге. – Ўзбекистонда миллий меросни ўрганишга давлат миқёсида эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ. Биз ўз фаолиятимиз давомида Амир Темур ва темурийлар даврига оид тадқиқотларни янада кўпроқ олиб бориш, бу йўналишда ҳамкорликдаги лойиҳаларни ҳаётга жорий этишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Шунингдек, музейда “Темурийлар даври рассомлар нигоҳида” мавзуидаги тасвирий санъат асарлари кўргазмаси очилди. Ушбу кўргазмада тасвирий санъатнинг турли жанрларида яратилган асарлар намойишга қўйилган. Тадбир якунида меҳмонларга Темурийлар тарихи давлат музейининг эсдалик совғалари топширилди. Анжуман иштирокчилари “Темурийлар даври рассомлар нигоҳида” мавзуидаги кўргазма ҳамда музей экспозицияси билан яқиндан танишдилар.


Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии