Ташкент +4° Tue 16:45
Долзарб мавзулар Фото

Тошкент вилоятидаги бетакрор гўшалар сайёҳларга мунтазир

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 16.04.2019, 15:32

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан уюштирилган навбатдаги медиа-тур Тошкент вилоятининг янги сайёҳлик объектлари тарғиботига бағишланди. Маълумки, вилоят ўзининг соғломлаштирувчи масканлари, зиёратгоҳлари, бошқа вилоятлардан ажралиб турувчи тоғли иқлими, экстемал туризм, альпинизм, экотуризм каби йўналишлари билан диққатга сазовор. ОАВ вакиллари, аввало, Зангиота зиёратгоҳида бўлиб, мақбара тарихига қизиқдилар. Мажмуа ходимлари уларнинг саволларига батафсил жавоб беришди.

ШОҲ ҚИЗИ ЗАНГИ ОТАГА ЧЎРИ БЎЛГАНМИ?

– Занги отанинг асл исми Ойхўжа, қорача бўлгани учун уни “Занги ота” деб чақиришган, – дейди мажмуа диний ходими Файзиаҳмад Мелибоев. – У 25 ёшида Хоразм шоҳининг 40 ёшли қизи Анбар онага уйланган. Анбар онанинг биринчи турмуши Сулаймон ота (Ҳаким ота) Занги отанинг устози бўлган. Анбар она биринчи турмушидан 3 нафар ўғил кўрган. Ҳаким ота ёш вафот этган. Ўлимидан олдин ўғилларига: “Болаларим, вафотимдан кейин мени таъзиямга 40 нафар авлиё келади. Улар ичида бўйи баланд, қорача, қўлида асоси бор авлиёга онангизни никоҳлаб беринглар”, – дейди. Шу тариқа Анбар она Занги отага узатилади. Ривоятларга қараганда Занги ота ва Анбар она турмушидан фарзанд бўлмаган. Авлиё ота таҳминан 86 ёш умр кўрган. У чўпонлик қилиб, бутун умрини тасаввуф илми, нақшбандия ва яссавия тариқатини ўрганишга бағишлаган.

Анбар она шоҳ қизи бўлишига қарамай, қолган умрида авлиёнинг хизматини қилиб, дуосини олган. Занги ота вафот этгач ўз чиллахонаси (қавмлари кўмилган жой)га, Анбар она ва унинг қайнонаси (биринчи турмушидаги қайнонаси Анбар она билан умрининг охиригача яшаган) ўз ҳовлисига дафн этилган. Орадан 100 йил ўтгандан кейин соҳибқирон Амир Темур бошчилигида мақбара қурилиб, бу ерлар табаррук қадамжога айлантирилган. Мирзо Улуғбек даврида мақбара қурилиши давом эттирилган.

2013-2014 йилларда объект қайта таъмирланиб, эски 350 ўринлик хонақоҳ ўрнига 750 ўринлик масжид қурилди. Унинг атрофида кўпгина объектлар, таҳоратхона, ҳовуз, фаввора, сўлим боғлар барпо этилди. Ҳозир бу ерга жуда кўп сайёҳлар, зиёратчилар ташриф буюрмоқда.

ФАХРИЙ ПРОФЕССОР БОҒИДАГИ АЖИБ АРЧАЛАР

Яна бир диққатимизни жалб қилган манзил Паркент туманидаги Аминжон Муҳаммаджонов хусусий корхонасидаги кўчатчилик хўжалиги бўлди. Бу ерда ноёб ўсимликлар парвариш қилинади. Айниқса ўзига хос шакл берилган манзарали арча дарахларини кўриб, боғбоннинг маҳоратига қойил қолдик. Уларни етмиш беш ёшли Аминжон Ҳожи бобо ўз қўллари билан шундай санъат асари даражасига етказган. Бобонинг кўчат экиш ва дарахтга шакл бериш ишлари билан шуғулланаётганига кўп вақт бўлган. Ўзининг айтишича отаси ўн етти ёшлигидан унга боғдорчилик илмини ўргатган ва ўшандан буён қалбида ўсимликларга қизиқиш уйғонган экан.

Кенг майдонларга экилган ноёб дарахт кўчатлари дунёнинг турли минтақаларидан олиб келинган. Отахоннинг айтишича “можжевильник” деб аталувчи арча турига ишлов бериб, кўзланган шаклга келтириш мумкин. Аммо дарахтнинг шохларини вақтида кесиб, беш-олти йил кутиш керак бўлади. Боғдаги ўсимликларга фақат табиий ўғит берилади. Аминжон отанинг беш нафар фарзанди, икки келини ҳамда ўн етти невараси унга боғ парваришида ёрдамлашади. Баъзан хашарчиларни ҳам чақириб туришади.

–Бизнинг ерларимизга чўпни тиқиб парвариш қилсангиз ҳам тутиб кетади, –дейди отахон. –Ўсимлик дунёси бизга бошпана, эгнимизга кийим, истеъмол қилишга озиқ-овқат бўлади. Манзарали дарахтлар эса кўзни қувонтиради, атроф-муҳитни кислород билан таъминлайди. Шунинг учун қанча кўп дарахт эксак шунча кўп фойда кўрамиз.

Кузатган бўлсангиз, айрим туманларда, ҳатто Тошкент шаҳрининг қоқ марказида экилган баъзи арчалар ҳам сарғайиб кетганининг гувоҳи бўламиз. Отахоннинг хўжалигидагилар эса ям-яшил бўлиб турибди. Унинг айтишича арчалар бизнинг иссиғимизга мослашмаган, шунинг учун уларга махсус кимёвий ўғит бериш керак экан. Шу дорини бермаса сарғайиб кетавераркан. “Қари билганни пари билмас” деб бекорга айтишмайди. Ёши улуғлар бизга улуғ устоз, уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати ибрат, тажриба мактабидир. Вилоят ҳокимлиги вакилининг айтишича давлатимиз раҳбари отахоннинг экобоғида чиройли арчаларни кўрганда: “Мана, бўларкан-у!” дея хитоб қилган экан. Президент тавсияси билан отахонга Аграр университет фахрий профессори унвони берилган. Унинг экобоғи агротуризм сайёҳлик йўналишида қизиқарли объект ҳисобланади. Ҳозирда агротуризмга қизиқувчилар бу ерга тез-тез келиб туришибди. Отахоннинг бетакрор арча навларини яқин ҳамдўстлик мамлакатларидан ҳам келиб сотиб олишмоқда. Аграр университет талабалари ҳам доимий равишда келиб, мазкур хўжаликда бобога ёрдамлашиб, тажриба ўрганиб кетишади. Уларга Аминжон Ҳожи бобо боғдорчилик ҳамда ўрмончилик сир-асрорларини ўргатмоқда.

ТОҒ БАҒРИДАГИ МЕҲМОНХОНА

Бўстонлиқ туманидаги сервиқаор тоғлар бағрида «Turon resort» номли замонавий дам олиш маскани – беш юлдузли меҳмонхона мажмуаси қурилмоқда. Лойиҳа раҳбари Абдурасул Абдуҳалиловнинг айтишича бу мамлакатдаги энг чиройли меҳмонхона комплекси бўлади. Унинг лойиҳаси жуда ажойиб: шаффоф шиша деворлар орқали қорли тоғлар ўз жамолини кўз-кўз қилади. Бир ёнда шарқираб оқаётган сой, бир ёнда арчазорлар, бир ёнда эндигина гуллаган олча дарахтлари... Ушбу туристик объект испаниялик мутахассислар лойиҳаси асосида ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан барпо этилмоқда.
У 76 та номердан иборат бўлиб, ҳовлисида йигирмадан ортиқ вилла, спа-салон ҳамда бассейнлар, “горка”, спорт заллар, стадион, ресторан, хуллас барча шароитлар муҳайё қилинади. Меҳмонхонанинг биринчи блоки шу йил июнь ойида сайёҳлик мавсуми очилиши билан ишга туширилади. Кузнинг илк ойида эса тўлиқ фойдаланишга топширилади.

Журналистлар меҳмонхонанинг қурилиш жараёнларини тарихга мухрловчи фотосуратларни олишга шошилишди. Тележурналистлар эса заҳматкаш қурувчилар билан меҳмонхона томида суҳбат қуришди. Бу лавҳалар бир неча йилдан кейин тарих саҳифаларида шонли бунёдкорлик жабҳаларидан ажойиб хотира бўлиб қолади. Меҳмонхона битгач, ҳамма уни қурган усталарга раҳмат айтади. Тасаввур қилинг, бу фидойи инсонлар шундай тоғли мураккаб шароитларда меҳнат қилишмоқда. Жарга яқин қияликда ўтнатилган кўтарма кран ғилдираклари остига ғишт териб мувозанатга келтириш, унда оғир бетон плиталарни даст кўтариб, мураккаб лойиҳа талаби даражасида иш бажариш... буларнинг ҳаммаси айтишга осон. Кўз олдингизга Миср пирамидаларининг қурилиш жараёнларини келтиринг. Ҳозир тоғ бағрида меҳнат қилаётган қурувчиларнинг машаққати пирамидаларникидан кам эмас. Баракалла азаматлар, ҳали бу муҳташам меҳмонхона битганда бор заҳматлар унут бўлиб кетади. Шундай катта иншоотни шундай қисқа муддатда барпо этишни кўзлашган. Забардаст усталарга шонли меҳнат жабҳасида соғлик, куч-қувват тилаймиз!

ЁПИҚ ОБЪЕКТ ЭНДИ БАРЧАГА ОЧИҚ

Ҳайратимизга сабаб бўлган яна бир объект – Паркент туманидаги “Физика – қуёш” илмий-ишлаб чиқариш институти. Бу автомат бошқарув тизимига эга мураккаб оптик-механик комплексдир.

Институт академиклар С.Азимов ва И. Каримов раҳбарлигида 1987 йилда қуриб ишга туширилган. Бундай иншоот дунёда иккита бўлиб, Францияда ва Ўзбекистонда мавжуд. Жаҳондаги бошқа қурилмаларнинг қуввати ва энергия зичлиги жуда паст. Бир неча йил олдин бу стратегик объект ёпиқ ҳисобланган. Ҳозир мазкур ҳудудда илмий туризм йўналиши ривожлантирилмоқда. Объект ҳамма учун очиқ бўлиб, туристлар, талабалар, ички сайёҳлар бемалол келиб, томоша қилишлари, ўрганишлари мумкин. Иншоотнинг баландлиги ердан шаффоф кўприккача 68 метр. Денгиз сатҳидан эса 1100 метр юксакда жойлашган.

Тошкент вилоятининг сайёҳлик салоҳияти жуда кенг. Айниқса баҳаво тоғлар бағрида бизни ўзига тортувчи минг йиллик сирлар яширин. Дунёда мегаполислар сони ортгани сайин ёввойи табиат инсонни ўз бағрига оҳанрабодай чорлайверади. Бугунги кунда жадал суръатда бунёд этилаётган дам олиш масканлари ишга тушса халқимизга кўплаб иш ўринлари яратилади, дам олувчиларга замонавий қулайликлар тақдим этилади. Тошкент вилояти туристик жозибадорликда ўзгача қиёфада бўй кўрсатишига саноқли кеча-кундузлар қолди.

Манзура БЕКЖОНОВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии