Долзарб мавзулар Фото

Гиннес жаҳон рекордлари “Ўзбекистон”да

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 18.04.2019, 15:59

1950 йилда Guinness компаниясининг раҳбари сэр Хью Бивернинг миясига турли жаҳон рекордлари акс этган китобни нашр эттириш фикри келади. Мана 60 йилдирки, ушбу китоб қаҳрамонларининг ютуқ ва муваффақиятлари миллионлаб инсонларни ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этмоқда.

Дунёга машҳур “The Guinness Book of Records” китобининг илк нашри 1955 йил 27 августда дунё юзини кўрди. Даставвал реклама маҳсулоти сифатида чиқарилган китоб бир зумда бутун мамлакат бўйлаб оммавий тарзда ёйила бошлади. Бир йил ўтиб у АҚШда нашр қилинди, бугунги кунга келиб эса китоб 100данортиқ давлатда 20 тилда босиб чиқарилмоқда. 1999 йилдан бошлаб китоб номи расмий равишда “Guinness. World Records” деб юритила бошлади, сабаби – ушбу лойиҳа энди нафақат китоб, балки телешоу, музей, веб-сайтлар, рақамли каналлар, электрон китобларни ўзида жамлай бошлади. У эндиликда, ҳаттоки тўғридан-тўғри эфирга узатилувчи шоуга ҳам айланди.

Бугунги кунда “Guinness. World Records” йилига тахминан 50 000 талабгорнинг ишларини кўриб чиқади ва ўз ҳакамларини океан тубидан тортиб дунёнинг энг баланд биноси бўлган Бурж-халифагача жўнатади. Ҳозирда ташкилот Лондонда ўзининг таҳририятига эга, шунингдек, Нью- Йорк (АҚШ), Токио (Япония), Пекин (Хитой) ва Дубай (БАА)даги офисларда ҳам ваколатхоналари мавжуд.

Юзлаб янги ютуқлар, ақл бовар қилмас имкониятга эга инсонлар, кун сайин янгиланиб бораётган рекордлар ва албатта, кўплаб ҳайратомуз суратлар жамланган “Гиннес. Жаҳон рекордлари” китоби юртимиздаги энг нуфузли нашриёт “Ўзбекистон” НМИУ томонидан илк бор ўзбек тилида чоп этилди. Ушбу нашрни варақлай туриб, сиз китоб устида ишлаган инсонларнинг давр талабига ҳамоҳанг тарзда дунёда содир бўлаётган янги воқеа-ҳодисалардан бохабар бўлиб бораётганига ва ушбу ўзгаришларни ёрқин суратларда ифодалашга ҳаракат қилаётганига амин бўласиз. Маълум йўналишга оид бўлган рекордларни топишда ўқувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида улар алоҳида бўлимларга ажратилган. Китобда “Дунёдаги энг узун лағмон”, “Мўйқаламда ишланган энг катта сурат”, “Паҳлавон аёл”, “Кучли сочлар эгаси”, “Фидойи ўқитувчи” каби йўналишлар бўйича ҳамюртларимиз томонидан ўрнатилган кўплаб қизиқарли жаҳон рекордлари ҳам ўрин олган бўлиб, бу Сизни беэътибор қолдирмаслиги шубҳасиз. Ишонамизки, 60 йиллик тарихга эга ва дунёдаги энг кўп сотилувчи китоблар қаторидан муқим ўрин эгаллаб келаётган рекордлар жамланмаси сизга олам-олам завқ бағишлайди.

“Ўзбекистон” НМИУ матбуот хизмати

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии