Ташкент +4° Fri 14:01
Долзарб мавзулар Фото

Ўзбекистон делегацияси 72-Канн халқаро кинофестивалига жўнаб кетади

Бўлимлар: МАДАНИЯТ
Теглар:
Добавлено: 10.05.2019, 19:31

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Кинематографияни ривожлантириш маркази, ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгаши томонидан жорий йилнинг 14-25 май кунлари 72-Канн халқаро кинофестивали доирасидаги “Marché Du Film” кино тадбирида иккинчи бор “Ўзбекистон миллий павильони” ташкил қилинади.

Халқаро фестивал олдидан Кинематографияни ривожлантириш марказида 72-Канн халқаро кинофестивалида Ўзбекистон павилонининг ташкил этилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Кинематографияни ривожлантириш маркази, тажрибали киноижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Улар кино йўналишида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг Халқаро фестивалда иштирокининг аҳамияти ҳамда келгусида эришиши кутилаётган ютуқлар ҳақида фикр билдиришди.

Шунингдек, Павилон қатнашчилари “PROlogue V” халқаро кинофестивалининг тақдимотини ўтказиш ва унга хорижлик киноижодкорларни таклиф этиш, чет эл кинокомпанияларини юртимиз кинолокацияларида фильмлар суръатга олиш учун жалб қилишни режалаштирганини таъкидлашди. Маҳаллий кинематография вакиллари иштирокида қўшма кинолойиҳалар яратиш ҳамда Ўзбекистонда кинотуризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган музокаралар олиб борилиши ҳақида атрофлича маълумот берилди.

—Халқаро Канн кинофестивали кино бўйича энг нуфузли фестиваллардан ҳисобланиб, ундаги кинобозорда ҳар бир мамлакат ўз павилонини ташкил этиб, соҳадаги салоҳиятини намойиш этади. Фестивал мамлакатимизга кинотуризм салоҳиятини намойиш этиш ва уни фильм олиш учун қулай ва оптимал локация сифатида тарғиб қилиш ҳамда таниқли кинокомпанияларни юртимизга ўз фильмларини суратга олиш учун таклиф қилиш имкониятини яратади, – дейди Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Ойбек Абдушукуров.

72-Халқаро Канн фестивалида Юртимиз павилони қурилиши халқаро майдонда мамлакат имижини ошириш, келажакда республикамизнинг истеъдодли киноижодкорларини дунё миқёсида танитиш, Ўзбекистон кино санъатига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш ҳамда давлатимизнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон миллий павильони Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Кинематографияни ривожлантириш маркази, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ҳамда Ўзбекистоннинг Франци ядаги элчихонаси томонидан ташкил қилинмоқда.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии