Ташкент +4° Wed 13:37
Долзарб мавзулар Фото

​Сервер Жепаров "Металлург" билан соврин ютишига ишонмоқда

Бўлимлар: СПОРТ
Теглар:
Добавлено: 19.05.2019, 12:56

Вақт олий ҳакам деганларидек, ҳамма нарса ўз вақти соати билан ортда қолаверади. Кечагина ўзбек футболида ҳақиқий юлдуз бўлиб порлаган Сервер Жепаров бугунги кунга келиб фаолиятининг сўнгги йилларини ўтказаётганлиги катта эҳтимол. Боиси Осиёнинг икки карра энг яхши футолчиси бўлган ҳамюртимиз 37 ёшниқаршиламоқда.

У ҳақида кўп ва хўп гапиришимиз мумкин, чунки у бунга арзийди. Жепаров ҳақидаги ҳар қандай хабар ёки суҳбат мухлисларни бефарқ қолдирмаслигига ҳам ишонамиз. Зеро, Сервер ўз ўйинлари билан барчани ўзига ром қила олган футболчидир. Унинг жорий мавсумда яна Ўзбекистон чемпионатига қайтгани ва айниқса, Бекободнинг «Металлург» жамоасига ўтганлиги етарлича шов-шув кўтара олди деб ўйлаймиз. Легионер сифатида ўйнаб ҳам совринларга эга чиққан ва бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлган Жепаровнинг жорий йилда «Пахтакор» ёки «Локомотив»да эмас, балки ҳеч ким кутмаганда «Металлург» учун тўп суришга рози бўлганлигидан кейин кўпчилик унинг фаолияти якунига етиб бораётгани борасида тахминларга боришмоқда. Аммо бекободликлар бундай юқори даражадаги ўйинчини қўлга киритиб катта бонусга эга бўлдилар.

Энди «Металлург»даги футболчилар ўзлари учун Жепаровдан ўрнак олишмоқда. Қолаверса, Сервернинг ушбу жамоа аъзосига айлангани «Металлург»нинг мавқеига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётгани ҳам аниқ. Куни кеча Жепаров билан бир қатор масалаларда суҳбатлашдик. Ўзаро мулоқот давомида «Металлург»га ўтганининг сабаби, ўзи ҳақида, кейинги тақдири ва яна бошқа қизиқарли мавзулар ҳақида гап борди. Дарвоқе, у билан суҳбатни уюштиришда яқиндан ёрдам бергани учун клуб матбуот хизматига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

- Сервер, аввало биз билан суҳбатлашишга ва мухлисларни қизиқтирган саволларига жавоб беришга рози бўлганлигингиз учун сизга миннатдорчилик билдирамиз. Дастлабки саволимиз, қандай қилиб “Металлург” жамоаси аъзосига айланиб қолдингиз? Бекобод жамоаси билан шартнома имзолашингизда бош мураббий Андрей Шипиловнинг роли катта деб эшитганмиз, бу қанчалик тўғри? Жамоага унинг учун ўтдингизми?

- Менинг тақдирим билан қизиқаётган мухлисларга мен ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Фурсатдан фойдаланиб бутун юртдошларимизни улуғ Рамазон ойи билан қутлайман. Барча эзгу ниятлари амалга ошишларини тилаб қоламан. “Металлург” жамоасига ўтишим масаласига келадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам менинг ушбу клубга ўтишимда Андрей Сергеевич Шипилов сабабчи бўлди. Менинг хориждан ватанимизга қайтаётганлигимни эшитиб, биринчилардан бўлиб таклиф билан алоқага чиқди. Мен эса бу чорловга йўқ демадим. Сабаби Андрей Сергеевични олдиндан яхши танирдим, бирга ишлаганмиз. Қолаверса, инсон чақирилган ва таклиф этилган жойга бориши керак, деб ўйлайман.

- Сиз икки марта Осиёда йилнинг энг яхши футболчиси бўлгансиз. Ном жиҳатдан қарайдиган бўлсак, Жепаровнинг “Металлург”га ўтиши клуб имиджини кўтармоқда. Баъзилар бундай савиядаги ўйинчига “Металлург” унчалик мос жамоа эмас деб гапиришяпти. Бунга қандай қарайсиз?

- Вақт бир жойда тўхтаб турмайди. Замон ўзгаряпти. Табиийки, клубларда ҳам ислоҳотлар амалга ошаётганини барча кўриб турибди. “Металлург” ҳам бундан мустасно эмас. Бекобод жамоаси ҳам ўз олдига юксак мақсадларни қўйган коллектив. Бундай вазифани бажариш учун шунга мос ўйинчилар керак. Бир пайтлар “Қурувчи-Бунёдкор”ни ҳам ҳеч ким билмасди. Эндиликда эса бутун дунё танийди.

- Сизнинг “Металлург” жамоасига ўтишингиз футболимизда ўзига хос воқеилик ҳам бўлди. Буни шов-шувли трансферлардан бири бўлди десак қандай қарайсиз?

- Мен учун эса одатдагидек, юқори мақсадларни кўзлаган, катта имкониятларга эга клубга трансфер бўлди, деб ўйлайман.

Жепаров Сервер

- Кейинги пайтларда сизни майдонда кам кўряпмиз, нима сабаб?

- Афсуски, Самарқандда “Динамо”га қарши учрашувда жароҳат олдим. Айни пайтда ушбу жароҳат бўйича даволанишдаман.

- Ҳозир аҳволингиз қандай? Тикланиш жараёни қандай кетяпти?

- Кўз тегмасин ҳаммаси режадагидек кетяпти. Жароҳат асоратларидан қутулиш арафасидаман. Жамоа шифокори билан тикланиш жараёнида меҳнат қиляпмиз. Тез орада сафга қайтиш умидидаман.

- Йиллар ўз сўзини айтади деган ибора мавжуд. Яъни, ёшингиз ҳам ўтиб боряпти. Сиз ўзингизда буни сезяпсизми?

- Албатта бундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Йиллар давомидаги тинимсиз меҳнат, юклама, машғулот, оғир ўйинлар танани чарчатади. Шу боисдан ҳам доимо тўғри ишлаш, организмни вақтида қўллаб-қувватлаб туриш керак. Лекин менинг ҳали жамоадошларимга ёрдамим тегади деб ўйлайман.

- Анча йиллар легионер сифатида тўп суриб, Ўзбекистон чемпионатига қайтган футболчи сифатида айтинг-чи, футболимизда ўзгаришларни ҳис этяпсизми? Суперлига сизга ёқяптими?

- Кўп мамлакатларда ўйнадим. Албатта, уларнинг футболи билан бизнинг футболимизни қиёслаш имконияти бор, менда. Ўзгаришлар яққол кўриниб турибди. Аммо буни икки оғиз сўз билан тушунтириб бериш қийин. Шуниси аниқки, бизнинг футбол ҳам бир жойда тўхтаб қолгани йўқ, олдинга ривожланиш кузатиляпти.

- Ўз таркибида Сервер Жепаров каби футболчиси бор жамоани биз асосан совринли ўринлар учун курашишга одатланганмиз. Ҳозир эса “Металлург”дасиз. Шундай экан, бу жамоа билан ҳам қанақадир совринларни ютишингизни кўрамизми?

- Мавсумни ёмон бошламадик. Ҳали олдинда жуда кўп учрашувлар турибди. Мусобақаларимиз сони ҳам ошмоқда. Демак шунга яраша қандайдир совринни қўлга киритиш имкониятлари ҳам бор. Насиб бўлса, “Металлург” ҳам бирор бир унвонга эришади, деб умид қиламан.

- Сизни Эроннинг “Истиқлол” жамоаси билан ўртангизда муаммоли вазият бор деб эшитгандик. Эндиликда ҳаммаси ҳал бўлдими?

- Ҳали ҳал бўлгани йўқ, эронликлар билан бир тўхтамга кела олмаяпмиз. Энди шартнома бандида кўрсатилганидек, муаммо юзасидан ФИФАга мурожаат қиламан шекилли...

Жепаров Сервер2

- Бу мавсум сизнинг футболчилик фаолиятингиздаги охирги мавсум бўлиши мумкинми?

- Фол очишни ёқтирмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

- “Металлург”да тажрибали, шунингдек умидли ўйинчилар анчагина. Сизга кўпроқ қайси жамоадошингизнинг ўйини манзур келяпти?

- Айтиб ўтганимдек, “Металлург” жамоаси мавсумни ёмон бошламади. Ҳақиқатан ҳам бизнинг жамоада иқтидорли ўйинчилар тўпланишган. Уларнинг ҳеч бирини ажратиб кўрсата олмайман. Сабаби, уларнинг барчаси олдиларига қўйилган вазифани бажариш йўлида бирдек тер тўкишяпти.

- Футболчилик фаолиятингизни якунлагач, нима иш билан шуғулланасиз? Қачонлардир футбол агенти бўлиб ишлаш ниятим бор дегандек бўлгандингиз...

- Олдимда йўналишлар кўп. Ҳали танлаб улгурмадим. Ҳозирдан “В” мураббийлик лицензиясига эгаман. Бутсани михга илаверайликчи, кейин ўйлаб кўрарман.

- Миллий терма жамоадан умид узиб бўлгандирсиз. Сиз учун терма жамоа эшиклари ёпилган десак адашмаймизми?

- Терма жамоа мураббийлари ҳам сиз каби ўйлашмаса, очиқ деб ҳисоблайман. Ҳаммаси менинг ўзимга, жисмоний ҳолатимга боғлиқ. Яхши ўйнасам, терма жамоага лойиқ ўйин кўрсатсам, эҳтимол яна таклиф бўлар...

- Терма жамоамизнинг азалий орзуси ҳисобланган жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти доим асосий масалага айланган...

- Албатта чиқа олади. Яқин йилларда бу вазифани уддалай олишади, мен бунга ишонаман.

- Ўзингизни мураббий сифатида тасаввур қила оласизми?

- Ҳа, албатта.

- Барча футбол мухлисларини иккита лагерга ажратсак, ярми Мессига, ярми эса Роналдуга ишқибозлик қилишади. Сизга улардан қай бири кўпроқ ёқади?

- Месси.

- Кўпчилик сизни ўз бизнесига эга деб ўйлашади. Айтишларича, сиз ўз тижоратингизни йўлга қўйгансиз. Агар сир бўлмаса айтингчи, тижоратни қайси йўналишда очгансиз?

- Тиббиёт йўналишида, спорт жароҳатларини даволаш клиникаси.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии