Долзарб мавзулар Фото

Энергетика вазирлиги ва энергетика хартияси раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди

Бўлимлар: ИҚТИСОДИЁТ
Теглар:
Добавлено: 20.05.2019, 22:08

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов Халқаро энергетика хартияси Бош котиби Урбан Руснак билан учрашди. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг расмий телеграм каналида хабар қилинди.

Учрашув «Ўзбекистоннинг нефть ва гази - OGU 2019» конференцияси ва 23-халқаро кўргазмаси, «Power Uzbekistan 2019» 14-халқаро кўргазма ва конференция ҳамда биринчи Халқаро энергетика конференцияси доирасида бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги ислоҳотларини ва бу жараёнда Энергетика хартиясининг иштироки масаласини муҳокама қилдилар. Урбан Руснак Энергетика вазирлигига 1994 йилдаги Энергетика хартиясига илова этилаётган шартнома лойиҳасини кўриб чиқиб, таклиф ва шарҳлар билдириш борасида илтимос билан мурожаат қилди.

Шунингдек, Урбан Руснак Энергетика хартиясининг йиғилишларида Ўзбекистоннинг доимий вакили иштирокини таъминлаш масаласини кўтарди. Энергетика хартияси энергетика соҳасида тўплаган амалий тажрибаси билан ўртоқлашишга ва зарур эксперт ва мутахассисларни жалб этиш борасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Урбан Руснак келгусидаги ҳамкорлик режалари ҳақида гапирар экан, энергетика соҳасидаги ислоҳотларга ҳамда соҳага алоқадор қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш борасида амалий семинар ташкил этишга тайёр эканини маълум қилди.

Томонлар энергетика соҳасида ислоҳотлар ўтказиш ва мавжуд муаммоларни тезкорликда ҳал этиш мақсадида алоқадор вазирликлар мутахассислари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил этиш хусусида келишиб олдилар.


Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии