Долзарб мавзулар Фото

Мактабгача таълим масалалари бўйича Ўзбекистон-Хитой форуми бўлиб ўтди

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 25.05.2019, 11:10

Жорий йилнинг 24 май куни Тошкент шаҳрида илк маротаба “Болаларнинг барвақт ривожланишида инновацион ёндашувлар” номли ўзбек-хитой форуми бўлиб ўтди. Бундан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда болаларнинг эрта ривожланишига кўмаклашувчи ўйинлар ва ўйинчоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўлиб, шу мавзу доирасида илк қадамлар белгиланди.

Ушбу форум мактабгача бўлган таълим соҳасини ва албатта, ўзбек тадбиркорларининг ишбилармонлигини янада ривожлантиришга қаратилган улкан имконият бўла олади, десак муболаға бўлмайди. Тадбир қатнашувчилари кичик ёшли болаларнинг ақлий салоҳиятини оширишга замин яратувчи ўйинлар ва ўйинчоқлар ишлаб чиқаришдаги ўзбек-хитой ҳамкорлигини ташкил этиш борасида сўз юритдилар.

Сўзга чиққан Ўзбекистон мактабгача таълим вазири Агриппина Васильевна Шин: “ Мактабгача таълим вазирлигининг ишчи гуруҳлари пойтахт ва худуддаги боғчаларга мунтазам равишда ташриф буюрадилар. Биз қандай муаммолар мавжудлигини кўрамиз ва уларни ҳал этиш учун ҳаракат қиламиз. Хозирги кунда МТМларда олиб борилаётган ишларга ўзингиз гувоҳ бўлгандирсиз. Гуруҳларда овқатланиш яхшиланди, ўқув қуроллари келтирилди. Кўп хоналар таъмирланди, боғчалар сони кўпайди. Мактабгача таълим вазирлиги делегацияси Хитой Халқ Республикасига ташрифида мактабгача ёшдаги болаларга мўлжалланган ўйинчоқлар ва дидактик материаллар кўргазмасида ҳам бўлди. Бу лойиҳа асосида биз ўзбек-хитой қўшма корхонасини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқяпмиз. Мазкур корхона фаолияти давомида боғчаларимиздаги фарзандларимизни ривожлантиришга қаратилган кенг ассортиментдаги ўйинчоқларни ишлаб чиқаришни кўзда тутдик”,- дея таъкидлаб ўтди.

Форум давомида Хитой Халқ Республикасида таълим-тарбия борасидаги илғор тажрибалар ва мактабгача таълим жараёнида дуч келинадиган долзарб муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.

“Ҳамкорларимиз билан Хитойда учрашганимизда ёмғир ёғиб юборганди. Аслида, ёмғир яхшилик тимсоли. Ундан сўнг етти хил рангларни жамлаб, камалак кўриниш беради, ўсимликлар сувга тўйинади. Мана, Тошкентда ҳам қуёшли кунлардан сўнг, бугун осмон булутли бўлиб, ёмғир ёғиши кутилмоқда. Мен ўйлайманки, бунинг рамзий маъноси бор, албатта. Лойиҳамиз кутилгандан ҳам кўпроқ фойда олиб келади, деган умиддаман”-, деди Ўзбекистон мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Тадбирда шунингдек, вазирлик ва идоралар, “Сун Цунлин” номидаги жамғарма, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, давлат, хусусий ва давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, ўзбек ва хитой тадбиркорлари қатнашдилар.

Музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим Вазирлиги қошидаги ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази ва Хитойнинг қатор компаниялари, яъни Shanghai Andersen Paradise Group Co.,Ltd,Zhejiang Hexin Toys Group, Kaiqi Group Co.,Ltd, Ningbo Rainbow Toys Co.,Ltd и Xiaomi HK Limited (STEAM таълимини ривожлантириш ва дастурий таъминот ишлаб чиқариш билан шуғулланади) ўртасида ўзаро англашув Меморандумлари имзоланди. Ушбу ишлаб чиқарувчилар ёғочдан ишланган ўйинчоқлар, пластик, темирли инвентарлар, ривожлантирувчи ўйинлар, ўйин жиҳозлари, болалар ўйин майдончалари, мебель, ўқув мультимедиа қўлланмалари каби махсулотларни ишлаб чиқарадилар. Ушбу маҳсулотлар Хитойнинг нафақат ички бозорида, балки Шимолий Америка мамлакатлари, Европа, Япония ва Австралия каби мамлакатларга ҳам экспорт қилинади.

Шунингдек, мактабгача таълим соҳаси мутахассисларининг малакасини Хитойда ошириш, стипендиялар дастурини ҳамда илмий унвонларни жорий этиш йўналишида Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

Бу каби лойиҳалардан кўзланган мақсад мактабгача ёшдаги бўлган болаларни тарбиялашдаги инновацион ғояларни яратиш ва амалга татбиқ этишдир. Бундан кутилаётган фойда ҳам кам эмас. Зеро, фарзандларимиз – бизнинг келажагимиздир!

Ҳусниябону СУЛТОНОВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии