Долзарб мавзулар Фото

“Бунёдкор”дан ишончли ғалаба, “Навбаҳор” эса яна очко йўқотди

Бўлимлар: СПОРТ
Теглар:
Добавлено: 26.05.2019, 13:25

Кеча Ўзбекистон суперлигасида 10-тур ўйинлари бошланди. Турнинг дастлабки баҳсида “Сурхон” ҳамда яқиндагина бош мураббийини истеъфога чиқарган “Қўқон-1912” жамоалари тўқнаш келди.

Бир муддатлик омадсизликлардан кейин яна ўз ўйинини топиб олган термизликлар бу сафар ҳам мухлисларини хушнуд этишди. Учрашув бошида, аниқроғи 10-дақиқада “Сурхон” аъзоси Абдул-Азиз Юсупов ҳисобни очди.

Аммо 22-дақиқага келиб қўқонликлар мувозанатни тиклади, тўп муаллифи Суҳроб Бердиев бўлди. Ушбу натижа деярли ўйин охиригача сақланиб турди. Бироқ, ўйин охирларида меҳмонлар ўз жарима майдони ичида ўйин қоидасини бузишди ва ҳакам томонидан белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини Дарко Станоевич аниқ бажариб, “Сурхон”га муҳим ғалабани келтирди.

10-турнинг яна бир ўйини Наманганда бўлиб ўтди. Унда “Навбаҳор” клуби “Андижон”ни қабул қилди. Учрашув “дерби” номига хос тарзда муросасиз тарзда кечди ва якунда томонлар дурангга имзо чекишди. Аввалига 18-дақиқада меҳмонлар вакили Рўзимбой Аҳмедов ҳисобни очди. Таъкидлаш керак, у сўнгги мавсумларни айнан Наманганда ўтказганди.

Шундан сўнг ўйинда ташаббус мезбонлар томонига ўтди.

Аммо, андижонликлар ҳимояда мустаҳкам туришди ва кўп ҳолларда улар ўйинни чўзишга ҳаракат қилишди. Бироқ, ўйиннинг 79-дақиқасида “Навбаҳор”нинг захирадан тушган ярим ҳимоячиси Азиз Ибрагимов жавоб тўпи муаллифига айланди ва учрашув 1-1 ҳисобида якунланди. Бу билан “лочинлар”нинг ғалабасиз серияси учта ўйинга етди ва эътиборлиси, улар ана шу ўйинларнинг иккитасини ўз майдонида ўтказиб, қимматли очколарини бой берди. Ўтган турда “Металлург” билан нурсиз дуранг қайд этган “Навбаҳор” бу сафар аутсайдерлар қаторида бораётган “Андижон”ни мағлуб этолмади. Бу кетишда Андрей Канчельскисга ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилади чоғи.

e12e2d3c-355c-4f5d-9b41-32e599b27e03.jpg

Бекободда ўтган “Металлург” – “Бунёдкор” баҳсида Вадим Абрамов шогирдлари муҳим ва ишончли ғалабага эришди. Аввалига Нурилло Тўхтасинов меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлимда Миржаҳон Мираҳмадов “Бунёдкор”нинг устунлигини янада мустаҳкамлади. “Металлург” – “Бунёдкор” – 0:2. Бу ғалабадан кейин “қалдирғочлар” ўз очколари сонини 17тага етказди ва 4-ўринга кўтарилди.

Самарқандда бўлиб ўтган “Динамо” – “Қизилқум” учрашуви голларга бой бўлди. Ўйин бошида, яъни 7-дақиқада меҳмонлар вакили Алишер Саноев ҳисобни очди. Бироқ, орадан шунча вақт ўтиб Воҳид Шодиев мувозанатни тиклади.

2-таймнинг 7-дақиқасида яна Саноев “Қизилқум”ни олдинга олиб чиқади. Лекин майдон эгалари тушкунликка тушмади ва ўйин охиригача ҳисобни тенглаштиришга эришди. Бу сафар Амиржон Сафаров мезбонлар жонига оро кирди. Шу тариқа “Динамо” яна бир камбэк қайд этди ва ўз очколарини 14тага етказган ҳолда жадвалнинг қоқ ўртасида, яъни 7-поғонани эгаллаб турибди.

Бугун суперлига жамоалари 10-тур ўйинларини давом эттиришади. Якшанба дастуридан ўрин олган марказий ўйин Қаршида “Насаф” ва “Локомотив” жамоалари ўртасида ўтказилади. Шунингдек, бугун “Сўғдиёна” – “Бухоро” ҳамда “Пахтакор” – АГМК жамоалари ўзаро куч синашади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии