Ташкент +4° Wed 10:36
Долзарб мавзулар Фото

“AgroExpo Uzbekistan/Agrotech Expo-2019” кўргазмаcида Германия делегацияси иштирок этди

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 13.06.2019, 13:41

Жорий йилнинг 12 июнь куни «Ўзэкспомарказ» МККда Германия Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги Парламенти Давлат котиби М.Штюбген бошчилигидаги Германия ҳукумат делегацияси “AgroExpo Uzbekistan/Agrotech Expo-2019” кўргазмаларида иштирок этди.

Ушбу тадбир доирасида шу куннинг ўзида Ўзбекистон-Германия Ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг Қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича иккинчи йиғилиши ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев ва Германия Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги Парламенти Давлат котиби М.Штюбген раҳбарлик қилди. Ушбу ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши 2018 йилнинг январь ойида Берлинда ўтказилган эди. Унда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган эди. Йиғилишда Ўзбекистон-Германия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир келишувларга эришилди.

"AgroExpo Uzbekistan" кўргазмаси доирасида Германия қишлоқ хўжалиги жамияти (DLG e.V.) озуқа ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, сут ва картошкани қайта ишлаш, халқаро савдо стандартлари, гигиена талаблари, сифат кўрсаткичлари, ташқи бозорга чиқиш учун шартлар каби масалаларда халқаро экспертларни бир жойга жамлашга муваффақ бўлди.

Германия томони ушбу тадбирда мамлакатнинг етакчи немис тадқиқот институтлари ва мамлакат агросаноат секторининг 10 та компанияси томонидан тақдим этилаётган миллий стенд билан иштирок этмоқда. Хусусан, Ўсимлик хилма-хиллигини муҳофаза қилиш федерал офисининг президенти Удо фон Крёхер, Федерал хавфни баҳолаш институти президенти, профессор др. Андреас Хензель, Ўтиш даври мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича Лайбниц институти директори, профессор др. Томас Глаубен, Германиянинг қишлоқ хўжалиги жамияти вакиллари, шунингдек, «Kronen», «SolanaGmbH&CoKG», «AgrokraftGmbH», «Petkus», «MASTERRINDGmbH»каби компаниялар иштирок этди.

Германия томони ўзбекистонлик шериклар билан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, таълим, тадқиқот, стандартлаштириш, чорвачилик, ўсимликларни етиштириш, уруғчилик, асаларичилик, халқаро кўргазмаларда ўзаро иштирок этиш каби соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Матбуот хизмати

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии