Ташкент +4° Sun 02:20
Долзарб мавзулар Фото

Жамшид Хожаев: Ўзбекистоннинг хоржий давлатлар билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлиги фаоллашмоқда

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 12.07.2019, 16:57

Жорий йилнинг 8-10 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Яшил иқтисодиёт бўйича Европа ва МДҲ давлатлари минтақавий вазирлар конференцияси доирасида БМТнинг Жануб-жануб ҳамкорлиги бошқармаси томонидан ташкил этилган “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида Жануб-жануб ҳамкорлигини қўллаб-қувватлашга кўптомонлама ҳамкорликда ёндашув” мавзусидаги махсус сессияда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хожаев маъруза қилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалик вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

– Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиёт бўйича вазирлар даражасидаги бундай муҳим минтақавий конференцияга мезбонлик қилиши биз учун юксак шарафдир. Чунки, ушбу анжуман натижалари минтақавий ҳамкорлик ва шерикликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Яшил иқтисодиёт ҳар бир соҳа, шу жумладан, озиқ-овқат тизимлари, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

БМТнинг Жануб-жануб ҳамкорлиги бошқармаси томонидан амалга оширилган “Қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда Жануб-жануб ва учтомонлама ҳамкорлик” ташаббусида Ўзбекистон мазкур ташаббус иштирокчилари бўлган 8 та давлат билан қишлоқ хўжалигининг турли соҳалари, жумладан, чорвачилик, балиқчилик, яйловлардан фойдаланиш, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалигида биотехнологиялар, боғдорчилик каби кўплаб соҳаларда билим ва тажрибалар алмашган. Хусусан, ушбу ташаббус доирасида ташкил этилган турли семинар ва тренинг дастурларида мамлакатимиздан қарийб 100 нафар мутахассис иштирок этган.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги фаол қўллаб-қувватланмоқда. Бунга ташкил этилаётган кластерлар яққол мисол бўла олади. Республиканинг 85 та туманида умумий майдони 633 минг гектар бўлган 75 пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилди. Айни пайтда кластерлар жами пахта майдонларининг 60 фоизини эгаллайди.

Шу билан биргаликда, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришдан то тўлиқ қайта ишлашгача бўлган барча босқичларни қамраб олган мавжуд 40 та мева-сабзавот кластери ҳам самарали фаолият юритмоқда.

photo_2019-07-09_15-51-09.jpg

Шунингдек, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги асосида дон, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик маҳсулотлари ва уруғлик ишлаб чиқариш бўйича ҳам кластерлар ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг бундай янги шакллари қишлоқ жойларда янги иш ўринларини яратиш ва қишлоқ аҳолиси фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бутун минтақада қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш учун муҳим восита бўлиб ҳисобланади. Бу борада нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки қўшни Афғонистон билан ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Қисқа вақт ичида биз савдо тўсиқларини бартараф этиш, бу борадаги тартиб-қоидаларни соддалаштириш ва Марказий Осиёдаги узоқ муддатли масалаларни ҳал қилишга муваффақ бўлинди. Натижада, биргина 2018 йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси 40 фоизга ошди.

Минтақавий ҳамкорлик соҳасида олиб борилган самарали ишлар туфайли мамлакатимиз 2020 йил май ойида бўлиб ўтадиган Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Европа минтақавий конференциясиниг 32-сессиясига мезбонлик қилади.

Таъкидлаш жоизки, бошланган барча ислоҳотлар БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари, «2030 йилгача бўлган барқарор ривожланишнинг миллий мақсадлари ва вазифалари» ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига тўлиқ мос келади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии