Му5
48

Ҳарбий спортчилар Хўжайлидаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олишди

ЖАМИЯТ 24.07.2019, 09:06
345
Ҳарбий спортчилар Хўжайлидаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олишди

Меҳр-оқибат, ғамхўрлик ва инсонпарварлик кўп миллатли халқимизнинг олижаноб фазилатларидан. Ўксик қалб эгаларининг ҳолидан хабар олиш, улар билан дилдан суҳбат қуриш, истак ва орзулари рўёбга чиқишида кўмаклашиш, оз бўлса-да оила муҳитини уларга улашиш эзгуликнинг юксак чўққисидир.

Хўжайли туманида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси 1-сонли Мехрибонлик уйи тарбияланувчилари учун ҳарбийлар билан учрашув одатдагидек самимий ва сермазмун кечади. Ҳарбий либос кийган юрт ҳимоячиларига ҳавас билан термулиб турган қизалоқлар, акаларидек Ватан тинчлигини асрашни истаган болакайларнинг қувончи ичига сиғмайди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи спорт взводининг бир гуруҳ ҳарбий спортчилари билан навбатдаги учрашув ҳам ўксик қалбларга илиқлик олиб кирди. Рустам Жангабаев сингари Осиё чемпионлари билан суҳбат, спортчиларнинг юксак марраларга эришиш сирлари ҳақидаги маърузалар ёшларга руҳий қувват, келажакка ишонч туйғуларини оловлантирди.

Болакайлар спортчиларни Меҳрибонлик уйидаги ёш ижодкорлар клуби, спорт ва информатика тўгаракларига самимият билан таклиф этиб, санъатга, замонавий коммуникация технологияларига қизиқишини кўрсатишди. Айниқса, спорт залидаги машқлар орқали болажонлар ҳарбий акаларидек соғлом турмуш тарзини танлаб, етук спортчи бўлиб вояга етишаётганини исботлашди.

Спорт анжомлари ва китоблар тўпламларини совға тариқасида олиб келган ҳарбий спортчилар болажонлар ўртасида кичик викторина ўтказиб, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантиришди.

Спортчилар кетар чоғи болажонлар томонидан ижро этилган мусиқий чиқишлар ҳамда рақслар меҳмонларни ҳушнуд этди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати

Шарҳлар