Му5
48

​Президент танбеҳ берган ҳокимлар узр сўради

ЖАМИЯТ 04.08.2019, 22:31
1192
​Президент танбеҳ берган ҳокимлар узр сўради

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказган видеоселектор йиғилишида Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидаги шов-шувли “снос” ҳаракатларига ўз муносабатини билдирган ва ушбу вилоятлар ҳокимларини қаттиқ танқид қилган эди. Шу билан бирга, давлат раҳбари учала ҳоким Интернет орқали халққа мурожаат қилишини таъкидлаган эди.

Шундан сўнг, 4 август куни дастлаб Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов видеомурожаат орқали халқдан, Президентдан узр сўрашди.

Шуҳрат Ғаниев: “Хатога йўл қўйдик...”

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Риштон тумани аҳолисига мурожаат қилар экан, ҳудуддаги бузилиш ишлари хато бўлганини айтган.

Очиғини айтаман, бу хато бўлди. Бунда аввало вилоят ҳокими сифатида мени жуда катта айбим бор. Бундай хатолар Ўзбекистон шаънига, хусусан, шундай улкан бунёдкорлик ишларини олиб бораётган давлат раҳбари шаънига путур етказмаслиги керак. Сизлар билан қўпол муомалада бўлинган бўлса, бунинг учун шахсан ўзим таъзим қилиб, узр сўрайман. Лозим топсаларинг, кечиринглар, - деган Ғаниев.

Вилоят ҳокими “снос”лар масаласида хатоларга йўл қўйгани учун вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи, Риштон туман ҳокими, унинг икки ўринбосари, кадастр, солиқ идораси масъуллари ишдан олинганини маълум қилган. Ҳозирда бузилаётган марказий деҳқон бозори ҳудуди аввалги 25 сотих ўрнига 2 гектарга етгани, савдо нуқталари сони эса 140 та ўрнига 250 тага бориши, бозор яқинида халқаро автовокзал қурилишини билдирган.

Видео

Зафар Рўзиев: “Яккабоғда бўлган воқеалар ҳар биримиз учун сабоқ бўлди”

Қашқадарё вилояти раҳбари Зафар Рўзиев Яккабоғ тумани “Эски Яккабоғ” қўрғончасида кенг жамоатчилик вакиллари, журналист, блогер ҳамда тадбиркорлар билан учрашди.“Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлар, жорий йилнинг 21 июль куни “Эски Яккабоғ” қўрғончасида содир бўлган нохуш воқеа юзасидан ўз муносабатини билдирар экан, ҳамюртларимиздан, журналист, блогерлар ҳамда тадбиркорлардан узр сўради.

Бу каби ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини обдон таҳлил қилдим, хатоларимизни англаб етдим. Титраб, бутун вужудим билан жавоб изладим. Яна бир жиҳат, бугунги кун тадбиркори бунда икки – уч йил илгариги тадбиркордан тубдан фарқ қилади. Бугуннинг тадбиркори Президентимиз томонидан яратиб берилган имкониятлардан қандай фойдаланишни билади, нега энди биз бу ишга совуққонлик билан қарашимиз керак? У қанча меҳнат, сарф-ҳаражат эвазига оиласи, яшаб турган ҳудуди фаровонлиги учун ҳисса қўшаётган бир пайтда нега энди унга тўғаноқ бўлишимиз керак? Узоқни ўйлаб, муроса-мадора ҳамда босиқлик билан муаммони ҳал этиш ўрнига жиззакилик, қизиққонлик қилиш мана қандай оқибатларга олиб келди. Яккабоғда бўлган воқеалар ҳар биримиз учун сабоқ бўлди. Ҳар доим аҳоли билан, кўпни кўрган инсонлар билан кенгашиб иш юритиш кераклигини англамоқдаман. Мен вилоят раҳбари сифатида ҳамиша тадбиркор манфаатини ҳимоя қилишга, халқимиз розилиги учун хизмат қилишга тайёрман, - деган вилоят ҳокими ўз сўзида.

Видео

Фарҳод Эрманов: “Сизларнинг кўп азият чекишларингиз, қийналишингизга сабабчи бўлдик”

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов Ашхобод маҳалласи аҳли билан учрашиб, бўлиб ўтган ишлардан афсусдалигини айтган.

Бугун жуда афсусда, изтироб билан сизларнинг олдингизда турибман. Сизлар билан бошлаган ишимизнинг якунида, биз ўйламай қилган ишимиз натижасида, Ашхобод маҳалласида яшаётган жуда кўп аҳоли хонадонларини кўчирамиз, деган мақсадда сизларнинг кўп азият чекишларингиз, қийналишингизга сабабчи бўлдик. Албатта, бу ерда мен ўзимни айбдор, деб биламан. Сабаби агарда буни олдинроқдан режалаштириб, ҳамма ҳисоб-китобларини қилиб, сизлар билан ҳисоблашиб қилганимизда бу воқеалар бўлмас эди... Биз тезроқ яхшироқ шароитга кўчирамиз, деб туриб, ўйланмай босган қадамимиз натижасида Ашхобод маҳалласида яшовчи кўпчилик хонадонларимизга нафақат моддий, ҳатто соғлигига ҳам зарар келтирдик.

Бугун сизларнинг олдингизда туриб, сизлардан кечирим сўрамоқчиман. Бундай масалаларни ўйламасдан қилишнинг кейини нимага олиб келишини биз кўриб, билиб, афсусланиб турибмиз, - деган ҳоким ўз мурожаатида.

Эрманов бугундан бошлаб ҳамма қилган ишларини яна бир марта сарҳисоб қилиб, хато жойлари бўлса, ҳаммасини жой-жойига қўйишга сўз берган.Бундан кейин қилинадиган ишларнинг ҳаммасини биринчи халқ билан, қолаверса, ёши улуғлар, оқсоқоллар билан бамаслаҳат қилишга ваъда берган.

Ашхобод маҳалласида 394та хонадон бор эди. Бу 394та хонадон 19 гектар майдонга жойлашган эди. Бугун мана шу 394та хонадондан 78 хонадон эгаси тўлиқ ҳисоб-китоб қилганимиздан сўнг яшаш учун ўзларининг уйлари бор эканини айтиб, бу ерда уй қурмаслигини билдириб, бошқа жойларга кетдилар. Қолган 150та хонадонга намунали уй берганмиз. Қолган хонадонларни қишнинг совуқ кунига қолмасдан ҳамжиҳатликда тез уйларига кўчириб ўтказиб, халқни рози қилсак, шунда гуноҳимизни ювган бўламиз, деб ўйлайман, - дея қўшимча қилган Хоразм ҳокими.

Шунингдек, ҳоким йўл қўйилган хато-камчиликлар учун Хоразм вилояти саноатни ривожлантириш, қурилиш-коммуникациялар бўйича ҳоким муовини, шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича муовини, шаҳар ҳокимига хайфсан ва прокурорга хайфсан берилгани ҳам айтган.

Видео

Шарҳлар