Му5
48

Божхоначилар томонидан йил бошидан 11 минг литрдан зиёд спирт ва алкоголли ичимликларни ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди

ЖИНОЯТ 10.08.2019, 18:37
640
Божхоначилар томонидан йил бошидан 11 минг литрдан зиёд спирт ва алкоголли ичимликларни ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди

Айрим турдаги товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларига кўра, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача олиб киришлари мумкин.

Алкоголли ичимлар акциз маркалари билан қадоқланадиган товарлар сирасига кириши сабабли, алкоголли ичимликларни ушбу меъёрларга амал қилмасдан ортиқча олиб кирганлик холати божхона қоидаларини бузилиши сифаида қаралади. Шунга қарамай, ҳанузгача айрим шахслар томонидан алкоголли ичимликларни ноқонуний равишда олиб киришга уринишлар кўзга ташланмоқда.

Қуйида давлат божхона хизмати органлари томонидан аниқланган шу йўналишдаги божхона қоидабузарликлари ҳақида сўз боради.

“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан Тошкент халкаро аэропортида аниқланган божхона қоидабузарлигида Москвадан учиб келган йўловчилардан бири 15 литр алкоголли ичимларни яширинча олиб киришга урингани фош бўлди.

Н.Ш. исмли ушбу шахс ароқ, мартини, виски каби 15 шиша ичимликларни “яшил йўлак”дан олиб ўтишга уринган. Уларнинг умумий қиймасти эса салкам 4 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси “Сирдарё” чегара божхона пости оркали қўшни давлатдан кириб келган фуқаро И.А. бошқарувидаги юк автотранспорт воситасини кўздан кечириш давомида, автомашина ичидаги елим идишлар божхоначиларнинг диққатини тортди.

Қарангки, ушбу канистраларнинг бирига 12 литр ароқ, иккинчига эса 4 литр коньяк қуйилгани маълум бўлди. Хатто ишлаб чиқариш ёрлиғи мавжуд бўлмаган ушбу маҳсулотларнинг сифатига ким кафолат беради?

Мазкур постда муқаддам аниқланган яна бир қонунбузарлик ҳолатида фуқаро Б.Б. бошқарувидаги юк автотранспорт воситасининг юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, юкхонага божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган умумий қиймати 36 млн. сўмлик, сиғими 1 литрлик жами 36 дона “Jack Daniels” номли вискилар ортилганлиги аниқланди.

Бу каби ҳолатлар Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Келес” темир йўл чегара божхона постида ҳам кўплаб фош этилмоқда.

Масалан, “Уфа-Тошкент” поезди йўловчиси У.Ш. олиб кириш таъқиқланган бўлишига қарамай, елим идишларга қадоқланган 10 литр этил спиртини олиб киришга уринган вақтида тўхтатиб қолинди.

“Москва-Тошкент” поезди вагонларидан бирида эса фуқаро Н.Ж. яширинча олиб кириш учун 2 турдаги 18 литр ароқларни вагон ҳожатхонасига яширгани фош бўлди.

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ғишткўприк” чегара божхона постида фуқаро Э.А қўшни давлатдан кириб келаётган 24 нафар пиёдаларни ёллаган ҳолда гўёки шахсий фойдаланиш учун ниқоби остида салкам 14 млн. сўмлик 131 шиша алкоголли ичимликларни олиб киришга уринган экан. Тўхтатиб қолинган 14 турдаги конья ва ароқларнинг умумий ҳажми эса 70 литрдан зиёддир.

“С.Нажимов” чегара божхона постида аниқланган яна бир ҳолатда эса қўшни давлатдан кириб келган фуқаро С.У. бошқарувидаги юк автотранспорт воситасига 52 шишада жами 32 литр виски ва ароқлар яширилганлиги фош бўлди. Божхона назоратидан яширинча олиб кириш вақтида тўхтатиб қолинган мазкур алкоголли ичимликларнинг умумий қиймати 12.2 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Тахиатош туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, А-380 автомобиль йўлида ҳаракатланиб кетаётган “Фольксваген” русумли автомобиль тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ушбу автоулов салони ва унга бириктирилган тиркамасида чет элда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган қиймати 55 млн. сўмлик 181 дона шиша идишлардаги жами 179,8 литр алкоголь (виски ва коньяк) махсулотлари борлиги аниқланган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан аниқланган 361 та божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларида қиймати салкам 575 млн. сўмлик 11 минг 200 литрдан ортиқ спирт ва алкоголли ичимликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Шарҳлар