Му5
48

Тошкентда I Халқаро Гастрономик туризм фестивали бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 12.08.2019, 23:11
336
Тошкентда I Халқаро Гастрономик туризм фестивали бўлиб ўтди

Тошкент шаҳрида "Gastro bazaar – 2019" фестивали бўлиб ўтди. Юртимизда гастрономик туризм йўналишини ривожлантиришга хизмат қилувчи мазкур фестиваль Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фестивальда UNWTO, ICCA, Туркия Ошпазлар уюшмаси ҳамда Гастрономик академиясидан таклиф қилинган халқаро экспертлар ҳам иштирок этишди.

Фото: М.Бекжонова


Ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, гастрономия ва туризм ўртасидаги алоқалар сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ва уларнинг ташриф кунларини узайтиришга ёрдам беради. Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида гап кетганда, хорижий сайёҳлар энг аввало биздаги қадимий обидалар, халқимизнинг меҳмондўстлиги ҳамда ўзбек миллий таомларини алоҳида тилга олишади. Ўзбек миллий таомларидан бўлган палов ЮНЕСКО номоддий бойликлари рўйхатига киритилган. Умуман олганда, сайёҳлик саноатининг умумий даромадларида гастрономик туризмнинг улуши 30 фоизга етади ва бу кўрсаткич ўсиб бормоқда.

Фото: М.Бекжонова

Ўзбек ошхонасини дунёга танитиш мақсадида ташкил қилинган фестивалда миллий ресторанлар ошпазлари билан бирга чет эллик машҳур пазандалар, ширапазлар ўз санъатларини намойиш қилишди. Фестивалнинг сўнгги кунида пойтахтимизнинг гавжум кўчасида туркиялик, хитойлик ва бошқа давлатлардан келган музқаймоқ сотувчилари қизиқарли ҳазиллар билан уйғунлашган ўзига хос савдо қилиш услубларини кўрсатишди.

9-11 август кунлари давом этган фестиваль доирасида миллий таомларни тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, ошпазлар беллашувлари, миллий либослар ярмаркаси ва бошқа кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтди.

Манзура БЕКЖОНОВА

Шарҳлар