Долзарб мавзулар Фото

​Тошкентда илк маротаба Кушон хазинаси намойиш этилди

Бўлимлар: МАДАНИЯТ
Теглар:
Добавлено: 22.08.2019, 21:15

Маълумки, 2019 йил 26 августда Самарқандда «Моддий ва номоддий маданий меросни сақлаш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш стратегияси» Халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Ушбу воқеа олдидан бугун старт олган «Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» маданий мерос ҳафталиги доирасида «Кушон хазиналари» ноёб кўргазмаси ўтказилди.

Ушбу катта экспозиция Тошкентда, Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида намойиш этилади. Халқаро олимларнинг кўпсонли илтимосига кўра, эрамизнинг I асри бошида Ўрта Осиё ҳудудида қад ростлаган жумбоқли, кам ўрганилган ва қачонлардир қудратли бўлган Кушон империясининг ноёб артефактларни мустақиллик йиллари давомида илк бора кўргазмага қўйилди.

Кўргазманинг эксклюзив, ўзига хос жиҳати – Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепа шаҳри қазишмаларида топилган афсонавий «Далварзин хазинаси» намойиши бўлди.

1972 йилда Э. Ртвеладзе раҳбарлигидаги бир гуруҳ археологлар қазишмалар пайтида эрамизнинг I асрига тегишли 36 килограммга яқин оғирликдаги, ҳудуд тарихида энг йирик тилла буюмлар хазинасини топди. Ҳозирги кунгача мазкур ноёб хазина давлат жамғармаларида сақланиб, аввал кўргазмада сира намойиш этилмаганди.

Кўргазманинг энг камёб экспонатлари орасида – олтин пектораль (ёл), Гераклнинг тасвири туширилган гемма, кўкрак усти тилла безаклари, ҳайвон тасвирли тилла кўкрак нишони, эрамиздан аввалги III – IV асрда Шимолий Ҳиндистон ва Ўрта Осиё жануби (Бақтрия, Сўғдиёна)да кенг тарқалган кхароштхи ёзуви битилган ноёб олтин чорқирра қайроқтош ва кўпгина бошқа буюмлар бор.

Ўзбекистоннинг турли музейларидаги Кушон даврига алоқадор экспонатлари биринчи марта ягона экспозицияда намойиш этилди.

Кўргазма доирасида «Кушон подшолиги хазиналари» китоб-альбоми ва шу номдаги ҳужжатли фильм тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии