42

Георгий Хачиев: "Варшавада Ўзбекистон тарихига оид 300 та фотосурат сақланмоқда"

МАДАНИЯТ 25.08.2019, 03:41
234
Георгий Хачиев: "Варшавада Ўзбекистон тарихига оид 300 та фотосурат сақланмоқда"

Сурхондарёнинг Термез шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро археология-сайёҳлик форумида кўплаб таниқли олимлар ва тарихчилар иштирок этмоқда. Улардан бири, "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳасининг Чехия ва Польшадаги координатори Георгий Хачиев қуйидагиларни маълум қилди:

–Чехия республикасида Ўзбекистонга оид маданий мерос намуналарининг 95 фоизи Осиё, Африка ва Америка маданияти музейларида сақланади. Жамланмаларга жуда ноёб экспонатлар киради. Улар олдинги даврларда сотиб олинган ёки уларнинг эгалари томонидан тақдим этилган. Миллий матолар, сўзаналар, сопол ва зарҳал иплар билан тўқилган маҳсулотлар, бадиий ўймакорлик буюмлари шулар жумласидандир.

Польша ҳақида гапирадиган бўлсак, Варшава шаҳридаги машҳур Осиё ва Тинч океан музейи тўғрисида тўхталиб ўтиш керак. Бу музейни польшалик дипломат ташкил қилган. У Индонезияга борганида илк тарихий ашёларни тўплашни бошлаган. Сўнг бу музей Ўзбекистоннинг XIX асрдаги ва ундан кейинги ҳаётига оид 300 та экспонат билан бойитилган.

Маданий мероснинг Чехияга бағишланган боблари ҳозирда кўп ададли нашрга тайёр қилиб қўйилган. Польшага оид қисми эса, менимча жорий йилнинг охиригача тайёр бўлади. Айни пайтда манбаларни тўплаш жараёни давом этмоқда.

Мен Хива, Самарқанд ва Бухорода бир неча марта бўлганман. Бу шаҳарларнинг тарихий архитектураси ҳаммани ҳайратга солади. Айниқса "Ичон-Қалъа"га борганда афсонавий шаҳарнинг гўзаллигига тан берганман. Ўйлайманки, бунга ўхшаш жойлар дунёнинг бошқа мамлакатларида йўқ. Бу шаҳарларнинг ҳар бирининг ўзига хос диққатга сазовор масканлари, асрлар давомида сақланиб келаётган архитектура ёдгорликлари бор.

Биз польшалик кекса фотограф Леон Боршевскийнинг Ўзбекистонга оид коллекциясини ҳам тақдим этмоқдамиз. У XIX-асрда Туркистон ҳарбий округига хизмат қилиш учун келган. Ўша пайтларда Польша Россия империяси таркибига кирар эди.

Л.Боршевский Самарқанд ва Бухоро амирликларида бўлиб, ўша вақтдаги одамларни, ўзбек халқининг миллий кийимлари, дўппилари ҳамда архитектура ёдгорликларини тасвирга олган. Улар бундан икки аср бурун яшаган ўзбекларнинг турмуши, анъаналари, либослари ҳақида аниқ тасаввур қилиш имконини беради. Бу фотограф 20 йил давомида Ўзбекистон шаҳарларида тўплаган фотосуратларидан 300 дан ортиғини мерос қилиб қолдирган.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+21° ясно
Курсы валют
9448.53
USD -6.71
10553.06
EUR 114.48
147.70
RUB 0.45
rightuz