Му5
46

​“Айёргина аёллар ёхуд Бахтнинг бозори борми?” мусиқали комедия премьераси намойиш этилди

МАДАНИЯТ 25.08.2019, 11:02
473
​“Айёргина аёллар ёхуд Бахтнинг бозори борми?” мусиқали комедия премьераси намойиш этилди


Муқимий номидаги мусиқали драма театрида таниқли адиб ва драматург Қўчқор Норқобилнинг “Айёргина аёллар ёхуд Бахтнинг бозори борми?” мусиқали комедияси премьераси намойиш этилди. Кучли юмор руҳи билан суғорилган ушбу асарда аёл, оила, жамият муносабатлари қизиқарли талқин этилган. Спектаклни томоша қила туриб бахт ўзи нима, қаерда, кимда, нимада, деган оддий саволларга жавоб топиш нечоғлик қийин эканлигини ҳис қиласиз.

Асарни иқтидорли ёш режиссёр Достон Ҳақбердиев саҳналаштирган. Бастакор – Сарвар Юсупов. Ролларни Ҳабибулло Ортиқов, Гулноза Саидова, Мусаллам Дадажонова, Дурдона Носирова, Асал Раҳмонова, Наргиза Шаҳобова, Нафиса Хўжақулова, Дилором Абдуалимова каби актёр ва актрисалар маҳорат билан ижро этган.

Комедияда бугунги давр муаммолари, айниқса, инсон қалбида чўккан лоқайдлик, бепарволик, турмуш икир-чикирларига ўралиб, мақсад ва муддаолар йўлидан олислашган айрим аёлларнинг тақдири очиб берилган. Энг аввало, аёл ўзини севиши, ўзини қадрлаши, ўз гўзаллигини ботинан ҳис қилиши эвазига атрофдагиларга севикли ва гўзал бўлиши, жамиятда ўрнини топиши мумкинлиги спектакль жараёнида турли хил воқеа-ҳодисалар орқали бадиий ифода қилинган.

Аёлнинг давлат ва жамиятдаги ўрни энг аввало, унинг ўзини ўзи қадрлай олишига боғлиқлиги нозик кечинмалар ва драматик тўқнашувлар орқали очиб берилган. Ўзини севмаган, қадрламаган одам, борлиқни, ҳаётни, ўзгаларни ҳам севолмайди. Бахт ҳам, омад ҳам, юксаклик ҳам энг аввало, инсоннинг ичида, қалбида эканлиги асарда ҳаётий мисоллар билан, ишонарли тарзда акс этган. Айниқса, ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл киши жамиятда, ҳаётда бахт ва гўзаллик, ёруғлик тимсолида қолиши ва бу гўзал фазилатни ҳеч қачон йўқотмаслиги керак. Аёл нафақат оилани, балки жамиятнинг ҳам чироғи эканлигига эътибор қаратилган.

--Ушбу саҳна асарида юртимизда азиз аёлларимиз қадр-қиммати нечоғлик улуғланаётгани, муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилаётган қатор ислоҳатлар замирида ҳам оила ва жамият мустаҳкамлиги,хотин-қизларимиз ҳаётига жиддий эътибор қаратиш, айниқса,юрт тараққиётининг муҳим мезони бўлган беш ташаббуснинг бирида белгиланган яна бир жиддий масала-- опа-сингилларимизни иш билан таъминлаш, уларга иш ўринлари яратиб бериш каби жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган,– дейди театрнинг Бош директори, Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти Мирза Азизов.

Хуллас, ушбу асарни кўрган томошабин аёл ва жамият оралиғидаги нозик муносабатларни теран англайди ва бахт аёлнинг ўзида, деган хулосага келади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+5° туман
Валюта курси
rightuz