Му5
46

​Дунёнинг 300 нафар олимлари Президентга мурожаат қилди

СИЁСАТ 27.08.2019, 18:13
674
​Дунёнинг 300 нафар олимлари Президентга мурожаат қилди

Дунёнинг 300 нафар олимлари Президентга миннатдорлик билдириб, фаолиятига юқори баҳо берди

Жорий йилнинг 27 август куни “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” маданий мерос ҳафталиги якунланди. Унда ўз ҳаётини Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этишга бағишлаган дунёнинг 300 дан зиёд олимлари иштирок этди.

Ҳафталик доирасида ўтказилган Учинчи халқаро Конгрессда 40 мамлакат олимлари қатнашди. Улар юртимизда маданият ва фан ривожи йўлида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. Давлат раҳбарининг мисли кўрилмаган ташаббуслари нафақат кенг жамоатчилик, балки илмий жамият қалбида ҳам акс-садо берди ва қўллаб-қувватланди. Ўзбекистондан сўнгги уч йилда қабул қилинган кўплаб ташаббуслар Учинчи халқаро Конгрессда олға сурилган янги ташаббусларни ишлаб чиқишга туртки бўлди.

Маданий мерос лойиҳасининг асосий йўналишларидан бири бу — уч тилдаги иллюстратив китоб-альбомларни чоп этиш ҳамда ҳужжатли фильмлар суратга олиш эди. Бу ишлар муваффақиятли амалга оширилди. Ўзбекистоннинг илмий жамоатчилигига қатор янги лойиҳалар ҳам таклиф этилди. Улар қуйидагилар:

-“Ўзбекистоннинг 100 нодир қўлёзмаси” (турли мамлакатлардаги илмий ва маданий муассасаларда сақланаётган, бевосита Ўзбекистонга тегишли бўлган қўлёзмаларни излаб топиш ва уларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш йўналишида);

-“Ўзбекистоннинг меъморий обидалари картографияси”;

-“Ўзбекистоннинг меъморий эпиграфикаси”;

-Ўзбекистоннинг меъморий обидалари каталоги”;

-Ўзбекистоннинг фан ва маданияти олимлар ишларида”.

Шунингдек, Париждаги Темурийлар жамиятининг 30 йиллик фаолияти давомида нашр этилган “LaTimuride” журналини умумлаштириш ва бошқа.

Бутунжаҳон жамиятининг жорий йилдаги “овози” аввалги каби Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаати бўлди.

Қуйида биз Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси Президентига йўллаган мурожаатини тўлиғича ҳукмингизга ҳавола этяпмиз.

Шавкат Миромонович Мирзиёевга

Муҳтарам жаноб Президент!

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар: империялар, динлар, маданиятлар чорраҳаси” номли учинчи халқаро анжумани қатнашчилари номидан, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ва тараққий эттириш йўлида зарурий шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган юксак фаолиятингиз учун Сизга самимий эҳтиромимизни изҳор этишга ижозат этгайсиз. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга йўналтирилган ва “Моддий ва номоддий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусидаги халқаро конференция қатнашчиларига йўллаган табригингизда тилга олинган ташаббусларингизни биз ўта муҳим аҳамиятга эга деб биламиз.

Ушбу ташаббусларни тўлақонли баҳолашимизга имкон берган Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги давомида яратилган ажойиб имкониятлар учун Сиздан миннатдормиз. Мазкур анжуман, конференциялар ва давра суҳбатлари давомида Шарқ ва Ғарб маданиятида тарихан муҳим аҳамиятга молик Ўзбекистон ҳудудининг ўзига хос бетакрор ўрни тўғрисида кўплаб маърузалар ва тақдимотлар тайёрланди. Ушбу омил, шунингдек, Ўзбекистон мутафаккирлари ва олимларининг буюк асарлари жаҳон цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Шундан келиб чиққан ҳолда, тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, инсонпарварлик ва маърифат дини сифатида Исломнинг асл моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш бўйича қутлуғ ташаббусингизни ҳам юксак баҳоламоқ жоиз.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Биз, дунёнинг турли мамлакатлари олимлари, маданият ва санъат соҳасидаги мутахассислар ва журналистлар “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси сабабли бирлашдик. Ушбу дунё миқёсидаги медиа-лойиҳа Ўзбекистоннинг буюк тарихи ва бебаҳо маънавий бойлиги билан боғлиқ бадиий асарлар, қўлёзмалар ва ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш, нашр этиш ва ҳужжатли фильмларнияратишни назарда тутади. Лойиҳа натижасида ҳозиргача 20 та китоб-альбом чоп этилди ва яна 13 таси нашрга тайёрланмоқда, 30 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар суратга олинди.

Ушбу лойиҳани маърифат ва таълим соҳасида фуқаролик жамияти, жамоатчилик, давлат ва халқаро ташкилотлар, ижтимоий масъулиятли бизнес, оммавий ахборот воситалари ва дунёнинг турли мамлакатларидаги олимларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда мисли кўрилмаган натижаларга эришишга имкон берувчи ёрқин мисол сифатида Янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғози деб аташ мумкин.

Ушбу анжуман ўтказилаётган паллада Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг Парижда расмий юридик рўйхатдан ўтказилганлиги ҳам биз учун қувончли хабар бўлди. Ушбу ваколатхона биз учун Европа марказида самарали учрашувлар учун ишончли таянчга айланади. Мазкур жойнинг танланиши ҳам тасодиф эмас – бинобарин, у дунёнинг турли мамлакатларидаги олимлар ўзаро самарали алоқа ўрнатиши учун хизмат қилиш баробарида жамиятимизни ҳам ЮНEСКО қароргоҳига яқинлаштиради. Шу билан бирга, биз Тошкентда Бутунжаҳон жамиятининг марказий офисини очиш зарурлигига аминмиз, зеро, III Анжуман жараёнида ушбу масалада ҳам тегишли қарор қабул қилинди. Бу ташаббус бутун илмий жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, юксак қўллаб-қувватлашингиз туфайли амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ўзларининг касбий қизиқишларини, айни пайтда илмий ҳаётининг ўзини ҳам Ўзбекистонни ўрганиш билан боғлаган хорижий ва маҳаллий олимларни бирлаштириш учун мисли кўрилмаган шароитлар яратди. Дунё илмий кучларининг бирлашуви, олимларнинг ўзига хос халқаро илмий лабораторияси юзага келгани жамиятимизнинг кучли томонларидан бири дейиш мумкин. Шунга боғлиқ равишда биз Ўзбекистонга маданият ва санъат тарихига оид тадқиқотлар, маърифат ва таълим соҳаларида ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигимизни билдирамиз.

Бугун, учинчи халқаро анжуман кунларида ишонч билан айта оламизки, Бутунжаҳон жамияти халқаро дипломатиянинг самарали шакли бўлиб, халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга, энг муҳими, жаҳон саҳнасида Ўзбекистоннинг маданий нуфузини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги ташкилотчилари бизга узоқ йиллардан буён кенг жамоатчиликка намойиш этилмаган Далварзин хазинасининг дунёга машҳур олтин буюмлари тақдим этилган “Кушон салтанати ва унинг жаҳон цивилизациясининг ривожланишига қўшган ҳиссаси” кўргазмаси каби илмий аҳамиятга эга бўлган тадбирларда иштирок этиш имконини ҳавола қилишди. Илк эллинизмнинг бетакрор ёдгорлиги, археологларга Кампиртепа номи билан маълум бўлган Амударё соҳилидаги Окс Александрияси – юнон истеҳкомининг тантанали очилиши ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Ўзбекистон ўз меросининг бойлиги ва хилма-хиллигидан беқиёс куч олиб, замонавий ҳаётда ҳам ўзининг буюк аждодлари фаолиятига муносиб бўлиш учун барча имкониятларни ишга солишига яна бир бор аминмиз. “Ўзбекистон.Севги афсоналари” фильмида ҳам айнан шу ҳақда ёрқин тарзда ҳикоя қилинади.

Халқаро анжуман ишининг натижалари юзасидан Бутунжаҳон жамиятининг келгуси икки йиллик фаолияти бўйича Йўл харитаси қабул қилинди.

Бу бизнинг умумий ҳаракатларимиз – ғоялар ва лойиҳалар тўпламининг ўзига хос дастури бўлиб, у Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш масалаларини янги босқичга кўтаришига қаттиқ ишонамиз.

Янги альбом-китобларни нашр этиш, шунингдек, дастлабки босқичда баъзи лойиҳаларни амалга ошириш билан бир қаторда, ҳаракатлар дастурида илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтирувчи янги фаолият йўналишлари ҳам мавжуд. Ўрта асрларга оид ноёб ёзма мероснинг факсимил нусхаларини яратишни назарда тутувчи “Ўзбекистоннинг 100 та машҳур қўлёзма обидалари” лойиҳаси шарқшунослик учун катта аҳамиятга эга. Бу дунёдаги турли тўпламлардан ўрин олган ўзбек меросининг улкан, илгари ўрганилмаган дурдона қўлёзмалари тўпламини илмий муомалага киритиш имконини беради.

Бошқа муҳим лойиҳаларни ҳам айтиб ўтиш лозим. Археология фани Ўзбекистон ҳудудидаги қадимий манзилгоҳлар ва объектларни хариталашга жуда муҳтож. Ушбу муаммони “Ўзбекистон археологик ёдгорликлари харитаси” лойиҳасини амалга ошириш орқали ҳал қилишни режалаштирмоқдамиз.

Яна бир долзарб лойиҳа– “Ўзбекистон архитектура эпиграфикаси” бўлиб, у ўтган асрлар меъморий ёдгорликларида сақланиб қолган ноёб ёзувларни тўплаш ва бир неча тилларга таржима қилиш имконини беради. Ушбу серияга мансуб 13 та китоб-альбом аллақачон нашр этилган ва бу борадаги ишлар жадал давом этмоқда. Шу билан бирга, биз Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон ва бошқа мамлакатларда Темурийлар меросининг сақланиб қолган меъморий ёдгорликлари ёзувларини аниқлаб таржима қилишни ҳам таклиф қиламиз.

Шунингдек, “Ўзбекистон архитектура ёдгорликлари каталоги” лойиҳасини амалга оширишни зарур деб ҳисоблаймиз, уни яратиш нафақат тизимли ҳисоб юритишга, балки Ўзбекистон ҳудудида мавжуд ноёб обидаларни дунёга кенг намойиш этишга имкон беради.

Яна бир ташаббус – бу “Ўзбекистон илм-фани ва маданияти олимларнинг асарларида” лойиҳаси бўлиб, у сўнгги юз йилликнинг таниқли олимлари ёзган юксак илмий асарларни ўзбек ва инглиз тилларига таржима қилиш ва қайта нашр этишга имкон яратади.

Парижда Темурийлар жамиятининг 30 йиллик фаолияти давомида нашр этилган La Timuride журналининг сонларини жамлаш ҳам қизиқарли лойиҳалардан бири бўлиши мумкин.

Ўзбекистондаги ноёб маҳаллаларни давлат рўйхатига олиш ва каталоглаштириш лойиҳаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу мазкур бетакрор ижтимоий институтнинг ўзига хос колоритини сақлаб қолишга имкон беради.

Ушбу ўта муҳим масалаларни ҳал қилиш замонавий илм-фанни янада ривожлантириш ва оммалаштиришга, шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилишига ишончимиз комил.

Шубҳасиз, юқорида айтиб ўтилган лойиҳалар Ўзбекистоннинг ёш авлодини ўз юртларига ифтихор ва муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Ёшларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда, биз китоб- альбомлар ва медиамаҳсулотларни нашр этишда энг сўнгги 3Д технологиялардан фойдаланишни бошладик. Бизнинг фикримизча, лойиҳа доирасида дунёнинг етакчи олимлари томонидан нашр этилган китоб-альбомлардаги материаллар Ўзбекистон мактаблари ва ОТМларида ўқув қўлланма сифатида фойдаланишга, шунингдек, Ўзбекистон ва дунёнинг барча кутубхоналарида бўлишга лойиқ.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, биз Янги Ўзбекистонга ва шахсан Сизга юқоридаги лойиҳаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашишга доим тайёрмиз.

Шу билан бирга, Сиз, муҳтарам Шавкат Миромонович, биз томонимиздан қабул қилинган лойиҳаларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни амалга оширишни шахсан қўллаб-қувватлашингизга умид қиламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқига хос шарқона меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорчилик изҳор этиб, Сизга мустаҳкам соғлиқ, инсонпарвар мақсадларингизда ва гуллаб-яшнаётган Ўзбекистонни ривожлантиришга йўналтирилган самарали ишларингизда юксак муваффақиятлар тилаймиз!

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти аъзолари томонидан қабул қилинди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+0° небольшой снегопад
Валюта курси
rightuz