Му5
46

Олис Ғарбнинг кунботар қисмида ёхуд Сан-Франциско бўйлаб 48 соат (Фото)

ДУНЁ 08.09.2019, 17:41
Теглар: Фото
267
Олис Ғарбнинг кунботар қисмида ёхуд Сан-Франциско бўйлаб 48 соат (Фото)

Одатда Ғарб деганда Европа ёхудАмерикани тушунамиз. Аслида Шарқ, Ғарб, Шимол, Жануб тушунчалари ҳамнисбий эканини баъзан унутиб ҳам қўямиз. Биз Ғарб деб атайдиган Американинг ғарбий қирғоқлари Кунчиқар мамлакат номини олган Япония учун шарқ ҳисобланиши Альберт Эйнштейннинг нисбийлик назариясини яна бир карра ёдга солади.

Беихтиёр, Американинг Тинч океанига уланиб кетган Сан-Франциско қўлтиғида туриб, уммоннинг поёнсоз кенгликларига тикиларканман, шу фикрлар хаёлимдан ўтди.

...Мен Сан-Францискони киноларда кўрганман, у ҳақида китобларда ўқиганман. (Буюк Америка ёзувчиси Жек Лондон ҳам шу ерда таваллуд топган). Айни дамда ортимда ана шу улкан шаҳар турганини тасаввуримга сиғдиролмайман. Қаршимда эса кўрфазнинг икки соҳилини бирлаштирган узун пўлат кўприк. Дарвоқе, Америка Қўшма Штатлари бўйлаб ташкил қилинган медиа-тур дастури бўйича сўнгги манзил – Сан-Францискога айнан мана шу – Бей-бридж кўприги орқали кириб келдик.

Америкадаги энг узун кўприк

Окленд ва Сан-Франциско шаҳарларини боғлаб турадиган Бэй-Бриджнинг умумий узунлиги 7200 метрни ташкил қилади ва ўз меъморий ечимига кўра дунёдаги энг гўзал ва йирик осма кўприклар қаторида туради. Кўприкнинг нариги томонида Калифорниянинг йирик шаҳарларидан яна бири Окленд жойлашган. Ҳар куни бу кўприк орқали ўн минглаб машиналар ўтиб қайтади.

Худди шу ердан – соҳилдан сайёҳларни кўрфаз бўйлаб сайр қилдиришга мўлжалланган паромлар қатнайди. Паром ёрдама кўрфаз оралаб шаҳардаги иккинчи кўприк – Golden Gateга қадар сузиб бориш мумкин.

Америкада ҳеч нарсага навбат кутилмайди, деганлар янглишади. Биз ҳам ана шундай паромларнинг бирига чипта олиш учун анча навбат кутдик. Лекин навбатда турган турнақатор одамларнинг охири кўринмайди. Охири сабримиз чидамай ортга қайтдик. Ҳар қалай кўрфазни соҳилда туриб ҳам томоша қилиш мумкин-ку?

Қаршимизда кўрфаз, ортимизда эса, ҳар йили миллионлаб сайёҳларга қучоқ очадиган машҳур шаҳар!

Дарвоқе, Сан-Франциско шаҳри АҚШнинг катталиги бўйча 13-шаҳри ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда 883 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. (Билмадим, негадир мен кўпроқ бўлса керак деб ўйларканман)

Авлиё Франциско хотирасига

Шаҳар номи ўн иккинчи асрда яшаган католик руҳонийси авлиё Франциско д Ассизи(1182-1226) номидан олинган. Икки ярим аср муқаддам бу ерда Америка ҳинду қабилаларидан бири – олонлар истиқомат қилишган. Бу ерга илк бор испан истилочилари 1776 йилдаёқ кириб келган ва яқин орадаги оролда илк манзилгоҳларини (Буэно Йерба)қуришган. Кейинчалик испанлар ородан материк томонга ҳам ўтиб, ўз ҳудудларини кегайтира бошлашган.

Орол 1821 йилгача Испанияга, ундан то 1848 йилгача Мексикага қараган. Америка-Мексика урушидан кейин бутун Калифорния ҳудуди АҚШ ихтиёрига ўтади ва ўша даврлардан бошлаб авлиёФранциск шарафига Сан-Франциско номини олади. Бироқ, шаҳарда ҳозирга қадариспан тили иккинчи тил саналади. Кўчаларда, жамоат жойларида ҳар икки тилдаги эълонларни кўриш мумкин.

1906 йилда юз берган кучли табиий офатлар ҳалокатли таъсир кўрсатади. 7,7 магнитудали зилзила ортидан соҳил бўйидаги шаҳар кучли сув тошқини остида қолади. Кутилмаганда келиб чиққан ёнғин шаҳарнинг катта қисмини кулга айлантиради. Расмий маълумотларга кўра 3000 дан ортиқ одам нобуд бўлади. Шаҳарнинг қайта қад росташи учун йиллар керак бўлди. Бугун эса, Сан-Франциско дунёнинг энг гўзал ва жозибадор шаҳарларидан бирига айланган.

Сан-Франциско ўзининг нисбатан салқин иқлими билан бош шаҳардан фарқ қилади. Ҳатто Аризонада ёз чилласида нафас олиш қийин бўлиб турган бир пайтда кечки пайт Сан-Франциско кўчаларида қалинроқ кийинмасангиз, совқотишинги ҳеч гап эмас. Бир пайтлар Марк Твен ҳазиллашиб “мен умримдаги энг қаҳратон қишни Сан-Францискода, ёз ойларида кўрганман” деган эди. Чиндан ҳам шаҳарни океан тўлқнлари ва совуқ ҳаво оқими ювиб туради.

“Олтин дарвоза” остонасида

Хуллас, Бэй-Бриждан “Олтин дарвоза”гача паромда сузиб бориш насиб этмади. Шаҳарнинг энг хушманзара масканларидан бўлган бу ҳудудда қуруқлик орқали – таксида боришга қарор қилдик. Шаҳардаги тирбандлик сабаб 10-12чақиримлик масофани бир соатдан кўпроқ вақт давомида босиб ўтишга тўғри келди.

Соҳилбўйича яқинлашган чоғда йўлнинг икки томонни эгаллаган ям-яшил тепаликлар, яшил ўрмонлар кўзга ташланади. Ниҳоят “Олтин дарвоза” (The Golden Gate Park) паркига кириб борамиз. Парк сайёҳлар ва шаҳарликларнинг энг севимли маскани. Баланд тепаликлардан туриб, Тинч океанининг муҳташам манзараларини кузатиш кишига айрича завқ беради.

Денгиздан кўтарилаётган булутлар орасидан Сан-Францискони штатнинг Марин округи билан боғловчи “Олтин кўприк” (Golden Gate) ора-сира кўзга ташланади.

Парк шаҳарнинг океанга туташКрисси-фильд водийсида жойлашган. Ўтган аср бошларида бу ерда ҳарбий аэродром қурилган. Биринчи жаҳон уруши даврида бу аэродром муҳим стратегик вазифаларни бажарган. 1919 йилда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари майори Дана Крисси ҳарбий самолётда Солт-Лейк Сити аэродромида учиш-қўниш машқларини бажараётиб, ҳалокатга учрайди. Шу тариқа марҳум майорнинг номини абадийлаштириш мақсадида бу ҳудудга Крисси филд (Крисси даласи) номи берилади.

1976 йилда ҳарбий аэродром ёпилади. 1994 йилда эса, Олтин дарвоза парки кенг омма учун очиқ деб эълон қилинади.

Крисси фильд ям-яшил далалар мовий денгиз билан туташган ҳудуд. Олисдан шиддан билан ёпирилиб келаётган асов тўлқинлар худди бир мудат тин олмоқчидек ўзини заминнинг яшил кўрпасига устига ташлайди-ю, ниманидир унутгандек яна сирғалганча ортга қайтади.

Ўтлоқда дам олиш кунини ўтказиш учун келган кўплаб оилалаларни кўриш мумкин. Калифорнияда 70 дан ортиқ миллат ва эталлар яшайди. Шу боис қулоққа турфа тиллардаги хитоблар чалинади. Беихтиёр дайди шаббодалар қаердандир янги пишаётган кабоб ҳидини димоққа уради. Ана, сал нарироқда эронлик йигит кўрага терилган кабобларни газета билан елпияпти. Ён-атрофида болалари чопқиллаб юрибди. Ундан сал нарироқда хитойлик ёш келин-куёв қўлтиқлашиб, сокин сайр қилишади. Зум ўтмай ёнимиздан малласоч қиз телефонда ким биландир русча гаплашиб ўтиб кетяпти. Очиқ денгиз соҳилида қирмизи сари кийган ҳинд аёли кайтини пешонасига тираб яқин атрофда чўмилаётган болаларини хавотир билан кузатади.

Жиноятчилар ороли

Олис-олисларда эса, бир пайтлар кўпчилик номини хавотир билан тилга оладиган Алькатрас ороли кўринади. Алькатрас қамоқхонаси кўриниб турибди. Алькатрас тарихда ўзининг қатъий режимли қамоқхонаси билан ном қозонган.

Дастлаб XIX аср ўрталарида ҳарбий истеҳком сифатида қурилган бу қалъа кейинчалик ҳарбий асирлар учун қамоқхонага айлантирилган. Бу ерда узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган энг ашадий жиноятчилар сақланган.Бир пайтлар жиноятда оламининг машҳур вакили Аль-Капоне ҳам умрининг бир қисмини шу ерда тутқунликда ўтказган. Бу қамоқхона “Чўққи”, “Алькатрасдан қочиш”, “Биринчи даражали қотиллик” фильмлари орқали ҳам томошабинларга яхши таниш.

Алькатрас 1963 йилда қамоқхона сифатида ўз фаолиятини тўхтатади. Бунга сабаб қилиб маҳбусларни оролда ушлаб туриш жуда қимматга тушгани айтилади. 1969 йилда бир гуруҳ туб америкалик ҳиндулар оролни батамом эгаллаб олишади ва у ерни шахсий мулклари деб эълон қилишади. 1971 йилда Америка ҳукуматининиг қарори билан ҳиндулар оролдан чиқарилади ва у “Олтин кўприк” Миллий паркининиг бир қисми деб эълон қилинади.

Бир пайтлар бу орол алоҳида иҳоталанган ҳудуд ҳисобланган. У ерга фақат тегишли рухсаномаси бўлган давлат хизматчилари киритилган холос. Бугунги кунда орол ва ундаги эски қамоқхонага бориш туристлар учун қийинчилик туғдирмайди. Қирғоқдан Алькатрасга махсус паромлар қатнайди. Лекин афсуски, саёҳтимиз дастурида бўлмагани учунми. Бу тарихий оролга бориш ва эски қамоқхонани кўздан кечириш ҳам насиб этмади.

“Олис Ғарб”нинг шарқона гўшаси

Маълумки, дунёнинг турли йирик шаҳарларида (Хитойдан ташқарида) хитойликлар яшайдиган ёхуд фаолият кўрсатадиган даҳалар Чайна-таун (China Town) деб аталади. Дунёдаги энг катта ва энг қадимий хитойликлар даҳаси ҳам айнан Сан-Францискода жойлашган.

1860 йллардан бошлаб, Хитойдан Тинч океани орқали жуда кўп муҳожирлар Сан-Францискога оқиб кела бошлайди. Улар Американинг йирик концернларида арзон ишчи кучи сифатида ёлланиб ишлашарди. Бу эса кейинчалик шаҳарда ишсизлик дажасининг ортиши ва аҳолининг жиддий норозилигига сабаб бўлди. 1882 йилда маҳаллий ҳукумат хитойликлар миграциясини чеклаш ҳақида қарор чиқарди. Аммо, кейинчалик шаҳарда аҳолининг камайиб кетиши бу қарорнинг бекор қилинишига сабаб бўлди.

Бугун шаҳар аҳолсининг бешдан бир қисмни хитойликлар ташкил қилади. “Чайна-таун” кўчаларини кезар экансиз, ўзингизни Америкада эмас, кўпроқ Пекин ёки Шанхай кўчаларида юргандек тасаввур қиласиз.

Чунки ҳар қадамда хитой маҳсулотлари билан савдо қиладиган дўконлар, Хитой ресторанлари, маданий марказлари, девор ва пештоқларда Хитой иероглифлари кўзга чалинади. 1970 йилдан бошлаб, ҳар йили бу ерда хитойча янги йил фестивали ўтказилади...

Ва ниҳоят...

Албатта бу ғаройиб шаҳарнинг гўзалликларидан баҳраманд бўлиш учун бир-икки кун камлик қилади. Қолаверса, “сеҳрли диёр” бўйлаб сафаримиз ҳам қарий бошлаганди. Сан-Франциско халқаро аэропорти орқали кўҳна қитъага, у ердан эса Ватанга тезроқ етиб боришга ошиқамиз. Самолёт ердан кўтарилган чоғда Кунботарнинг ғарбида қуёш уммон бағрига эндигина бош қўйганди. Иллюминатор оша асрнинг шиддатли қиёфасини ўзида акс эттирган йирик шаҳар билан ғойибона хайрлашдик.

Рустам Жабборов

Шарҳлар

II Ўзбек-Беларус ёшлар IT форумида қандай мавзулар кўтарилади?

20.11.2019, 16:27

2018 йилнинг 15 декабрь кун Белоруссия Республика ёшлар иттифоқи (БРЁИ) ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ҳамкорлик тўғрисида муморандум имзоланганди. Ушбу меморандумнинг асосий мақсади – Беларус...
Жанубий Кореяда ватандошларимиз Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб этишди

30.10.2019, 11:48

Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган фаол ватандошларимиз “Сеул халқаро маданиятлар фестивали” доирасида Ўзбекистонинг маданияти, санъати ва туризм салоҳиятини тарғиб этишди.  Тадбирда ўзбек миллий таомлари ва қандолатчилик маҳсулотлари...
Хорижий ижодкорлар ўзбек ёшларига маҳорат-сабоғини ўтишди

10.10.2019, 16:32

“Ёзувчи/рассом/маданият ходими резиденцияда” дастури иштирокчилари Ёшлар пресс клубида ижодкор ёшлар билан учрашишди.Ўзбек ва хориж ижодкорлари ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу резиденция дастурининг дунёнинг турли...
Сурхондарёда уч эгизак дунёга келди

07.10.2019, 18:03

Куни кеча Термиз шаҳар Саҳоват маҳалласидаги Ҳайдаровлар хонадонида уч нафар эгизак фарзандлар дунёга келди. Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимида кўзи ёриган сурхондарёлик Ирода Хўжамова икки...
Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+9° дымка
Валюта курси
rightuz