42

Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси лойиҳаси муҳокама этилди

ЖАМИЯТ 15.09.2019, 13:31
245
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси лойиҳаси муҳокама этилди

Агросаноат мажмуи иқтисодиётида давлатнинг роли, пахта ва ғалла етиштириш бўйича давлат буюртмаси амалиётидан воз кечиш, шунингдек, вилоят ҳокимлари ва жойлардаги давлат идораларининг ердан фойдаланиш борасидаги мавжуд ваколатлари қайта кўриб чиқилади. Лекин булар 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Стратегиясида белгиланган аниқ ўзгаришларнинг тўлиқ рўйхати эмас. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан тайёрланган Стратегияни ишлаб чиқишда Жаҳон банки, Европа Иттифоқи делегацияси ва бошқа халқаро ташкилотлари экспертлари, шунингдек республиканинг манфаатдор вазирликлари мутахассислари иштирок этди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалик вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Стратегиясида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 9 та устувор йўналиши белгилаб берилди:

Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳа бошқарувида давлат иштирокини камайтириш ва инвестицион жозибадорликни ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Давлат бошқарувининг замонавий тизимларини ривожлантирш, тармоқни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат харажатларини босқичма-босқич диверсификация қилиш, қишлоқ хўжалиги илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, тармоқ статистикаси ва маълумотлар йиғишнинг шаффоф тизимларини ишлаб чиқиш.

IMG_7215.JPG

«Қишлоқ хўжлигини ривожлантиришдан манфаатдор бўлган, ушбу йўналишда ўз тажрибасига эга бўлган барчани Стратегияни муҳокама қилиш ва келгусида қайта ишлаб чиқишда фаол иштирок этишга чақирамиз, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев. – Ҳужжат деҳқонлардан бошлаб фаолияти экспортга йўналтирилган йирик корхоналарни, соҳанинг барча иштирокчиларини ҳозирги кунда ўйлантираётган кўплаб долзарб масалаларни қамраб олган. Биз Стратегияда белгилаб берилган ислоҳотларни амалга ошириш учун қисқа 10 йил вақтни олдик, аммо бу ўзгаришлар муҳим аҳамиятга эга бўлишига ва соҳани қудратли иқтисодий ва стратегик ривожлантириш учун имконият ва истиқболларни очишига аминмиз».

Ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилди.

Фермерларга маҳсулот етиштириш ва бозор танлашда тўлиқ эркинлик берилади

Стратегияда пахта ва буғдой етиштириш, ҳосилни сотиш ва қайта ишлаш жараёнларини давлат томонидан назорат қилишни босқичма-босқич камайтириш, режалаштириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барча турларини диверсификация қилиш кўзда тутилган. Моддий-техник ресурслар, хизматлар ва маҳсулотни қайта ишлаш соҳасидаги стратегик аҳамиятга эга бўлмаган давлат корхоналари хусусийлаштиришга берилади.

- Бир ўйлаб кўринг: барчамизда тўрт миллион гектарга яқин қишлоқ хўжалиги ерлари бор ва бу ерлар унумдор бўлиб, бузилиб кетмаслиги ва келажакда мамлакат аҳолисини таъминлаши учун уларни қандай бошқариш кераклигини ҳал қилишимиз керак", деди Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев журналистлар билан учрашувда. - «Давлат раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланаётган Стратегияни ишлаб чиқувчиларнинг асосий эътибори фермерларни, ишлаб чиқарувчиларни ва агросаноат корхоналарини экинлар ва бозорларни танлашда тўлиқ эркинлик билан таъминлайдиган секторни тартибга солишга қаратилган. Аммо бу ўринда гап соҳада маҳсулдорликнинг ошишини таъминлайдиган механизмларни босқичма-босқич жорий этишга ўтиш ҳақида бормоқда, чунки узоқ йиллар давомида кўплаб фермер хўжаликлари ва инфраструктура тўлиқ ҳолда муайян қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга йўналтирилган, маҳсулотларни сотиш билан эса давлат шуғулланиб келган. Яъни, янги шароитда деҳқонлар қишлоқ хўжалигига, ердан фойдаланишга ва бозор шароитларига бўлган муносабатларини тўлиқ қайта кўриб чиқиши керак бўлган».

Стратегияда 2021 йилдан барча қишлоқ хўжалиги экинлари учун бозор нархига ўтиш режалаштирилган, шунингдек пахта ва буғдойнинг давлат харидлари бекор қилиниб, пахта ва буғдой аралашув фондини сақлаб туриш учун фақат кластерлар орқали амалга оширилади.

Ердан фойдаланишга бўлган ҳуқуқ ҳокимлар томонидан белгиланмайди

Стратегиядан кўзланган мақсад секторни ўзгартириш, соҳага илғор технологияларни жадал ва самарали жорий этишга кўмаклашиш, ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, шунингдек, мамлакат аграр секторини инновацияларнинг самарадорлиги ва даражаси бўйича етакчи соҳалардан бирига айлантиришдир. Шу билан бирга, Стратегия давлат хизматларининг манбаи сифатида давлатнинг ролини қайта кўриб чиқишга йўналтирилган бўлиб, хусусий фермер ва корхоналар глобал рақобат шароитида гуллаб-яшнаши учун уларни зарур билим, ахборот ва манбалардан фойдаланишларини таъминлаш орқали ушбу ўзгаришларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёрдир.

IMG_7203.JPG

«Стратегияда ердан фойдаланишга бўлган ҳуқуқдек ўта муҳим мавзу кўтарилган, – дейди вазир Жамшид Ходжаев. – Фермерларда узоқ йиллар давомида ўзларига тақдим этилган ерлардан қанча муддат давомида фойдаланишлари мумкинлигига ишонч йўқ эди. Айнан ушбу жойда фермер ва деҳқонларда ерга нисбатан истеъмолчилик муносабати пайдо бўлди. Ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлиқ аксарият масалалар вилоят ҳокимлиги даражасида ҳал этиб келинган. Стратегияда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкаларини очиқ онлайн-аукционлар орқали тақдим этишга қаратилган шаффоф механизм таклиф этилган. Шу билан бирга, ердан фойдаланиш ҳуқуқини фақат суд қарори асосида қайтариб олиш мумкин бўлади ҳамда ушбу масалага ҳокимларнинг аралашувига йўл қўйилмайди. Ердан фойдаланишга бўлган бундай кафолатланган ҳуқуқ одамларнинг ерга бўлган, ўзига бўлган муносабати ўзгаришига сабаб бўлади. Буларнинг барчаси деҳқонлар, фермерлар ва кластерларни маҳсулдорликни оширишга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳамда тупроқнинг емирилишининг олдини олишга туртки берадиган сармояларни жалб этишга ундайди.

Стратегияда "биринчи рад этиш" механизмини жорий қилиш муҳимлиги ҳақида сўз юритилиб, унга кўра ер майдонлари биринчи навбатда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдан манфаатдор, етарлича имконият ва тажрибага эга бўлган қўшни ер эгаларига берилади. Фақатгина улар рад этган тақдирда ер майдонлари бошқа салоҳиятли харидорларга онлайн-аукционлар орқали тақдим этилади. Стратегия доирасида деҳқон хўжаликларига аниқ бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун ер майдонини етарли даражада кўпайтириш кўзда тутилган.

«Шунингдек, ердан фойдаланиш ва ижарага бериш ҳуқуқини суб-лизинг асосида бериш механизмини жорий этиш режалаштирилган бўлиб, 2021 йилга келиб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг кадастр қийматини аниқлаш, солиқ тизимларини қайта кўриб чиқиш ва иккиламчи бозорни ривожлантириш ва узоқ муддатли ижара ҳуқуқларидан гаров сифатида фойдаланишни йўлга қўйиш режалаштирилган», – дея қўшимча қилди Жамшид Ходжаев.

Давлат қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий салоҳиятни ривожлантиришни молиялаштиради

Стратегия доирасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги воситаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кичик тармоқлар маҳсулдорлигини, ер унумдорлигини ошириш, сувни тежайдиган технологияларни жориы этиш ва фанни ривожлантириш дастурларини молиялаштиришни кўпайтириш режалаштирилган.

«Бугунги кунда ишлаб чиқарувчиларнинг асосий манбалардан, масалан, яхшиланган уруғлик навларидан фойдаланиш имконияти чекланган, маҳаллий ўсимликлардан кўп турларининг ҳосилдорлиги паст ва ташқи бозор талабларига етарлича мослашмаган, – дея таъкидлади Қишлоқ хўжалиги вазири. – Стратегияга мувофиқ, давлат таълим тизимини ривожлантиришга, илмий марказлар ва институтларни ислоҳ қилишга ҳамда модернизация қилишга, ахборот ва маслаҳат ёрдамини жорий этиш каби мақсадларга маблағ ажратишни кўпайтиради. Халқаро стандартларга мувофиқ Миллий ген банкини яратиш ва ўсимликлар яратувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда».

Стратегияда шунингдек, ишончли статистик маълумотлар ва бозор ахборотларини тўплаш, таққослаш ҳамда тарқатиш имконини берадиган рақамли агроозиқ-овқат тизимига ўтиш ҳам кўзда тутилган.

Ҳосилни суғурталаш механизмлари кучайтирилади

Стратегиянинг асосий аҳамиятга эга жиҳатларидан бири боғдорчиликнинг аниқ йўналтирилган тармоқларини ривожлантириш бўлиб, бу борада Ўзбекистон Республикаси етарли даражада рақобат устунлигига эгадир. Муҳим жиҳатлардан бири – агросаноат сектори иштирокчиларига мавжуд ва янги ишлаб чиқарувчилар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ривожланиши ва гуллаб-яшнашига ёрдам берадиган интеграциялашган қўшимча қиймат занжирларини яратишда кўмаклашишдир.

«Қўшимча қиймат занжирини ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини 2018 йилдаги 2,3 дан 2030 йилгача 20 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсадида, шунингдек, экспорт географиясини кенгайтириш билан бир қаторда, Стратегияда ҳосилни суғурта қилиш механизмларини кучайтириш, жумладан омбор сертификатларини жорий этиш, ЖСТнинг СФС Битимига мувофиқ миллий тизимни ислоҳ қилиш ва Халқаро Эпизоотик бюронинг халқаро стандартларига мувофиқ ҳайвонларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш, Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш Халқаро Конвенциясига қўшилиш назарда тутилган», - дея таъкидлади вазир.

Шунингдек, пестицидларни рўйхатга олиш тизимини ва пестицидларнинг рухсат этилган максимал миқдорини такомиллаштириш, шунингдек агрологистик марказларнинг ягона тизимини ишга тушириш, ягона савдо тизимини (аукционлар ва биржалар) жорий этиш, генетик модификацияланган экинлар ва ўсимлик навларини (ГМО) синаш учун махсус лаборатория ташкил этиш режалаштирилган.

Экология, табиий ресурслар ва озиқ-овқат хавфсизлиги эътибордан четда қолмайди

Жаҳон ресурслар институтининг маълум қилишича, 2040 йилга бориб Ўзбекистон сув танқислиги юқори бўлган 33 мамлакат қаторидан жой олади. Шу боисдан мамлакатда мавжуд ирригация тизимларини модернизация қилиш янгиларини қуриш зарурати туғилмоқда. Мамлакатдаги суғориш тармоқларининг 70 фоизи антифилтрацион қопламага эга эмас ва бунинг натижасида етказиб бериш босқичида сувнинг бир қисми йўқолмоқда. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигини суғориш суви билан таъминлашдаги йўқотишлар 40 фоизга баҳоланмоқда.

«Стратегияда ижтимоий жиҳатларга, озиқ-овқат хавфсизлигига, шунингдек, экология ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда ушбу муҳим таркибий қисмларсиз қишлоқ хўжалигининг истиқболлари ҳақида гапириш мумкин эмас, – дейди Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев. – Стратегияда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг умумий майдонини сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олишни 2018 йилдаги 5 фоиздан 2030 йилда 40 фоизга ошириш вазифаси белгиланган. Ушбу мақсадда, яқин келажакда 2020-2030 йилларга мўлжалланган Сув хўжалигини ривожлантириш Концепциясини қабул қилиш ҳамда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган».

Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида ер ости сувларидан фойдаланувчиларнинг ягона давлат статистика ҳисоботларини юритиш зарурлиги қайд этилган бўлиб, сувни тежайдиган технологияларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар ва харидорларни қўллаб-қувватлаш, тупроқнинг шўрланиш даражасини кузатиб бориш учун вертикал ва ер ости мелиоратив технологиялари ва тизимларини жорий этишнинг қўшимча механизмларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Стратегияга мувофиқ 2021 йилда суғориш ва мелиорация соҳасида илк давлат хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, суғориш инфратузилмаси қисман кластерлар, кооперативлар ва бирлашган ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа шаклларига тезкор бошқарувга берилади.

«Сув йўқотилишини камайтиришдан манфаатдор бўлиш фермерларнинг суғориш тизимининг самарадорлиги ва маҳсулдорлигини оширишга хизмат қиладиган инфратузилма яратилишига тўғридан-тўғри таъсир қилади ҳамда бу мақсадлар учун давлат бюджетидан ажратиладиган харажатларни камайтиради, – дея тушунтиради Жамшид Ходжаев. – 2022 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалигида сув таъминоти хизматлари учун тўлов тизимини жорий этиш ҳам таклиф қилинмоқда. Ҳозирда сувнинг сезиларли даражада қадри тушиб кетган ва бу кўпинча сув истеъмоли масалаларига лоқайдларча муносабатда бўлишга, сувнинг ҳаддан ташқари кўп сарфланишига, бунинг натижасида шўрланиш, тупроқ минераллашуви, унинг қисман ёки тўлиқ бузилиши каби кўплаб муаммоларга олиб келади. Бундан ташқари, қуруқ иқлим ҳамда сув ресурсларимиз чекланган шароитда бундай бемаъни ёндошувлар нимага олиб келиши мумкинлиги ҳақида олдиндан ўйлаш муҳим аҳамиятга эгадир».

Стратегияни амалга ошириш мониторинги

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳужжат лойиҳаси юзасидан тушган барча шарҳлар, мулоҳазалар ва таклифларни тўплайди ва таҳлил қилади. Натижаларга кўра, Стратегия лойиҳаси ва уни амалга ошириш доирасида таклиф этилаётган чора-тадбирлар тўғрисида матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган.

«Стратегия қабул қилингандан сўнг, таркибига манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари кирадиган махсус ташкил этилган Мувофиқлаштирувчи кенгаш иш олиб боради. Стратегияни амалга ошириш доирасида ҳар йили «йўл хариталари» қабул қилинади ва бу ҳам идоралараро даражада, ҳам ҳамкор ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш имконини беради», – дея тушунтирди вазир.

Брифинг якунида Иқтисодий ривожланиш маркази директори, иқтисодчи Юлий Юсупов бутун мамлакат ушбу Стратегияни амалга ошириришдан манфаатдор эканига ишонч билдирди.

- Мазкур ҳужжат стратегик аҳамиятга эга бўлган ривожланиш лойиҳаларининг дастлабкиси. Стратегиясиз соҳани ривожлантиришни тасаввур этиш қийин, мазкур ҳужжат иқтисодиётимизни ривожлантиришнинг асосидир, деди Юлий Юсупов. - Ҳужжат, менинг фикримча, ҳақиқатан ҳам икки жиҳатдан революцион аҳамиятга эга: ҳужжат тузилмаси ҳамда унда кўзда тутилган ислоҳотлар. Бир-бирига боғлиқ бўлган муаммоларни ажратилган ҳолда ҳал этиш қийин. Биз бозор иқтисодиётига мос бўлмаган муаммоларни бартараф этмас эканмиз, самарали натижага эга бўла олмаймиз. Стратегия айнан муҳим муаммоларни ўз ичига олган.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+21° ясно
Курсы валют
9448.53
USD -6.71
10553.06
EUR 114.48
147.70
RUB 0.45
rightuz