Му5
46

Меҳрнинг меъёри ёхуд «асалнинг ози ширин» (Ҳажвия)

МУТОЛАА 07.10.2019, 15:14
Теглар: ҳажвия, меҳр
909
Меҳрнинг меъёри ёхуд «асалнинг ози ширин» (Ҳажвия)

Озроқ уйқуга тўядиган куним – якшанба. Бугун ширин уйқумни телефон қўнғироғи бузди. 

– Абдулазизмисан? Салом,– дея нотаниш кимсанинг овози эшитилди. Сенлаб гапиришига қараганда қайсидир қариндошим ёки эски танишлардан бўлса керак. У худди тепамда туриб гапираётганга ўхшарди. – Ҳа, уйқусираб ётибсанми? Ўзи талабаликдаям уйқучи эдинг... 

– Ассалому алайкум, – дедим кимлигини эслолмай. 

– Ҳа, танимадингми? Шунақа, катта шаҳарда юрганлар биздақаларни танимайсизлар-да...

Қочирим гапидан дафъатан эсладим. Талабалар шаҳарчасида ётоқхона коменданти бўлган Шакарбек ака! Янги ўқув йили бошланганида кўзимизга авлиёдек кўринар, хонамизга жойлашганимиздан кейин ҳам меҳр кўрсатиб юрарди. Ўзи Биология факультети кечки бўлимида ўқир, мендан китоб сўраб турар, баъзан конспект ёзиб беришимни илтимос қиларди... 

– Э-ййй, Шакарбек ака! Сизни унутиб бўладими!.. 

– Яшавор, укагинам! Ўзи оқибатли бола эдинг-да… Доим эслаб, соғиниб юраман. Телефон рақамингни биттаси берганди, суюниб кетдим, – деди у самимий оҳангда. – Қара, танишганимизга қирқ йилдан ошибди. Гапиришинг ўша-ўша! Олтин зангламас, деганларидек, ўзинг тилла бола эдинг-да... 

Қадрдонимнинг соғинчга тўла гурунгини бир соатча жимгина эшитдим. Шу пайтгача қилган ишлари ҳақида тўлиб-тошиб сўзларди. 

– Энди ўзингдан гапир, – деди ниҳоят менга сўз навбатини бериб.– Қаерда ишлаб юрибсан? 

Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглаб, қўшнимиз ошга чақириб қолди. Дарвоқе, бугун маҳалла оқсоқолининг муовини тўйга таклиф этганди... 

Шакарбек ака билан гапни қисқа қилиб, тўйга отландим. 

Кечки пайт яна қўнғироқ жиринглади: 

– Абдулазизбек, иним, энди ҳангомани давом эткизсак бўладими? – Маҳтал бўлиб ўтиргандек гап бошлади Шакарбек ака. 

– Бемалол, – дедим иштиёқ билан. 

Эски қадрдонлар билан ҳангоманинг гашти бошқача-да. Худди ёшлик боғларида қайтадан сайр қилиб юргандек бўласан. Шакарбек ака Миёнқолда шунча йил ишлаб, энди пенсияга чиққанини, Тошкентга келса, албатта мени топишини айтганида севиниб кетдим. 

– Унгача телефон орқали дийдорлашиб турамиз,– деди у.– Давраларда ўқиган шеърларингни соғинаман. Кўп гапларингни эслаб юраман...

Бир маҳал соатга қарасам, ярим тундан ошибди. 

Эрталаб уйдан чиққаним ҳамоно мобил телефоним жиринглади. 

– Ишга кетаётган бўлсанг керак-а? – Кўриб тургандек гап бошлади Шакарбек ака.– Қанча вақтда етасан? Ярим соатда, дейсанми? Жуда соз. Манзилингга етгунча мазза қилиб ҳангома қилиииб борамиз... Пенсияга чиққанимдан буён уйда ўтираман. Сен билан гурунглашган сайин мазза қилиб енгил тортаяпман. 

Ишхонамга етиб боргунча чиндан ҳам гурунг қизиди. 

Уйга қайтишимда яна қўнғироқ орқали ҳангома давом этди. 

Шакарбек аканинг гаплари шакардан ширин! Талабалар шаҳарчасида кечган ўша ўт-оловли давримизни кунма-кун эслатар, ажиб хотираларни кўз ўнгимда гўё қайта жонлантирарди. 

Гап-гап билан тун ярмидан оққанини сезмай қолибман... 

Эртаси куни яна йўл-йўлакай гурунг қизиди. 

Суҳбат зўр бўлса, вақт ўтганини сезмай қоласан. Бир пастда ишхонамга етиб келгандекман. Кун бўйи унинг гап-сўзларини ўйлаб юрадиган бўлиб қолдим. Шакарбек акага қойил, талабалик даври кўрган-кечирганларимизни дақиқама-дақиқа хотирасида сақлаган! Ҳаммасини бирма-бир айтаётганида ажиб манзаралар кўз ўнгимда қайтадан жонланаверади... 

Кечки пайт яна қўнғироқ, у ёғи ярим тунгача... 

Эрталаб ҳангоманинг давоми, бу ёғи ишхонага етгунча... 

Ўзим сергаплигимдан хижолат чекиб юрардим. (Бунинг учун қанча дашном эшитганман). Бироқ, Шакарбек аканинг олдида ип эшолмас эканман-ку. Бай-бай-бай, гаплари худди маржондек, киносценарийнинг ўзгинаси. Ҳар бир эпизод кўз олдингдан лентадек ўтаверади. 

Ишдан қайтишда яна ҳангома, кўз юмилгунча... У ёғи тушга уланиб кетади. 

Телефон “жиринг” деса, юрагим “ширинг” этиб кетадиган бўлиб қолди. 

Одам ҳангомага ҳам тўяркан. Бизники ошиб-тошиб кетди. 

Қанча ишларим чала қоляпти. Не ҳолки, поёни кўринмас ҳангомалардан меҳр булоғига ғарқ бўлиб кетяпман. Меҳрнинг меъёри бўлишини англаб етдим. Асалнинг ози ширин, деган мақолни теранроқ тушундим... 

Бироқ, буни ўша меҳрибон инсонга тушунтиришга ожизман.

“Ака, бўлди-да энди, кўп ишларим қолиб, миям ачиб кетаяпти. Ҳафтада бир марта телефонлашсак етиб-ортади” дейишга менда тил, эшитишга унда қулоқ етишмайди... 

Буни ҳеч қачон ўзига айта олмасам керак. Қирқ йиллик қадрдонни ранжитиб қўйгандан кўра миямнинг қатиғи чиқиб кетгани маъқул... 

Юсуфбек ҳожи таъбири билан айтганда, Шакарбек аканинг ҳар нарсага етган ақли шунга қолганда “оқсагани” чатоқ-да... 

Хўш, азиз ўқувчим, менинг ҳолимга тушиб қолсангиз, сиз қандоқ йўл тутган бўлар эдингиз? 

Тўлқин ЭШБЕК 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+8° дымка
Валюта курси
rightuz