Му5
44

ҲУМОЮН

МУТОЛАА 11.10.2019, 14:48
734
ҲУМОЮН

Воқиф Султонли

ҲУМОЮН

Тарихий ҳикоя

 

Табиб бемор ётган чодирдан чиқиб, икки букилганча, Бобурнинг ҳузурига кирди: ҳукмдор қўли билан ишора қилгач, тахт қаршисидаги гилам устига тиз чўкди. Гарчи ҳали гап бошламаган бўлса-да, табибнинг жим туриши, юзларидаги паришонлик ифодаси беморнинг аҳволидан дарак бериб турарди. 

Бобур табибнинг тараддудидан сабрсизланди:

– Мендан ҳеч нарсани яширмасдан, борини гапир, - деди.

Табиб кўзларини ҳукмдордан олиб қочаркан, аранг тилга кирди: 

– Аълоҳазрат...

Бобур унинг сўзларини шарт кесди: 

– Кўзимга тик қараб гапир!

Табиб аранг журъатини тўплади: 

– Аълоҳазрат, беморнинг аҳволи оғир, очиғи нима дейишга ҳам ҳайронман. Бир қошиқ қонимдан кечинг, аммо... муолажадан наф чиқмас деб қўрқаман. 

Йигирма икки ёшли Ҳумоюн Бобурнинг тўнғич ўғли эди. Ҳукмдор ўғлига шу қадар боғланиб қолгандики, нафақат салтанат, балки ўз келажагини ҳам усиз тасаввур қилолмасди. Ҳумоюн хасталаниб қолганидан бери, Бобурнинг кўзларига дунё қоронғи бўлиб қолган, ҳаёт ўз маъносини йўқотгандек эди. Мамлакатнинг турли ҳудудларидан таклиф қилинган табиблар хастанинг дардига даво топишолмади. Ҳимолайнинг баланд қоялари бағридан терилган гиёҳлар, гуллардан тайёрланган малҳамлар ҳам фойда бермади. Ҳакимларнинг хатти-ҳаракатларига қарамасдан, Ҳумоюннинг аҳволи тобора оғирлашар, бу эса Бобурни янада ғамга ботирарди. 

Саройда ҳамма нарса ўз мувозанатини йўқотган эди. Бутун сарой аҳли шаҳзоданинг саломатлигидан хавотирда, бошқа масалалар хусусида ҳукмдорни безовта қилишни хаёлига ҳам келтирмасди. 

Заҳарланганидан бери, ҳатто энг яқин одамларидан ҳам шубҳаланадиган бўлиб қолганди. Ҳаким чиқиб кетгач, Бобур ўғлидан хабар олиш учун унинг чодирига кирди. Бемор сўлғин нигоҳларини бир нуқтага тикканча ҳаракатсиз ётарди. Узлуксиз давом этаётган иситма Ҳумоюнни ҳолдан тойдирган, уни таниб бўлмас ҳолга солганди. Бир пайтлар юз-кўзларида ҳаёт шавқи тошиб турган йигитдан ном-нишон қолмаганди. 

Отасининг келганини пайқаб, Ҳумоюн бир қимирлаб қўйди. Лекин бошини ёстиқдан кўтаришга мажол топмади. Бобур ўғлининг ёнига тиззалаб, унинг қўлини кафтлари орасига олди, олов бўлиб ёнаётган бармоқларини уқалади. Йигитнинг чала юмуқ киприклари орасидан кўз ёшлари сизди. Ҳукмдор ипак дастрўмоли билан ўғлининг ёшларини артди.

Бобур ўғлининг кўзларида умидсизлик нишоналари кўриб, ичидан нимадир узилгандек бўлди. Ўғлининг аҳволи Аграга келган илк кунларда бунчалик оғир эмасди. Ўша кунларда шаҳзоданинг юзларида соғайиш умиди яққол сезиларди. Энди эса... Иситманинг таъсириданми, бемор тез-тез алаҳсирар, тушунарсиз гапларни гапирар, баъзан совуқ тер босар, юзи гоҳ оқариб, гоҳ кўкарар, ранг олар, бир муддат ҳушини ҳам йўқотарди. 

 

* * *

Бобурнинг аёли Моҳим бегим ҳам ўғлининг бошидан бир қадам жилмас, кечаю кундуз беморга ўзи қарарди. Ўғлининг кўз ўнгида сўниб бораётганидан ўзини қўярга жой топа олмай турган ҳукмдор аёлининг мутеъ ва умидсиз қарашларидан баттар эзилди. Фақат Моҳим эмас,  қизлари Гулранг билан Гулбадан  ҳам эртаю кеч акаларининг боши узра парвона эдилар. 

Тушдан кейин Моҳим бегимнинг илтимосига кўра, саройга Мир Абулқосимнинг келганини эшитиб, Бобур тахт томон юрди. Мир Абулқосим таниқли уламо бўлса-да, унинг маслаҳатлари ўғлининг оёққа туришига ёрдам беришига унчалик ишонмасди. Ахир манаман деган табиблар бирор чора тополмагач, у нима ҳам қила оларди? Аммо, чўкаётган чўпга тармашади, деганларидек, у ҳам озгина умид қилиш мумкин бўлган ҳар қандай чорани қўллашга шай турарди. Қолаверса, ўғлининг ғамида тунни кунга улаётган Моҳим бегимнинг раъйини синдиришни ҳам истамади. 

Абулқосим шоҳнинг юзидаги паришонликни дарҳол пайқамади ва гапни қисқа қилди:

- Аълоҳазрат, бемор оёққа турмоғи учун бирор нарсани тасаддуқ қилиш керак бўлади. 

Бобур ниманидир ўйлаётгандек жим турганини кўриб, шайхулислом давом этди: 

– Сизда бир қимматбаҳо олмос бор ди. Адашмасам, Иброҳим Лоди билан уруш пайтида қўлга киритилган. Ана ўшани тасаддуқ қилсангиз... 

Бобур шу аснода хазинабонни чақириб, қимматбаҳо олмос – Кўҳинурни келтиришни буюрди. Хазинабон кўп ўтмай, олтин баркаш устидаги бежирим қутичани  подшоҳга таъзим билан тутқазди. Олмос қутича ичида, қизил бахмал парчасига ўроғлиқ эди. 

Шоҳ қутичадан олмосни чиқарди. Кейин уни диққат билан кўздан кечирди. Олмосдан таралаётган кўкиш нур бутун саройни ёритиб юборди. Бобур бир муддат тошга тикилиб турди-да, кейин бефарқлик билан яна қутига жойлади. 

–Шуни тасаддуқ қилишим керакми? – ҳукмдорнинг ўткир нигоҳлари қаршисида шайхулислом ўзини йўқотиб қўйди. “Шу баҳона у олмосга эга чиқмоқчи” деган ўй ўтди подшоҳнинг хаёлидан. Аммо, ўғли ўлим билан олишаётган пайтда у олмос учун қайғурадиган аҳволда эмасди.

-Ҳумоюн дунё молига кўз тикмаган бўлса, унинг учун бу тошнинг қанчалик қиммати бўлсин? 

Мир Абулқосим индамасдан таъзим бажо этди. 

-Агар ниманидир тасаддуқ қилиш керак бўлса, унда мен ўз жонимни ўғлимнинг сиҳати учун садқа қилганим бўлсин, – бир муддат жимиб, яна илова қилди: – Ҳумоюннинг менинг жонимдан қимматроқ хазинаси йўқ. 

Мир Абулқосим ҳукмдорнинг бу қароридан сесканиб кетди:

-Асло, аълоҳазрат, ўз жонингизни фидо қилманг! Мен шунчаки... назр-ниёздан кейин шаҳзодамизнинг саломатликлари яхшиланар, деган умидда айтгандим Ахир, сизсиз бу улкан мамлакатнинг аҳволи не кечишини тасаввур ҳам қилолмасмиз. 

Ҳукмдор оғир қўзғалиб, ўрнидан турди: 

-Мен қарор чиқариб бўлдим. Ўғлимнинг азобларига бошқа чидолмайман, – у тез-тез юриб хонадан чиқиб кетди. 

Боғда ботаётган қуёшнинг қизғиш шуъласи кузак баргларида акс этмоқда эди. Бобур боғ четидан оқиб ўтувчи ариқ бўйида таҳорат олди. Бошидаги тожни шоҳсупа устига қўйиб, оддий кулоҳ кийди. Эгнидаги заррин чопонини ҳам оддий яктакка  алмаштирди. Кейин ўғлининг ётоғига қайтиб, унинг бошидан уч маротаба айланди ва қўлини фотиҳага очиб, нималарнидир пичирлади. Кейин қибла томонга қараб тўшалган жойнамоз устида икки ракаат намоз ўқиди. Икки тарафга салом бергач, яна қўлини дуога очди. 

– Улуғ Тангрим! Сен берган жонни ўғлимнинг тезда оёққа туриб келиши учун тасаддуқ қилмоқчиман. Ўзинг бу тасаддуғимни қабул қил. Унга юборган ҳар қандай азобларингни менга бер. Жигарбандимни бу оғир дарддан Ўзинг халос қил. Яратган Эгам, сенгагина ибодат қиламан. Сендангина мадад сўрайман! Ўзинг қудратингни кўрсат!

Бобур намозни тугатиб, ўрнидан турди. Елкасидан тоғ қулагандек енгил нафас олди. Узоқдан эшитилаётган мусиқа овозини эшитиб тўхтади. Ҳумоюн ётиб қолганидан бери қулоғига бундай товушлар кирмай қўйганди. 

Овозидан ёш эканлиги билиниб турган хонанда “Ҳумоюн” қўшиғини куйламоқда эди. Мирзо Мансур Табризий басталаган бу мақомни  у илк марта бундан бир неча йил аввал Кобулда ташкил қилган бир зиёфатда эшитганди. Кейинчалик бу мақомда Насимий ва Навоийнинг  ғазалларига  басталанган кўплаб қўшиқлар ижро этилди. Бобур айнан “Ҳумоюн” мақомини тинглаш учун Мирзо Мансурни ўз гуруҳи билан саройга чақириб, инъомлар билан сийлаганди. 

Энди устоз хонанданинг бевақт ўлимидан сўнг илк бор “Ҳумоюн” мақоми яна шундай маҳорат билан ижро этилмоқда. Гўёки, бу овоз ўтмишдан, тарихнинг сирли сўқмоқлари бағридан чиқар, бутун борлиқни ўз измига олган, Ер юзини дард-аламга буркамоқчидек бўларди. Уднинг бўғиқ садоси хонанданинг ҳазин овозини босиб кетгандек бўларди. Ўғли учун басталанган бу мақом нега бунча ғамгин чиққанини тушунмоққа ошиқар, ичига оқаётган кўз-ёшлари селида чўкаётиб, оҳангларнинг мавжида дунёнинг толеи, келажаги билан боғлиқ, унга ҳали маълум бўлмаган алланималар яширинлигини кўрарди. 

Ой кечани кумуш рангга бўяганди. Бобур оғир қадамлар билан Жамна қирғоғига тушди. Ой ёғдусида сокин оқаётган дарё сатҳида ой парчалари маъюс тебранади. Ҳукмдор соҳилда ясси харсангтош устида ўтирганча, узун муддат сувдан кўз узмади. У кўпинча маҳзун дамларида шу ерга келар, сокин мавжлар билан жим сирлашарди. Аммо назарида сув бугун бутунлай бошқача тусда, бошқача кўринишда эди. 

Хаёллар уни олис-олисларга олиб кетди. Самарқандни олиш чоғидаги курашлар, Кобулнинг фатҳ этилиши, Ҳиндистоннинг эгалланиши, Иброҳим Лодий билан жанг – барча барчаси кўз олдидан бирма-бир ўтди. Вақтнинг бу қадар тез ўтишига ишонгиси келмасди. У ҳам мана ҳаш-паш дегунча 47 ёшга кириб қўйибди. Назарида бу ҳодисалар кўз очиб юмгунча бўлиб ўтгандек эди. 

 

* * *

...Тун ярмидан оғганда ҳукмдорнинг аҳволи ёмонлашди. Бобур ҳеч кимга билдирмасдан, ўз ётоғига ётишни истаса-да, оғриқнинг зўридан кўзига уйқу келмади. Фақат бутун шаҳар тунни қора чойшабига бутунлай ўраган чоғда кўзларини юмди. Тушига Ҳумоюн кирибди. Фаришталар унинг атрофини айланаётган, қанотлари билан ўғлининг юз-кўзларини сийпалаётган эмишлар. 

Тонг ёришганда, эрининг аҳволидан хабар топган Моҳим Бобурни кўрсатиш учун сарой табибига одам юборди. Аммо, Бобур уни қабул қилмади. 

Шоҳ иситманинг ҳароратидан лаблари титраб, Ҳумоюнни сўради. Ўғлининг аҳволи яхшиланганини, дуолари Яратганга етиб борганини англади. Ўша куниёқ ҳукмдор оғир хасталигига қарамасдан, сарой аҳлини тўплаб, Ҳумоюнни валиаҳд деб эълон қилди ва салтанатни унга топширди. 

Кейин унга тикилган нигоҳлар таъқиби остида аҳволига хос бўлмаган ўктам овозда атрофдагиларга мурожаат қилди:

–Мени Кобулда дафн этасизлар!

Ҳукмдорнинг овозида алланечук эминлик бор эдики, ҳеч ким бир оғиз гапиришга журъат қилолмади. 

...Бу ҳодисалардан уч кун ўтиб, Бобур уни зиёрат қилиш учун келган ўғли Ҳумоюннинг қўлида жон таслим қилди. 

Буюк ҳоқоннинг васияти орадан тўққиз йил ўтгачгина амалга ошди...

 

8-10 февраль 2019,

Деҳли-Агра, Ҳиндистон

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+2° туман
Валюта курси
rightuz