Му5
46

Ислом Каримовнинг кичик қизи отаси ҳақида кичик сирни очди

ЖАМИЯТ 12.10.2019, 18:40
5089
Ислом Каримовнинг кичик қизи отаси ҳақида кичик сирни очди

Биринчи президент Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримова (Тиллаева) ўзининг фейсбукдаги саҳифасида отаси ҳақидаги қуйидаги хотираларини ёзиб қолдирди:

“Каримов Фондининг архиви билан ишлар эканман, ўтмишдаги воқеалар мен учун мутлақо ўзгача тус олади. Эндиликда мен барчасига давлат ишлари билан узлуксиз банд бўлган, бутун бир мамлакат ва унинг ҳар бир таркибий қисмининг ҳаёти билан яшаган инсоннинг фарзанди сифатидагина эмас, балки ушбу мамлакат фуқароси нуқтаи назаридан ҳам қараяпман. Отамнинг ёш, кучга тўла бўлган даврларини, у ўзи ҳам ёниб-куйиб, бутун халқни ҳам ўз сўзлари билан тўлқинлантирган видеолавҳаларни кўздан кечирар эканман, беихтиёр ҳаёлимга бу онлар беҳуда яшаб ўтилганмикан, деган савол келади.
Мен бу видеолавҳаларни ҳам меҳр, ҳам қайғу хисси билан кўраман. Отам нақадар идеалист инсон бўлганлари, давлат арбобининг олий мақсадлари, принциплар ва олийжаноблик каби тушунчаларга астойдил ишонганлари, ёнларидаги инсонларга ишонч билдирганлари ва истиқлол йиллари ўзлари тарбиялаган ёш авлод мустақил фикр юритувчи шахслар бўлиб етишишига умид қилганларини ўйлайман.
Улар буни менга ҳам ўргатар эдилар, кўпинча ўз мисолларида. Бир неча бор фикрлари оммавий ёки нуфузли манбалар фикрига қарама-қарши бўлганда ҳам, бу уларни умуман қўрқитмаган. Аксинча, улар ўз айтган сўзларига астойдил ишонар ва ишончлари комил бўлган ишни қилар эдилар.
Ўз халқларини жуда яхши кўрганлар. Лукашеко уларнинг вафотларидан сўнг айтганидек, “у ўз ўзбекларини жуда яхши кўрар эди”. Бу сўзлар замирида бутун бир ҳақиқат мужассам ва уларнинг кучлари ҳам айнан шунда эди.
Мен ўтмишдаги воқеаларга холис назар билан қарашга ҳаракат қиламан - ўтмишни оқ-қора рангга бўяб, ҳукм чиқариш учун мен ким бўлибман. Бу дунёда воқеалар фақатгина ўзига маълум бир режа асосида ривож топади, вақт эса уларнинг гувоҳ ва иштирокчиларини алмаштириб ўтаверади. Биз тақдиримизни танламаймиз; мен ҳозир тарихий деб аташ мумкин бўлган турли хил муҳим воқеаларни кўрганман ва бошдан кечирганман - қайта қуриш давридан бошлаб, Совет Иттофоқи парчаланиши, янги давлатнинг барпо этилиши ва ҳаттоки Ўзбекистон байроғининг яратилиш жараёни. Сизга кичик сирни очаман, байроқ лойиҳаси отам томонидан менинг акварел бўёқларим билан чизилган эди. Аммо, бу албатта, бутунлай бошқа воқеа ва уни ҳам балки ҳикоя қилиб берарман.
Фикримча, шахсий ҳикояларнинг ўрни муҳимроқдир, чунки улар инсоннинг чинакам фазилатларини акс этади. Уларнинг кўпи болалик давридан.
Куни кеча эслаган ва хотирамга чуқур ўрнашган ушбу воқеага 30 йил бўлибди, лекин ҳаммаси худди кечагидек…
Отам республика раҳбари этиб тайинланганларидан сўнг биз кенг бўлса ҳам квартирамиздан Дўрмон қараргоҳида жойлашган катта уйга кўчиб ўтдик. Ҳали ҳам ёдимда, кўчиб ўтган кунимизнинг эртасига тонг саҳардан мени деразадан келаётган супурги овози уйғотиб юборди.
Ёш боламасманми, атрофдаги барча нарсалар, уй, боғни кўришни, янги инсонлар билан танишишни истар эдим.
Шоша-пиша столдан бир нарсани олдим-у, эшик томон отилдим. Тўсатдан мени отамнинг жиддий овози тўхтатди. “Сен билан гаплашмоқчиман,” –дедилар, сокин, аммо жиддий овозда. Оҳангларидан суҳбат муҳим нарса ҳақида бўлишини англадим.
Отам деразанинг пардаларини очиб, узун супурги билан уйимиз зиналарини тозалаётган инсондан кўзларини узмасдан: “Шу инсонни кўряпcанми? Одамлар билан ўзингни ҳамиша шундай тутгинки, бир кун келиб, мен катта мансабда бўлмаган пайтларда ҳам, ҳар бир инсоннинг кўзига тикка қара олишингни, хулқ-атворинг учун ҳеч қачон уялиб қолмаслигингни истайман,” – дедилар.
Сиз берган дарсни мен ўзлаштирдим, отажон, ва буни фарзандларимга ҳам ўргатямпан.
… ва қилган меҳнатларингиз беҳуда бўлмаганига мен ишонаман.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+2° туман
Валюта курси
rightuz