Му5
46

Руҳий тангликдан чиқишни ўрганамиз? (Психолог маслаҳатлари)

САЛОМАТЛИК 18.10.2019, 18:14
Теглар: руҳий танглик, психология
650
Руҳий тангликдан чиқишни ўрганамиз? (Психолог маслаҳатлари)

«Ҳаётимдаги маҳзун воқеа сабабли қаттиқ стрессда яшадим. Аммо дардимни бировга айта олмасдим. Ўйлаб қарасам, ўша пайт ҳатто йиғлай олмай қолган эканман. Ҳамма қанчалик кучлисан, дея ҳайратланарди. Бу воқеага ҳам 6 йилча бўлиб қолди. Ҳозир ҳамма нарса ўз изига тушиб кетган. Аммо энди ҳаёт менга шу даражада зерикарли туюляпдики, қани бир неча йил аввалги ўша куч, деб ўйлайман. Ҳеч нарсадан завқлана олмайман, барча нарса асабимга тегади, ҳеч кимни кўргим, гаплашгим келмайди. Хуллас, ҳаётимда қувонч йўқ. Менга нима бўлган, нимага қийин пайтда туриб бера олдиму, энди ҳаммаси яхши бўлганда бунақа "портлаб", ожиз қоляпман. Ахир, ўша қийинчиликларни енгиб ўтиб, ҳаётдан янада завқланиб яшашим керак эмасми?»

Умид, 34 ёш, Самарқанд вилояти

Саҳифа эксперти: Зебинисо АҲМЕДОВА

–Инсон ҳиссиётлар билан яшайдиган, туйғулар таъсири остида кучга тўладиган ёки аксинча барча нарсадан совийдиган хилқат. Аслида у ҳиссиётлар билан тирик, деса ҳам бўлади. Фақат стресс, яъни салбий туйғулар ичида қолиб кетганда, мухлисимиз айтгандек бу бир жойдан "портлаш" беради. Сурункали стрессда яшаган одам ҳаётнинг яхши томонларини "кўра" олмайди ва доим салбий жиҳатларига қарайди. Бунда кишининг айби эмас, биз шундай яратилганмиз. Қаттиқ урилиш суякни синдиргани каби, оғир стресс ҳам инсон руҳиятини синдиради. 

Мухлисимизнинг ҳолатида эса, у стресс ҳолатида доим курашга шай турган. Унинг устига, яқинларининг унга эҳтиёжи бўлган. Шу сабабли, у ўзини маълум бир чегараларга солган ва "қўлда" тутган. Яъни мақсад, ўзини ва яқинларини бу қийинчиликлардан олиб чиқиш бўлган.

Қийинчиликлар енгиб ўтилгач эса, мақсадга эришилди, аммо шу йиллар давомида йиғилган стресс энди ўзини кўрсата бошлади. Чунки, сиқилиш, стресс ҳам бир ҳиссиёт ва у чиқиб кетиши керак. Уни қанчалик босишга уринманг, у шунча катта босим билан "портлаши" мумкин. 

Барча касалликлар асабдан, деган фикр мавжуд. Ва бу бир маънода асосли фикр. Аввалига эндокринолог ва невропатолог шифокорларга мурожаат қилиб, танангизнинг бу стрессдан қанчалик таъсирланганини ўрганиб чиқинг. Сўнгра психологга мурожаат қилинг. Шу билан бирга, энг яхши дўст бу ўзимизга ўзимиз. 

Тузалишни истайсизми?

Тузалишни, ҳаётдан завқланишни истайсизми? Бунинг учун ҳаракат қилинг. Сизнинг ҳолатингизда бу ҳаракатни бошлаш катта куч талаб қилади, аммо сиз буни уддалай оласиз. 

Истамайман, деган тўйғуга қарши парк ва боғларга сайрга, спорт билан шуғулланишга чиқинг. Ёки яхши кўрган, сизга бироз бўлса-да завқ бера олган машғулот билан шуғулланинг. Масалан, балиқ ови, боғдорчилик ва ҳк. 

Сизга ҳозир ижобий таассурот ва ҳиссиётлар керак. Ҳаётга бошқача боқинг. Стресс чақирувчи ҳолатлардан узоқ туринг, ўзингизни асранг.

Мана бу қоидаларга амал қилинг

1. Ҳаётингиздаги шахсий нуқталарни белгилаб олинг: сиз учун нималар муҳим? Яқинларингиз билан завқланиб яшашми ёки иззат нафс ва кераклилик ҳиссими? 

2. Режалаштириш, муҳим ва бажарилиши шарт бўлган ишларни ажратишга ёрдам беради. Шу билан бирга, қилиниши шарт бўлмаган ишларни ҳам кўрсатиб қўяди. 

3. Йўқ, дейишни ўрганинг. Бошқаларга уларнинг муаммоларини ўзлари ҳал қилишига қўйиб беринг. Ўз ишингиз ва бошқаларнинг ишларини ажратишни ўрганинг. 

4. Катта мақсад йўлида қозонган кичик ғалабаларингиз учун ўзингизни ўзингиз мақтаб қўйишни унутманг. 

5. Илҳом ҳаётингизнинг энг муҳим ва керакли жабҳаси бўлиб қолсин.

6. Ижобийлик, ривожланиш, ўсишга ундашда атроф-муҳитингиз ҳам катта аҳамият касб этади.

7. Ўзингизни асранг: дам олиш учун, ёқимли суҳбат учун, табиат билан танҳо қолиш учун, спорт билан шуғулланиш учун вақт топинг. 

8. Ҳар кунингиз учун қувониб яшанг, атрофдаги гўзалликдан завқланинг: мусиқа, ёмғир овози, капалак учиши, бола кулгуси… аслида ҳаётимиз гўзалликка тўла. Улардан бахра олиб бахтни ҳис қилишни ўрганинг.

Мадина ЗАРИФ тайёрлади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+4° туман
Валюта курси
rightuz