Му5
46

Тоғлик куёв – Йўлчи Ортиқовни ким ёки қандай сабаблар кинодан кетишга мажбур қилди?

МАДАНИЯТ 21.10.2019, 15:19
491
Тоғлик куёв – Йўлчи Ортиқовни ким ёки қандай сабаблар кинодан кетишга мажбур қилди?

“Эна, нон”, “Эна, музқаймоқни нон билан ейдими?” деган гаплари ва забардаст кўриниши билан томошабинларга яхши таниш тоғлик куёвни эслайсизми? 90-йилларнинг охирларида суратга олинган “Тоғлик куёв” фильми ҳали-ҳануз телеэкранларимизда намойиш этиб келинади. Аммо бош қаҳрамон — тоғлик куёв 13 йилдан буён экранларда кўринмайди. Бунга нима сабаб бўлган?

“Кинога спорт ортидан кириб келдим...”

— Сурхондарёнинг тоғли ҳудудида катта бўлганман. Мен ўқиган 42-ўрта мактабга спорт газеталари келарди. Шу газеталарда ушу, кунфу дарслари ёзиларди, яъни хатти-ҳаракатлар расмлари билан бериларди. 8 ёшимдан бошлаб шу расмларга қараб мустақил ўрганганман.

18 ёшимда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига ўқишга кириш учун Тошкентга келдим. Ўша йили институтда Ушу бўлими очилиши ҳақида хабарлар чиққанди. Лекин ҳужжат топширгани келсам, очилмаган экан. Шу вақтда Сиёвуш деган ушу мактаби очилди, имкониятдан фойдаланиб мактабда ўқидим. Олти ойда менга диплом беришди, чунки деярли тайёр спортчи эдим, фақат нафас машқларидаги камчиликларни тўғирладим, холос. Мана шу мактабда ўқиб юрган вақтимда Бишкекдаги МДҲ мамлакатлари каскадёрлар ассоциацияси томонидан кастинг ўтказилди. Уларга бир фильм учун кунфу услубида жанг қилоладиган каскадёрлар керак эди. Мени синовдан ўтказишди ва “Ўзбекфильм” киностудиясига таклиф қилишди. 

Тақдирни қарангки, “Ўзбекфильм”га борганимда буюк ўзбек режиссёри Шуҳрат Аббосовга дуч келдим. Бу исмни эшитиб, фильмларига мафтун бўлиб келардиму, лекин ҳаётда кўринишлари қандай эканини билмасдим. У киши мени четдан кузатиб турган экан-да, ёнимга келиб: “Ўзбекмисан? Қаердан келдинг?” деб сўради. Мен қишлоқдан келганимни ва бу ерга келишим сабабини айтдим. Спорт билан шуғулланганим учун бақувват, гавдали эдим-да. Шунда менга актёрликка ўқишимни тавсия қилди, керак бўлса, ўқишга киришда ёрдам беришини айтди. “Менга спортчини актёрликда синаб кўриш қизиқ” деди. Ўша вақтда спортчиларнинг кинода рол ўйнаши урфда эди. Ван Дамм, Жеки Чан, Брюс Ли, Арнольд Шварцнеггер бунга ёрқин мисол. 

Шу тариқа ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Драма ва кино актёрлиги бўлимига ўқишга ҳужжат топширдим. Имтиҳонлар олдидан мени  Муҳаммаджон Узоқов (Маъмуржон Узоқовнинг ўғли) билан таништиришган, у киши менга маслаҳатлар бериб, этюдларни ўргатган. 

“Дастлаб тоғлик куёв бўлгим келмаган...”

— Институтни тамомлаганимдан сўнг, 1998 йил устозим Шуҳрат Аббосов мени “Жалолиддин Мангуберди” фильмига чақирди. Худди шу пайтда Ҳабибулла Файзиевнинг “Алпомиш” фильмига таклиф қилиндим. Лекин иккаласида ҳам роль ўйнаш насиб қилмади. Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги тарихий фильм баъзи сабабларга кўра суратга олинмай, тўхтаб қолди. Алпомиш достони асосидаги фильмда эса рол ўйнамаслик ўзимнинг танловим бўлди. Чунки режиссёр наздида Алпомиш — турли трюклар қиладиган забардаст, бақувват бўлиши шарт эмас эди. 

Шундан кейин Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбектелефильм” студиясида Машраб Кимсанов режиссёрлигида “Тоғлик  куёв” телефильми суратга олинадиган бўлди. Унда тоғлик куёв — Холмурод ролига 25 киши синовдан ўтказилиши лозим бўлган. Шунақа талаб бўларди. Йигирма бешинчи номзод топилмай турганида мени чақиришди. Бир марта бориб, синовдан ўтиб келдим. Машраб ака:“Сени тасдиқладик, сеники табиий чиқяпти”, деди. Аммо менда хоҳиш бўлмади, “йўқ, бу ролда масхарабоз, қизиқчи бўлиб қоламан-ку”, деганман. 

Орадан икки ойларча вақт ўтди. “Тоғлик куёв”нинг суратга олиш ишлари бошланган эди. Бир куни Навоий кўчаси чорраҳасидан ўтиб кетаётсам, “съёмка” бўлаётган экан. Қарасам, раҳматли актёр Равшан ака Солиҳов, Тўти Юсуповалар бор экан. Саломлашай деб ёнларига борсам, Равшан ака: “Э сен қаерда юрибсан? Нега бу ролни сен ўйнамаябсан? Бошқаси ўхшатолмаяпти, Машраб (режиссёрни назарда тутиб) қийналяпти”, деди. Шундан кейин рози бўлганман. Шу куниёқ ролга киришиб кетганман.

“Кийимларимни кесиб, йиртиб кетишган...”

— “Тоғлик куёв” Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида (Оқтош) суратга олинган.  Сценарийдаги баъзи жойларини ўзгартиришни таклиф қилганман. Масалан, сценарийда тоғлик куёв бувисини “буви” деб чақиради, лекин билсангиз керак, чекка қишлоқларда “эна” деб чақирилади. Шу жумладан, биз томонларда ҳам “эна” дейилади. Мен ролим давомида “буви” деб айтишга ҳеч ўрганолмадим. Шунда “эна” деворганман.  Бу режиссёрга ҳам маъқул келган ва шундай қолдирган. Шунингдек, баъзи хатти-ҳаракатларни ҳам ўзим киритганман. Тоғлик куёвнинг рақсга тушадиган саҳнаси бор. Ўшанда режиссёр менга андижонча ёки хоразмча рақсга тушишимни айтган. Мен эса бутунлай бошқача рақсга тушганман, чунки реал қаралса, тоғлик одам рақснинг фарқига бормайди, у тоғда ўсган, момосининг эркаси. У рақсга тушганда, табиийки, ўз билганича, тўпорича ўйнайди. Тўғрисини айтсам, ўшанда Руслан Шариповга ўхшаб рақс тушганман (кулади).

“Съёмка”нинг биринчи куни Тошкентдаги катта ҳовлида бўлган. Бу ҳовли бош оператор Акмал Умарбеков (ёзувчи Ўлмас Умарбековнинг укаси)нинг уйи эди. Шу куни фильмда кийишим керак бўлган яктак, шимларим кесилиб, йиртилиб кетилган. Бу ишни ким ва нима учун қилганини ҳалигача билмайман. Бирор нохушлик бўлмасин, деб изламаганман ҳам. Кейин Чорсу бозоридан бошқа кийимларни сотиб олганмиз. 

1999 йилда “Тоғлик куёв” экранларга чиқди. Дастлаб фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Шунда илк бора мухлислар эътибори, олқишлар, дастхат қўйиб бериш бахтини ҳис қилганман. 

Кейин фильм кинотеатрларда намойиш этилди, томошабинлар яхши кутиб олишди. Айтиш керакки, ўша йиллари кинотеатрларимиз ачинарли аҳволга келиб қолган, томошабин узоқлашган бир давр эди. Бу бевосита миллий кино санъатимизнинг аҳволидан ҳам дарак эди. Шундай бўлса-да, тоғлик куёвни кўриш учун томошабинлар келарди.

“Режиссёрликка қўл уриб, барака топмадим...”

— 2000 йил “Аёл макри” фильмини суратга олдим. Бу менинг илк режиссёрлик ишим. Бунгача албатта, Шуҳрат Аббосов билан бирга суратга олиш майдонларида режиссёрликка ҳавас қилиб, ўрганиб келганман. Айтмоқчиманки, режиссёрликка бирдан кириб қолганим йўқ. Биринчи фильмимда Ўлмас Алихўжаев, Фарҳод Аминовлар билан бирга ишладим. Улар нафақат рол ўйнашди, балки режиссёрлик томондан ҳам менга ёрдам беришди. Фильм республика бўйлаб катта экранларда намойиш этилди. 

Ўша йили Анапа шаҳрида кинофестиваль бўлди. Мен “Аёл макри”ни шу фестивалга юбордим. Бундан “Ўзбеккино” раҳбариятининг хабари бўлмаган. Улар томонидан эса бошқа бир фильм жўнатилган бўлган. Фестиваль ташкилотчилари эса менинг фильмимни танлаб олишган. Шуни ортидан раҳбарият томонидан менга фестивалга боришга сунъий тақиқлар қўйилди. Аммо мен бир ўзим бўлсам ҳам бордим. У пайтда бир нарсани тушунмаганим панд берган, яъни қоидага кўра, фестивалда киноплёнкага олинган фильмлар намойиш этилади, мен бундан бехабар ҳолда видеотасвирда олган фильмни жўнатган эканман. Буни менга тўғри тушунтиришган, маслаҳатлар беришган. Аммо ўзимизникилар... Газеталарда катта танқид қилишди, устимдан мағзава ағдарганлар бўлди. Шундан кейин менга телевидение эшиклари ёпилди...

Иккинчи уриниш...

— Режиссёрликнинг илк қадами оғир келса ҳам, бундан қайтмадим. 2006 йилда “Ҳаёт-мамот” фильмига қўл урдим. Фильм терроризм, гиёҳвандликка қарши курашиш мавзусида эди. Бутун республикамиз бўйлаб айни шу мавзудаги тадбирлар, учрашувлар ташкил этилди, уч йил мобайнида фильм ана шу тадбирлар доирасидагина намойиш қилинди. Бу ишларни бурчим деб, сидқидилдан қилдим. Лекин шу фильм ортидан ҳам қийинчиликларга, ҳам тазйиққа учрадим. Фильм ҳомийлари энг сўнгида ташлаб кетган, маблағ ажратишдан қайтишган. Маблағни қоплайман деб, уйимни, машинамни сотиб, ижараларда яшаб юришга мажбур бўлдим. 

Телевидениеда намойиш этиш учун тақдим этсам, 6 қисмли сериал тарзида қайта ишлаб келишимни айтишди. Шундай қилдим ҳам. Лекин мана, 13 йилдирки, фильм зангори экран юзини кўролмайди... 

13 йиллик танаффус сабаби...

— Ижодкор учун 13 йиллик танаффус, албатта катта муддат. Бу яна қанча давом этади ёки ниҳоясига етадими, буни вақт кўрсатади. Танаффусга сабаб нима деб сўрасангиз, юқоридаги айтган гапларим ва ўша пайтдаги кино санъатимизда бўлган носоғлом муҳит, десам хато бўлмайди. Ижодкорлар бир-бирини сотишини, бир-бирини ёмонлашини, лекин бир жойда кўришиб қолишса, ҳеч нарса бўлмагандек, бир-бирини мақташини кўрдим. Мана шуни ҳазм қилолмадим. Ижодкор ўзига берилган иқтидор, қобилиятни шунақа беҳуда нарсаларга сарфлаши ҳам исроф, деб ўйлайман. Шунинг учун мен бу майдондан вақтида чиқиб кетишни маъқул кўрдим. Мард мардлар майдонида курашади, дейишади. Ўшанда мен мард санъаткорларни тополмай қолдим. 

Аммо кинога бўлган муҳаббат, ижодий “қайнаш” мени тарк этгани йўқ. Ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бор. Агар вақти келган бўлса, насиб қилган бўлса, эҳтимол ижодга қайтаман. 

ҚИЗИҚ ГАПЛАР

  • - Наҳотки, шу кап-катта эркак мени ўғлим бўлса, дадасига иккита келади-ку?!

- Эна, овқат ейман...

- Вой ўлмасам, бу ейишда бутун мамлакатни ютади-ку?!

- Эна, нон...

- Ҳой, келин, мундоқ 5-6 та нон олиб келиб қўйсанг бўлмайдими-а, сомсадек нон бериб, кеганингдан бери оғзига тикиласан-а...

  • - Нимабало бериб боқдиз буни эна, комбикормми?

Муниса АЛИЕВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+6° дымка
Валюта курси
rightuz