Му5
46

Мукофот жамғармаси 20 минг АҚШ доллар бўлган халқаро робототехника мусобақаси ўтказилади

ЖАМИЯТ 23.10.2019, 09:30
121
Мукофот жамғармаси 20 минг АҚШ доллар бўлган халқаро робототехника мусобақаси ўтказилади

29-31 октябрь кунлари пойтахтимизнинг “Ўзэкспормарказ“ миллий кўргазма мажмуасида юртимиз тарихида энг йирик халқаро робототехника мусобақаси ўтказилади.

“InnoWeek” иккинчи халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Ислом тараққиёт банки ҳамкорлигида 17-23 ёшдаги иштирокчилар учун “The First OIC Robotics Challenge” халқаро робототехника мусобақаси ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 24 давлатдан 70 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашади.

Мусобақага Сингапурдан мутахассис сифатида доктор профессор Зиё Аҳмад таклиф этилган. Шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бошқарув кенгаши аъзоси профессор Ҳасан Басри Арслон, Ислом ҳамкорлик ташкилотнинг Илм-фан ва технологиялар бўйича доимий қўмитаси маслаҳатчиси доктор Сайид Хуршид Хасанаин, Халқаро робототехника олимпия қўмитаси президенти Ким Жонг Хван, Ислом ҳамкорлик ёшлар форуми президенти Таха Айнаннинг тадбирларда иштирок этишлари кутилмоқда.

17-23 ёшдаги иштирокчилар учун “The First OIC Robotics Challenge” халқаро робототехника мусобақасининг “Робо-футбол” йўналишида биринчи ўрин учун 6000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин учун 4000 АҚШ доллари, учинчи ўрин учун 2000 АҚШ доллари миқдорида мукофотлар берилади. “Робо-сумо” йўналиши мукофотлари эса биринчи ўрин учун 5000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин учун 3000 АҚШ доллари, учинчи ўрин учун 1000 АҚШ доллари этиб белгиланган. Бундан ташқари, мусобақа ғолибларига эсдалик совғалари ва сертификатлар тақдим этилади.

Шунингдек, мусобақа доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 9-16 ёшдаги болалар учун “Робосумо“, “West sort out” ва “Кегелринг“ мусобақалари ташкил этилиб, унда Марказий Осиё мамлакатларидан 60 нафарга яқин иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда. Мусобақа ғолибларига маҳаллий ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари тақдим этилади.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+4° туман
Валюта курси
rightuz