Му5
44

Кесар кесиш нега кўпайган? Қачон бунга кўрсатма берилади?

САЛОМАТЛИК 25.10.2019, 14:59
Теглар: кесар кесиш, туғуруқ
754
Кесар кесиш нега кўпайган? Қачон бунга кўрсатма берилади?

“Келиним 7 ойлик ҳомиладор. Унга “кесарево” қилиш керак, дейишибди... Нега ҳозир жарроҳлик усулида туғдириш кўпайиб кетяпти? Бу амалиёт қандай ҳолларда тавсия этилади?”

Ушбу мазмундаги саволлар билан таҳририятга кўп мурожаатлар келаётгани боис гинеколог Жамила АЛИЕВАдан бу саволларга жавоб олдик:

–Дарҳақиқат, бугунги кунда «Кесарево» – “кесарча кесиш” жарроҳлиги болани она қорнидан операция воситасида туғдириб олишга мурожаат этиш ҳоллари кўп учрамоқда. Чет элда олиб борилган тадқиқотларда маълум бўлишича туғуруқнинг бундай ечимида аёл организмига хавф эҳтимоли табиий туғуруққа қараганда 10-12 марта кўп бўлиши мумкин. Бу амалиёт аёлда туғуруқни табиий амалга оширишга қарши кўрсатма бўлганда тавсия қилинади.

Қачон режали “кесарча кесиш” тайинланади?

Айтиш ўринлики, “кесарча кесиш” унча мураккаб амалиёт бўлмагани билан барибир жарроҳлик аралашуви ҳисобланади.Шунинг учун фақатгина аёлда табиий туғуруқ имкони бўлмаган қуйидаги ҳолатларда тайинланади: 

  • Кўз тубидаги кучли ўзгаришлар, узоқни кўрмасликнинг юқори даражаси;
  • Қандли диабет ва резус омилнинг оғир ҳолати;
  • Ҳомила катталиги ва тос торлиги;
  • Генитал герпеснинг ўткир тури, болага вирус юқиши хавфи;
  • Кеч токсикознинг оғир тури;
  • Бачадон ва қин ривожланишидаги нуқсонларда;
  • Икки ва ундан ортиқ марта “кесарево” усулида туққанлик;
  • Ҳомиланинг нотўғри ётиши (кўндаланг) ёки йўлдошнинг пастжойлашуви;
  • Туғуруқ муддати ўтиб кетганда.

Тезкор амалиётга кўрсатма берилса...

Баъзан туғуруқ жараёнида аёл болани табиий равишда туға олмаса, тўлғоқ тўхтаб қолса ёки кучана олмаса, кўп қон йўқотиш ва болага кислород етмаслик хавфи бўлса ва бунда қилинган дори ва уколлар ёрдам бермаса “тезкор” (экстренное) жарроҳлик амалга оширилади.

Ҳомиладор аёл хоҳишига кўра...

Ҳозирда айрим аёллар “кесарча кесиш” билан болани туғдиришларини ўзлари илтимос қилишмоқда.Улар тўлғоқ оғриқларидан, оралиқ, қин йиртилиши ва чўзилишидан чўчиб шундай қилмоқчи бўлишади.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ) бу қарорни маъқулламайди. Чунки аёллар бир мауаммодан қўрқиб, бошқа жиддийроқ муаммога йўлиқиши мумкин. “Кесарево”дан кейин болада учрайдиган неврологик бузилишлар, жарроҳликдан кейинги асоратлар, кейинги табиий туғуруқларнинг хавфли бўлиши кабилар шулар жумласидан. 

Бундан ташқари кесар кесиш ёрдамида дунёга келган чақалоқлар ташқи муҳит шароитларига қийинчилик билан мослашади. Негаки улар туғилишига кўмак берилган ва уларда курашувчанлик қобилияти яхши шаклланмаган. Шунинг учун шифокорларнинг хулосаларига кўра, бу амалиёт фақат табиий туғуруқнинг иложи бўлмаган ҳолларда тайинланади.

Аксарият мутахассисларнинг таъкидлашларича, ҳозирда кесарча кесиш амалиётида туғишнинг кўпайишига аёллардаги камҳаракатлик (ҳомила вазни ортиши ва тескари жойлишиши ҳам шу сабабли) кўп овқат истеъмол қилиш, ўз саломатлигига вақтида эътибор қилмаслик ҳолатлари сабаб бўлмоқда.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+2° туман
Валюта курси
rightuz