Му5
44

Боланинг қўл-оёғи нега совуқ бўлади?

САЛОМАТЛИК 26.10.2019, 15:48
Теглар: совқотиш, чақалоқлар
673
Боланинг қўл-оёғи нега совуқ бўлади?

“Фарзандим 6 ойлик. Кўпинча унинг қўл-оёғи муздай бўлади. Янги туғилган чақалоқларда шундай бўлиши ҳақида эшитгандим. Аммо бу ҳали ҳам давом этяпти. Нега шундай? Маслаҳат беринг”.

Латофат, Сирдарё вилояти

Шу мазмундага телефон қўнғироқлар кўп бўлаётгани боис мухлисларнинг саволларига жавоб бериш мақсадида педиатр шифокор Саломат Хўжабоевани суҳбатга чорладик. У қуйидаги маълумотларни ҳавола этди: 

–Дарҳақиқат, янги туғилган чақалоқларнинг баъзан қўл-оёқчалари совиб, кўкиш тусга кирганини сезиб қоламиз. Бу уларда ҳали қон айланиш ва иссиқликни сақлаш тизимлари тўлиқ ривожланмаганини билдиради. Шу боисдан бу ҳолатдан хавотирга тушиш керак эмас. Асосийси бола ётган хона ҳарорати меъёрий даражада бўлишини таъминланг ва уни ҳароратга мос кийинтиринг. 

Бироқ баъзи болаларда катта бўлганда ҳам бу ҳолат (кўпинча 5-7 ёшда) кузатилади. Бунинг сабаби нима?

1.Каттароқ болаларда қўл ва оёқлар музлашининг асосий сабаби вегето-томир дистонияси ҳисобланади. 

Вегетатив асаб тизими фаолияти бузилганда бутун организмда оқсаш юз беради. Яъни, аъзолар фаолиятида нуқсонлар пайдо бўлади. Дистония эса мушакларнинг ўз-ўзидан қисқариш синдромидир. Мушаклар спазми сабабли томирлар торайиши ва қон айланиши бузилиши мумкин. Айрим ҳолларда бу муаммо ёш улғайиши билан барҳам топади. Айримларда сақланиб қолади. Айниқса аёллар вегето-томир муаммосидан узоқ вақт азият чекишади.

2.Мутахассислар таъкидлашларича, болаларда қўл ва оёқлар совуқ бўлишига иммунитет пастлиги ҳам таъсир кўрсатади. Агар болада қўл-оёқ совуқлигидан ташқари, тери қаватларининг оқаргани, сарғайиш ва ҳолсизлик кузатилса, унинг иммунитети тушиб кетганлигидан далолатдир. 

3.Қўл ва оёқлар совуқ бўлишининг яна бир сабаби таъсирчанлик кучли бўлишидир. Салбий ҳиссиётлар, стресслар, ота-онанинг кўп уришиши бола организмида иссиқлик алмашинуви бузилишига олиб келади. Асабийлик ва қўл кафтининг кўп терлаши ҳам шундан.

4.Шу билан бирга, боланинг қони ҳам кам бўлганда ҳам қўл-оёғи совуқ бўлиши мумкин.

5.Баъзида қўл-оёқ совуқ бўлиши қалқонсимон безда муаммо борлиги аломатидир. Шу сабабдан, агар педиатр сизнинг фарзандингизда вегето-томир дистонияси ёки анемия йўқлигини аниқласа, уни эндокринологга олиб бориб, қалқонсимон без фаолиятини текширтиринг. 

6. Боланинг тана ҳарорати 39 даража ва ундан баланд бўлган ҳолатларда ҳам қўл-оёғи совуқ бўлиши мумкин.

ОНАЛАРГА МАСЛАҲАТЛАР

Болажонни чиниқтиринг. Биринчи навбатда, ҳадеб уни ўраб-чирмайверишни бас қилинг.

Боланинг тўлақонли овқатланишини назорат қилинг. Унинг кундалик рационида, албатта иссиқ таомлар бўлиши зарур. 

Боланинг турмуш тарзини фаоллаштиринг. У билан биргаликда кундалик жисмоний тарбия машқларини бажаринг. Шунингдек, эрталабки бадантарбия ҳам эсдан чиқмасин. Жисмоний ҳаракатлар қонни юриштириб, танани яхши қиздиради. 

Тўғри кийинтиринг. Янги туғилган болачаларга махсус қўлқопчалар ва пайпоқчаларни кийдириб қўйинг. Юрадиган боланинг оёқ кийими кенгроқ бўлсин. Каттароқ бўлганда ҳам мавсумга мос кийинтиринг. Тор пойабзалда ҳам оёқ тез совқотади.

Нега иситма бўлганда боланинг қўл ва оёқлари совийди?

Бундай вақтда танани ишқалаб ёки кучли дозадаги иссиқлик туширувчи препаратлар ёрдамида ҳароратни туширишга уриниш шарт эмас. Бу томирларнинг янада кўпроқ қисқаришга олиб келиши мумкин. Шунинг учун, болада тана ҳарорати кўтарилса, аста-секинлик билан тушириш талаб этилади. 

Кўпчилик болажонларда ҳарорат ошганда, қўлчалари танасига нисбатан совуқдек сезилади. Бунинг асосий сабаби иссиқлик етиб боришининг бузилишидир. Бу эса қон томирлар торайишига замин яратади. Бундай ҳолатда қўл ва оёқ совишининг хавотирли томони йўқ. Чунки организм шу тариқа мустақил тарзда ҳароратни пасайтиришга уринади.

Агар қўл ва оёқчалар совуқлиги мунтазамлик касб этса шифокор билан маслаҳатлашиб, томирлар торайишига қарши воситалардан ҳам фойдаланиш мумкин. 

Боланинг тана ҳарорати меъёрий бўлганда қўл-оёқлари совқотса уларни енгил массаж қилиш мақсадга мувофиқ.  

Хотиржам бўлиш учун, албатта,болани мутахассис кўригига олиб бориш ва унинг соғломлигига ишонч ҳосил қилиш зарур. 

Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+2° туман
Валюта курси
rightuz