Му5
48

Шифокорлар кўмаги билан 103 яшар момонинг кўзлари аниқ, равшан кўра бошлади

САЛОМАТЛИК 12.11.2019, 15:39
Теглар: 103 ёшли момо, катаракта
582
Шифокорлар кўмаги билан 103 яшар момонинг кўзлари аниқ, равшан кўра бошлади

Қашқадарёлик кўз шифокорларининг саъй-ҳаракатлари билан 103 яшар момонинг кўзлари аниқ, равшан кўра бошлади. 

Аср билан юзлашган Жумагул момо Эшназарова Чироқчи тумани Бешчашма маҳалласида яшайди.  У Қашқадарё вилояти кўз касалликлари шифохонасига кўзлари хиралашганидан шикоят қилиб мурожаат қилганди. Шифокорлар момони тўлиқ текширувлардан ўтказиб, унга асоратли катаракта ташхисини қўйишди. Момо Головин–Сивцев жадвалида (кўз шифокорлари хонасида осиғлиқ турадиган турли катталикдаги ҳарфлар ва шакллардан иборат жадвал) бор-йўғи 2 қатор ҳарфларни кўра олар эди.

Олти кунлик даволаш тадбирларидан сўнг момонинг кўзлари равшанлашиб, жадвалдаги 5 қатор ҳарфларни тўлиқ кўра бошлади. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Шифокорларнинг қайд этишича, 103 ёшда бундай ҳолат ҳайратланарли ҳодиса ҳисобланар экан.

– Мутахассислар билан маслаҳатлашиб, келгусида шифохонамизга келтирилган замонавий факоэмульсификатор ускунаси ёрдамида момонинг кўзларига сунъий гавҳар қўйишни мўлжаллаяпмиз, – дейди шифокор Даврон Бердиев. – Ажабмас, момомиз яна чеварчилик билан шуғулланиб қолсалар...

Ёшлигида Катта Фарғона каналини бунёд этишда иштирок этган Жумагул момо ҳали тетик ва бардам. Момо шифокорларга чин дилдан миннатдорлик билдирди.

Шарҳлар