Му5
48

“Тошкент универмаги” шоҳбекати автотураргоҳ эмас!”

ЖАМИЯТ 12.11.2019, 19:06
Теглар: шоҳбекат
179
“Тошкент универмаги” шоҳбекати автотураргоҳ эмас!”

Жамоат транспортининг эркин ҳаракатланишида нафақат йўлларда транспорт воситаларининг кўплиги, балки, енгил автомобилларнинг тўхташ мумкин бўлмаган жойларга қўйиб кетилиши автобуслар тирбандлигини келтириб чиқармоқда, дея хабар қилмоқда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, оралиқ ва шоҳбекатлар ҳудудида машиналарнинг назоратсиз қолдирилиши автобусларнинг ҳаракатида жиддий муаммоларга сабаб бўляпти.

Хусусан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тасарруфидаги йўналишлар бўйича “Тошкент универмаги” шоҳбекатига кирувчи автобус ҳайдовчилари анчадан буён ушбу муаммодан азият чекмоқда. 

Шоҳбекат ҳудуди йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан қанчалик назорат қилинмасин вазият кун сайин оғирлашиб бормоқда. Автобуслар шоҳбекатга киролмай вақт йўқотишига, оралиқ интервалларнинг узайиб кетишига олиб келяпти.

Масалан, жорий йил 12 ноябрь куни тахминан 14:00 атрофида жамият ҳаракат хавфсизлиги бўлими ходимлари ушбу шоҳбекат ҳудудида енгил автомобилларнинг автобуслар ҳаракатига ҳалақит бераётгани, муаммони бартараф этишга ёрдам беришларини сўраб йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига мурожаат қилдилар. Инспекторлар қисқа муддатда бу ердаги сунъий тирбандликни тарқатиб кетишди. Аммо орадан 10 дақиқа ўтмай яна “эски ҳаммом эски тос” шоҳбекат хусусий енгил автомобилларнинг турар жойига айланиб улгурди.

Юзага келаётган ана шундай вазиятни инобатга олиб, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти барча енгил автомобиль эгаларини огоҳлантиради. Бундан буён оралиқ ва шоҳбекатларда қаровсиз қолдирилган ва автобуслар ҳаракатига ҳалақит бераётган транспорт воситалари мутасаддилар томонидан суратга олиниб, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига тақдим этилади.

Шунингдек:

"Жамоат транспорти ҳаракатига ҳалал берманг. Зеро унинг ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиши ҳар биримиз учун фойдалидир. Автобуснинг йўқотган бир дақиқаси йўловчиларнинг юзлаб дақиқаларини йўқотишига сабаб бўлиши мумкин",  — дея огоҳлантирмоқда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ. 

Шарҳлар