Му5
48

Пишириқ ичидан дори чиққани ҳақидаги видеолавҳа уйдирма экан

САЛОМАТЛИК 15.11.2019, 18:34
Теглар: ССВ, таблетка
921
Пишириқ ичидан дори чиққани ҳақидаги видеолавҳа уйдирма экан

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда қаерда чиқарилгани номаълум пишириқлар ичидан фалажга олиб келувчи таблетка чиқаётгани тўғрисидаги видео тарқалган эди. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги булар қуруқ миш-мишлигини таъкидлади. 

“Аввало, аҳолидан бу каби асосланмаган хабарларга ишонмасликларини, бу борада умуман хавотирга ўрин йўқ эканини алоҳида таъкидламоқчимиз”, дейилади ССВ баёнотида. 

Бу борада Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов қуйидагича фикр билдирган: 
“Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ёки хориждан республика ҳудудига олиб кириладиган ҳар қандай турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, кекс ва шунга ўхшаш ширин пишириқлар хавфсизлигини кафолатлаш учун маҳсулот сифати, уни сақлаш шароити, олиб келинган автотранспорт ҳолати тўлиқ ўрганилади. Маҳсулотдан санитария-кимёвий, микробиологик, радиологик текширувлар учун намуналар олиниб, тегишли лабораторияларга топширилади. Таҳлил натижалари амалдаги санитария меъёр ва қоидаларга тўлиқ жавоб берган тақдирда санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштирилиб, маҳсулотнинг ҳавфсизлиги кафолатланади”.

ССВдан маълум қилишларича, жорий йилнинг 15 ноябрь ҳолатига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги шифохоналарга юқоридаги каби маҳсулотлар билан заҳарланиш ёки касаллик аломатлари билан аҳоли томонидан ҳеч қандай мурожаатлар бўлмаган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига ҳам маълумотлар келиб тушмаган.

“Бундай асосланмаган хабарларга ишониб саросимага тушмаслигингизни, шудай ҳолатларни эшитсангиз ёки гувоҳи бўлсангиз зудлик билан ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига ҳамда 71 276-59-28 рақамли ишонч телефони орқали Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейди ССВ ўз баёнотида.

Шарҳлар