Му5
48

Диний экстремистик оқимга алоқадор шахслар фош этилди

ЖИНОЯТ 16.11.2019, 11:04
320
Диний экстремистик оқимга алоқадор шахслар фош этилди

Фарғона вилоят ДХХ бошқармаси ходимлари томонидан диний экстремистик оқимга алоқадор, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш билан шуғулланган шахслар аниқланди.

Тинч ва осуда ҳаётимизга таҳдидлар кучайиб, турли йўллар билан хавф солмоқда. Хусусан, динни ниқоб қилиб олган айрим кимсалар ёшларимизни йўлдан уриб, ақидапарастлик ғояларини тарғиб этишга ундамоқда. Айрим юртдошларимиз имон, эътиқод масалаларида чалғиб, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали уларнинг қармоғига илинишяпти.

Қўқонлик А. Тўйчиев эндигина 22 ёшни қарши олмоқда. У уяли телефони орқали мунтазам равишда интернет тармоқларига кириб, телеграм мессенжеридан фойдаланган ҳолда аккаунт яратган. “Muhojira”, “Tavhid xabarlari”, “Nashidalar”, “Умр саҳифаси” каби каналларга аъзо бўлиб, бир қатор шахсларнинг жиҳодга, шаҳидликка, жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган маърузаларини эшитиб келган.

Шу билан бирга, уни телефони ва чипи хотирасида сақлаган. Бундан ташқари, А. Тўйчиев “однаклассники.ру” ижтимоий тармоғида қўқонлик М. М. билан танишиб, у билан ёзишмалар олиб борган. Телеграм орқали унинг аккаунтига 2019 йил 8 сентябрь куни Аҳлуддин Новқотий, 7 октябрь куни Абдуллоҳ домланинг маърузаларини юбориб, уларни тарқатган. 

Адабиётшунослик экспертизасининг хулосасига кўра, мазкур тарқатилган маърузалар мамлакатимизда жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва уни тарғиб этувчи материаллар эканлиги аниқланди. Қўқонлик С. Бакиев ҳам қабиҳ ишга қўл урди. Маълум бўлишича, у 2013 йил 20 август куни шахсига аниқлик киритилаётган аёл билан олдиндан жиноий тил бириктириб, 100 АҚШ долларига эвазига унинг ёрдамида давлат чегарасини ноқонуний бузиб ўтган. 

У Тошкент вилоятининг Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудидаги мавжуд айланма йўллар орқали давлат чегарасини кесиб ўтган.  Ёлланма меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, 2014 йил декабрь ойида қайд этилган айланма йўллар орқали қонунга хилоф равишда яшаш манзилига қайтиб келган.

Бундан ташқари, С. Бакиев жорий йил 19 август куни олдиндан таниши бўлган Г. Ю.га хотирасида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи маърузалари бўлган 4 гб ҳажмли чипни бериб, тарқатганлиги аниқланди.  Г. Ю.нинг уяли телефон аппарати олиниб, кўздан кечирилганда, ундаги чипнинг хотирасида Абдуллоҳ Бухорий, Содиқ Самарқандий, Рашод қори Камолов ва бошқаларнинг диний мазмундаги маърузалари борлиги маълум бўлди. 

Адабиётшунослик экспертизасининг хулосасига кўра, чип хотирасидаги файллар диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган материаллар сирасига кириши аниқланган. А. Тўйчиев ва С.Бакиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар