Му5
48

“Германияда ўзбек байрамларини нишонлашдан мақсадимиз – сайёҳларни жалб қилиш, Ўзбекистонга инвестиция олиб кириш” (Фото)

ЖАМИЯТ 02.12.2019, 14:32
1440
“Германияда ўзбек байрамларини нишонлашдан мақсадимиз – сайёҳларни жалб қилиш, Ўзбекистонга инвестиция олиб кириш” (Фото)

Аввал хабар берганимиздек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (OSCE) ва Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари Гулнора Бобожонова ҳамкорлигида ташкил қилинган Германия малака ошириш сафаридаги муҳим учрашувларимиздан яна бири бу – Мюнхенда ўзбеклар диаспорасини ташкил қилган жаноб Герхард Биркл (Gerhard Birkl) ва у ердаги ҳамюртларимиз билан дийдорлашув бўлди...

Мазкур учрашувларда педагог ва таржимон Ҳабиба Ҳамдамова делегациямизга ҳамрохлик қилди. Биз эса албатта фурсатдан унумли фойдаландик. 

— Германияга нечанчи йил, нима юмуш билан бориб қолгансиз?

— Германияга 2007 йил талаба сифатида келганман. Бу орада турмуш қурдим, фарзандли бўлдим. Немис тилини ўрганиш қийин бўлмаган, сабаби ёшлигимдан чет тилларини ўрганишга қизиқишим катта эди. Немис тилини мактаб, университетда ўрганганман. Қолаверса, Гёте институтида яна қўшимча тарзда билимларимни мустаҳкамлаганман. Германияда қўшимча равишда турк тилини ҳам ўргандим. Бир муддат турк ва немис тили таржимони бўлиб ҳам фаолият юритдим. Германиянинг қайси нуқтасида бўлманг немислар чет элликлар билан соф адабий немис тилида мулоқот қилишади. Шу боис немис тилидаги шевалар немислар билан суҳбатлашишга тўсиқ бўла олмайди.   

— Мюнхенда ўзбек диаспорасига қўшилишингиз қандай бўлди?

— Германиядаги ўзбек дугоналарим билан йиғилиб, болаларимизни сайр қилдирардик. Аёл киши бўлганим, нисбатан ёшим катта бўлгани учун Германиядаги ёш келинчакларга ёрдам бериб юрганман. Табиийки, аёллар бир-бири билан дугона бўлгач, турмуш ўртоқларимиз ҳам ўзаро дўстлашишган. Аёллар йиғилиб, “гап” ўйнай бошлаганмиз. Болаларимиз катта бўла бошлагач эса бир хонани ижарага олиб уларга эртаклар, фильмлар, куй-қўшиқлар қўйиб берадиган бўлдик. Фарзандларимиз баҳона “гап”имиз бора-бора маданий тадбирга айланди. 

Шу аснода дугонам “Герхард Биркл исмли инсон бор, ўзи немис бўлса-да, ўзбекларга меҳри бўлакча”, деб қолди. Ўша кезлари – 2015 йил жаноб Герхард ўзбекларни концертга таклиф қилди. Уни илк бор кўрганимда, эгнида тўн, бошида дўппи эди. Наҳотки, ўзбек маданиятига шу қадар ошуфта бўлса, дея ҳайратланганман. Дугонам – жаноб Герхарднинг ўнг қўли Нилуфар Юлчараева орқали у киши билан танишишга муваффақ бўлдим. 

Шу-шу жаноб Герхард билан қадрдон бўлиб қолдик, у ўтказадиган тадбирларнинг ташкиллтчиси бўлиб қолдим.

— Мюнхенда ўтказадиган ўзбек байрамларининг ўзига хослиги нимада?

— Байрамларни нишонлашда, жаноб Герхарднинг оптимистлиги, ҳатто тадбирларда энг майда нарсаларга ҳам бефарқ қарамаслиги билан эътиборимни тортган. У кишини отамдек кўраман, десам муболаға бўлмайди. Бизга қадар жаноб Герхард ўзбекларнинг ёрдамисиз, бир ўзи кўплаб тадбирларни ташкиллаштирган. Шу маънода Германиядаги биз ўзбеклар бу борада ҳали катта тажрибага эга эмасмиз. 

Жаноб Герхард тадбир учун нималар кераклиги ва уларни қаердан арзон нархларда топиш мумкинлигини айтиб беради. Қачон ёрдам сўрасак, бажонидил қўл чўзади. Ваҳоланки, европада одамлар “вақт бу пул” шиори остида яшайди. Жаноб Герхардга ишимиз тушганда эса у сира вақтини аямайди. Лекин ишимизни бажариб бермайди, боиси у ўзидан кейин бизни мустақил равишда тадбирлар ўтказа оладиган қилиб тарбиялашни истайди. “Оч қолган одамга балиқ берма, қўлига қармоқ тутказиб балиқ овлашни ўргат”, деган япон мақолига амал қилади. Мюнхенда ўтказадиган ўзбек байрамлари Германиянинг бошқа штатлариникидан фарқ қилади. Боиси байрамларимизга немислар, сайёҳлар ҳам ташриф буюради. Байрамларни ўзбек ва немис тилларида олиб борамиз. Яқинда Ўзбекистонни яхши билган немис сифатида жаноб Герхард Ўзбекистон ҳақида катта тақдимот ўтказди. 

Натижада 20 нафар немис саёхат учун Ўзбекистонга борди. Бу Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиб, инвестиция киритиш учун катта ёрдам, деб ўйлайман. 

Халқимиз жудаям меҳмондўст, саёҳларнинг кўнглини бир зумда топа олади. Германияда немисларга ўзбекона дастурхон ёзсак, “мен учун шунча овора бўлдингизми?” деб тўлқинланиб кетади. 

Боиси Германияда бундай меҳмондўстлик йўқ. Немисларни шу қадар тўлқинлантириб, эътиборини тортадиган менталитетимиз бор, бу яхши натижа беради. Узоққа бормаймиз, жаноб Герхарднинг ўзини ҳам ўзбекларнинг жўмардлиги, меҳмондўстлиги, самимияти ўзига ром қилган. 

Мюнхенда ўзбек ҳамжамиятини очиш учун ҳаракат бошладик. Бу истагимизни қўллаб-қувватлаётган бу – жаноб Герхард. Унинг энг катта орзуларидан бири ҳам шу. Яқинда бу орзуимизга ҳам эришамиз, деган умиддамиз. 

— Ўзбекона байрамлар ўтказишдан мақсад ҳам бўлса керак?

— Мақсадимиз – Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш. Келин салом, лапарларимиз чет элликларни жуда тўлқинлантиради. Палак остида миллий кийимда ўтказилган келин саломни кўрган турк ва немислар йиғлаганига ўзим гувоҳ бўлганман. 

Улардан “таъсирландингизми?” деб сўраганимда, “бундай эҳтиром юрагимни титратиб юборди”, дея жавоб беришганди.   

Юқори даражадаги байрамларни ташкиллаштириш албатта осон бўлмайди. Бунда ўзбек диаспорасининг фаоллари қамишдан бел боғлаб хизмат қилади. 

Масалан, Дониёр Тожибоев ва Отабек Холиқов ҳомийликни ўз зиммасига олади. Раъно Лубке, Зайниддин Сирожиддинов модератор, Раъно Шарифова декоратор, Феруза Акбарова дизайнер, Малика Раҳимова ҳисобчи ва меҳмонларни кутиб олувчи масъул, шунингдек Самариддин Ҳасанов, Афзалбек Негматов, Бахтиёр Зохидов, Азиза Неъматова, Моҳидил Жўрабоева, Азизбек фаол ташкилотчилардир. 

Делегациялар билан боғлиқ ва байрамлар ўтказиш учун жой топиш ва унинг ижарасини тўлаш, элчихона билан музокаралар олиб бориш сингари ташкилий ишлар мен ва турмуш ўртоғимнинг зиммамизда. Бош ташкилотчи сифатида тадбирларда ким нима юмуш билан банд бўлишини тақсимлашдек муҳим вазифани ҳам ишониб топширишган. 

Байрамлардан ташқари Ўзбекистондаги гемотология марказида даволанаётган болаларга ҳайрия сифатида маблағлар ҳам юбориб турамиз. 

— “Вақт бу – пул” деган фикр Мюнхендаги ўзбекларга сингиб улгурмаганми, қанча вақтда кўришиб турасизлар?

— Наврўз, Хайит, Мустақиллик байрамлари ва Конституциямиз қабул қилинган кунда йиғилишни анъана тусига айлантирганмиз. 

Қолаверса, телеграмда гуруҳ очганмиз, доимий гаплашиб турамиз. Ўзбек аёлларининг ўзи йиғилса 30 нафар, умумий йиғладиган бўлсак, 60 кишидан ошамиз. Фарзандларимиз билан жам бўладиган бўлсак, саноғимиз яна ошади (кулади).

— Юрт соғинчи қийнамайдими?

— Албатта қийнайди. Юртимизга йилда бир ёки 2 йилда бир борамиз. Бордию боролмай қолсак, яқинларимизни меҳмонга чақирамиз. Германияда яшаётган ҳар бир ўзбек кун келиб, яъни, етарли малака ошириб, мустақил иш оча оладиган даражада ғояларга эга бўлиб, Ватанга қайтишни ўйлайди. Гарчи кошонада, фаровонликда яшаса ҳам мусофир одамнинг кўнгли ярим бўлади, юртингда яқинларинг бағрида яшашга ҳеч нима тенг келмайди. Ўзбеклар йиғилганимизда суҳбатимиз мавзуси – қадрдон юртимиз, яқинларимиз ҳақида бўлади. Тонгда янги соғилган сутнинг таъми, тандирда ёпилган иссиқ ноннинг иси, сўримиздаги узумларнинг кўрки ва энг муҳими яқинларимизнинг қайноқ меҳри... буларни дунёларга алишиб бўлмайди.  

— Ватандан кетиб, нималар топдингиз ва нималарни бой бердингиз?

  • Оила қурдим, фарзандли бўлдим. Уларни яқинларимнинг ёрдамисиз катта қилдим, бу менга жуда катта мактаб бўлди. бу жараёнда ота-онамизнинг қадрини кўпроқ ҳис қилдик.
  • Оила бюджетимизни йўлга қўйишни ўргандик, молиявий жиҳатдан мустақил бўла олдик. Яқинларимизнинг қарамоғида бўлганимизда бу даражага етмаган бўлардик, деб ўйлайман.
  • Турли миллатга мансуб кўплаб дўстлар орттирдик, диний бағрикенг бўлишни ўргандим.
  • Германияга келганимдан буён қариялар уйига бориб, уларни зиёрат қиламан. Қариялар уйида 90-100 ёшга кириб, алцгеймер касаллигига чалинганларга ғамхўрлик қилинади. Улар менга яшашни, миллати, тили, динидан қатъий назар одамлар бир хил бўлишини тушунишимга ёрдам берди. Одамга икки оғиз ширин сўз ва бир бурда нон етар экан. Бу – англаб етган ҳаётий фалсафам.
  • Гераманиядалигида қурилган ҳар бир оилани мустаҳкам деёламан. Боиси мусофирчиликда икки ярим кўнгил бир бўлиб, бир-бирига орқа қилиб яшайди. Улар орасига салбий иллатлар, жумладан хиёнат тушганига гувох бўлмадим.
  • Ўз соҳам бўйича Европа тажрибаси, ёндашувини, таълим тизимини ўргандим ва ўрганяпман. Университетларига борганимда 45, ҳатто 80 ёшдаги талабаларни кўриб, ёшим нечида бўлмасин, бутун умр ўқийман, деган ақида пайдо бўлди.

Йўқотганларга келсак, бу – жуда оғриқли мавзу. Юртга борганимда ота-онамни тез қариб қолганини кўриб, ичимдан нимадир узилгандек бўлади. Яқинларимизнинг бир-кетин оламдан ўтиши натижасида уларнинг дийдори, меҳрини йўқотамиз. Сўнгги манзилга кузатишга етиб боролмаслик бу – хориждаги ўзбекларнинг энг оғриқли нуқтамиз. “Ҳар бир ишда ҳикмат бор”, деган нақл кўнгилга таскин беради.

Делегациямизга ҳамрохлик ва таржимонлик қилганингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Юқори даражадаги эътибор, меҳмондўстлик учун Мюнхендаги юртдошларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, келгусидаги ишларига фақат зафарлар тилаб қоламиз! 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, Германия.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+10° туман
Валюта курси
rightuz