Франция собиқ президенти Жак Ширакнинг тўнғич қизи Лоранс 58 ёшда вафот этди

14:29, 15 апрель

Point ҳафталик журналининг маълумот беришича, Франциянинг собиқ президенти Жак Ширакнинг қизи Лоранс Ширак 58 ёшида юрак хуружидан вафот этган, деб хабар берди “ТАСС” нашри. 

Ўтган якшанба куни Лоранс Ширак Париждаги Некер номли шифохонанинг интенсив терапия бўлимига ётқизилган эди. Врачларнинг саъй-ҳаракатлари билан унинг тўхтаб қолган юраги яна ура бошлаган, аммо Лоранс кома ҳолатидан чиқолмай, вафот этган.

Лоранс Ширак – Франция собиқ президенти Жак Ширакнинг тўнғич қизи ҳисобланади. У 1958 йилнинг 4 мартида дунёга келган. Лоранс 15 ёшга тўлганда унда анорексия касаллиги аломатлари топилган. У умуман овқатланишдан бош тортиб, иштаҳаси бўлмаган. Бу касалга чалинишига унинг менингит касаллигини бошдан кечиргани сабаб бўлган. Қизларини касалликдан халос этиш учун Жак ва Бернадетт Шираклар Франциянинг етук мутахассисларига мурожаат қилишган, аммо бу касалликнинг олдида тиббиёт ожиз қолган. Улар қизларига керагидан ортиқ меҳр кўрсатишга, уни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишган. Жак Ширак сиёсат кўп вақтини олиб қўйишига қарамай, қизига эътибор қаратишга, вақт ажратишга ҳаракат қилган. 

1974 йилда Жак Ширак Франция бош вазири этиб сайланганда ҳам, ҳар куни эрталаб қизи билан биргаликда нонушта қилишга ҳаракат қилган. Ота-онанинг, врачларнинг саъй-ҳаракатлари билан касаллик бироз чекинган. Аммо 58 йиллик умри давомида Лорансни бу касаллик безовта қилишдан тўхтамаган. Жак Ширак қизини оммадан, матбуотдан яшириб келган. Унга бу ишда кенжа қизи Клод ёрдам берган. У отасининг жамоат билан алоқа қилиш гуруҳида маслаҳатчи лавозимида хизмат қилган.  

Жак Ширак хотираларида қизи Лоранснинг касали “ҳаётидаги энг катта фожиа” бўлганлигини тан олган. Унинг рафиқаси Бернадетт Ширак ҳам сиёсатчи, ҳам жамоат арбоби бўлишига қарамай, бир неча йиллар давомида Францияда анорексия касаллигининг олдини олиш, айнан шу касалликка чалинган беморларга ёрдам бериш бўйича ҳайрия ишларида фаол иштирок этган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!