Озодбек Назарбековнинг ёлғони, танқидларга жавоби ҳамда бугуннинг долзарб муаммоларига муносабати (фото+видео)

16:02, 15 апрель

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков шу кунларда «Истиқлол» санъат саройида «Меҳринг сабаб» дея номланган концерт дастурини тақдим этмоқда.

Концерт дастурига кириб борар эканмиз, доимгидек унга республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган томошабинларни кўрдик. Саҳнанинг оригинал ўзига хос безаги эътиборимизни тортди. 

Концерт асосан хонанданинг янги тароналаридан иборат бўлди. Бундан ташқари Озодбек Назарбеков устоз санъаткорларнинг репертуарларига ҳамда ўзининг ижоди аввалида куйланган хит тароналарга ҳам мурожаат қилди.

Нега алдади? 

Халқ артисти мухлисларини нима деб алдади экан, деган саволга қуйидаги жавобни бермоқчимиз. Албатта, бу қўштирноқ ичида айтилиши керак бўлган гап эди аслида, сабаби санъаткорнинг бу алдови унинг концертидаги энг ката ютуқларидан бири бўлди десак муболаға бўлмайди. Хонанданинг концерти жонли ижрода ўтди, ваҳоланки, «Фонограмма орқали ижро этилади» деган сўзлар барча реклама баннерларида эълон қилинган эди. 

Концертнинг яна бир ютуқларидан бу санъаткорнинг жамиятимиздаги муаммоларни назаридан четда қолдирмагани бўлган. Хусусан хонанданинг «Алло она», «Қаро кўзим» дея номланган тароналари мухлисларни йиғлатди. «Алло она» таронасида чет элга ишга кетдим деб яқинларини унутиб қўяётган муҳожирлар муаммоси кўтарилган бўлса, «Қаро кўзим» оилаларнинг ажралиши сабабли тирик етим бўлиб қолаётган болаларнинг дарди куйланган.

Шу ўринда концертда меҳмон санъаткор сифатида қатнашган қизиқчи Аваз Оҳун ҳам ўзининг ҳазилларида айнан мана шу ажрашиб кетаётган оилаларнинг мавзусини юмор орқали жуда ажойиб тарзда етказишни уддасидан чиққан. 

Танқидларга жавоб

Озодбек Назарбеков ўзининг бугунги кунда хитга айланган таронаси «Жиги-жиги»ни куйлашдан олдин, ушбу ашулани танқид қилганларга мурожаат қилди:

«Айримлар қўшиқ тақдим этилганидан сўнг «шу ҳам қўшиқ бўлибдими, халқ артисти айтиши учун бошқа қўшиқ йўқмиди, шунақа ҳам қўшиқ айтадими…» деган фикрларни билдирди. Фурсатдан фойдаланиб, мазкур таронадаги «жиги-жиги» сўзини тушунтириб ўтмоқчиман. Қўшиқ Лутфий ғазали билан куйланган, мен унинг бирорта ҳам ҳарфига ўзгартириш киритганим йўқ. Бироқ бирор-бир нарсани танқид қилишдан олдин, уни орқасида кимлар турибди деб, озгина фикрлаш керак. Хўш, «жиги-жиги» нима дегани ўзи?
Жиги-жиги – бу ўша даврларда эркалаб ёш бола ва чиройли қизларга қарата «кел» деган мурожаатни англатади».

Хонанданинг мазкур таронага тўлиқ изоҳини қуйидаги видео орқали кўришингиз мумкин.

Концерт дастури ажойиб куй-қўшиқлар, театрлаштирилган томошаларга бой жонли тарзда ўтди. Унда 17 та янги тарона томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.

Фото: Ислом Рўзиев

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 20:01, 17 апрель
агар шундай булса клипни хам эскича талкинда олиш керак эди