Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар

22:38, 15 апрель

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 14 апрель куни амалий ташриф билан мамлакатимизга келди. 

Ташрифнинг асосий тадбирлари 15 апрель куни Кўксаройда бўлиб ўтди. 

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг турли соҳалардаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар. 

Президентимиз Қозоғистон Президентини юртимизга ушбу ташрифи билан қутлаб, бу олий даражадаги мулоқотларнинг изчил давоми эканини таъкидлади. 

– Сизни Ўзбекистонда кўришдан ҳар доим хурсандмиз. Ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан яхши қўшни, дўст бўлиб яшаб келган. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ана шу тамойиллар асосида ривожланмоқда. Халқаро вазият тез ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган ҳозирги кунда бундай дўстлик, ўзаро англашув янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ташрифингиз томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имкониятдир, – деди Ислом Каримов. 

Қозоғистон Президенти Ўзбекистон Президентига таклиф учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланаётганини қайд этди. 

– Тўғри таъкидлаганингиздек, халқларимиз асрлар давомида ёнма-ён, тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда. Мустақиллик йилларида биз бу муносабатларни янада мустаҳкамладик. Марказий Осиёнинг етакчи давлатлари бўлган мамлакатларимиз ҳамкорлиги бутун минтақа учун муҳим аҳамият касб этади. Ўзаро муносабатларимизни янада мустаҳкамлаш ва изчил давом эттиришдан манфаатдормиз, – деди Нурсултон Назарбоев. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик 1998 йилда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида тараққий этмоқда. 

Ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро изчил ривожланмоқда. Икки мамлакат парламентлари ўртасида амалий мулоқот йўлга қўйилган. Ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги маслаҳатлашувлар мунтазамлик касб этган. 

Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик кўплаб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқиндир. 

Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик таъминланиши ва иқтисодиёт тикланишидан манфаатдор эканини таъкидладилар. Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслиги, БМТ шафелигида қарама-қарши томонлар ўртасида сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро келишувга эришиш энг тўғри ва ягона йўл эканлиги қайд этилди. 

Президентлар Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сув ресурслари минтақамизнинг умумий бойлиги бўлиб, халқларимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан улардан оқилона ва самарали фойдаланишга боғлиқ эканлигини таъкидладилар. Трансчегаравий дарёларда гидроэнергетика иншоотлари қуриш масаласида БМТ конвенциялари ва бошқа халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига қатъий риоя қилиш зарурлиги қайд этилди. 

Таъкидланганидек, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда. 

Музокарада савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 

Қозоғистон мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан биридир. Ўзбекистон Қозоғистонга мева-сабзавотлар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар, турли хизматлар экспорт қилади. Қозоғистондан юртимизга қора ва рангли металлар, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. 2015 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилган. 

Қозоғистонда мамлакатимиз ишбилармонлари иштирокида ташкил этилган 151 корхона фаолият юритмоқда. Юртимизда Қозоғистон капитали иштирокида 206 корхона, шу жумладан, 171 қўшма корхона очилган. 

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Жорий йил 10-11 март кунлари Остона шаҳрида мазкур комиссиянинг 15-мажлиси бўлиб ўтди. 

2007-2016 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик стратегиясига мувофиқ савдо, сармоя, транспорт, коммуникациялар, божхона, сув-энергетика ва инновация йўналишларида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар самараси ўзаро алоқаларга қўшимча суръат бағишламоқда. 

Транспорт коммуникациялари соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. 

Музокарада Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг фойдаланилмаган ресурсларини ишга солиш ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини бериши таъкидланди. Ҳамон давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида товар айирбошлашнинг ўсувчан динамикасини сақлаб қолган ҳолда унинг ҳажмини янада кўпайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, экспорт-импорт номенклатурасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Қўшма корхоналарни кўпайтириш, тадбиркорлар ҳамкорлигини ривожлантириш мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди. 

Учрашувда ижтимоий соҳадаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокарада ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди. 

Шу билан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга амалий ташрифи ниҳоясига етди. 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!