Банандан Гепатит Б ва ОИТС касалликлари тарқалаётгани ростми?

14:00, 16 апрель

“Шошилинг! Дўстлар, мен ҳайратдаман... Ёзаяпману қўлларим титраяпти. Банан сотиб олманг. Мана ҳозир бананнинг ичи қон билан тўла эканига гувоҳ бўлдим...”, “Мен ҳам бу ҳақида эшитдим. Яқинларим орасида шифохонада ишлайдиган киши бор. У шундай бананлар туфайли бир неча боланинг ичи бузилиб касалхонага келтирилганини айтганидан сўнг, банан сотиб олмай қўйдим” ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган мана шундай ёзувлар атрофида бир томони қизарган банан мевасининг расми ва ундан Гепатит Б ва ОИТС касалликлари тарқалаётганлиги ҳақидаги хабарлар авж ола бошлади. 

Яхшилаб эътибор берсангиз, ундаги расмлар фотошоп маҳсулига ўхшайди, аммо келтирилган изоҳлар барчага таъсир этиши табиий. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғландик. Хўш, Гепатит Б ва ОИТС каби оғир турдаги юқумли касалликларнинг мевалар орқали тарқалиш хавфи қанчалик асосли? Умуман, бу хасталикнинг юқиш йўллари қанақа? Бу борадаги саволларимизга қуйидагича жавоб олдик.

БАНАН КАСАЛЛИК ТАШУВЧИ БЎЛОЛМАЙДИ

Нуриддин Тошбоев, Республика Давлат Санитария-эпидимиология назорати маркази бош врач ўринбосари:

Энг аввало шуни айтиш керакки, ОИТС ва Гепатит Б касалликлари фақат қон орқали юқади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган банандан юқиши борасидаги фикрларнинг барчаси асоссиз. Сабаби, инфекциянинг юқиши учун шароит бўлиши керак. Агар банан ва бошқа меваларга Гепатит Б ва ОИТС касалликлари вируси шприцда жўнатилган ҳолда ҳам, у ерда вирус ривожланадиган муҳит йўқ ва у ўлиб қолади.

ҚАЙСИ ҲОЛАТЛАРДА ЮҚИШИ МУМКИН? 

Юқорида таъкидлаганимиздек, бу касалликлар қон орқали юқади ва кундалик турмушимизда қон билан ишлаш жараёнига боғлиқ тиббий асбоблар, гўзаллик салонларидаги стерилланмаган ва зарарсизлантирилмаган ускуналар, шунингдек, жинсий йўл ва ҳомила орқали юқиши кузатилган. 

КАСАЛЛИКДАН ҚУТУЛИШ МУМКИНМИ?

Бу иккала касаллик ҳам оғир турдаги юқумли касаллик ҳисобланади.

“Гепатит Б”да комплекс даволаш амали бажарилганида, 1-1,5 йилда тузалиб кетади. Агар вақтида тўлақонли даволанмаса, жигарнинг функционал бузилишига ва “жигар циррози”га олиб келади.

ОИТС билан оғриган беморларда антиретровирусли терапия муолажаси олиб борилади ва бу фақатгина беморнинг умрини маълум муддатгагина узайтириши мумкин.

МЕАВАЛАРДАН ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК ЮҚАДИ?

Меваларнинг ерга тушиши ва ювиб истеъмол қилинмаганида юқумли ичак касаллигининг бир қанча турлари ва айниқса ифлосланган сув орқали Гепатитнинг А тури юқиши мумкин. 

ЧЕТДАН КИРУВЧИ ОЗИҚ-ОВҚАТЛАР СИФАТИ НАЗОРАТДА

Республикамизга кириб келаётган нафақат банан, балки барча озиқ-овқат маҳсулотлари махсус текширувдан ўтади. Маҳсулотнинг номини билдирувчи мувофиқлик сертификати берилади.Шунингдек, маҳсулот сифатини белгиловчи гигиеник сертификат ҳам мавжуд бўлиб, уни аккридитациядан ўтган лабораторияси мавжуд бўлган Санитария-эпидимиология назорат марказлари беради. 

Интернетдаги fithacker.ru сайти берган маълумотга кўра, бананга ёпиштирилган наклейкалар унинг сифат даражасидан хабар беради. Унга кўра:

Агар наклейкада 4 белгили код бўлиб, улар 3 ёки 4 рақами билан бошланса, маҳсулотнинг интенсив (тезлаштирилган) усулда турли ўғит ва пестицидлар воситасида етиштирилганини англатади;

Агар маҳсулотда 5 белгили код бўлиб, улар 9 рақами билан бошланса, бананнинг табиий усулда етиштирилганини билдиради. Айни пайтда бу усулни «органик», яъни турли пестицид ва ўғитлардан холи метод деб ҳам аташади;

Агар наклейкада 5 белгили код бўлиб, улар 8 рақами билан бошланса, бу маҳсулотнинг генетик қўшилма (модификацияланган) эканидан, ГМОлигидан далолат.

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!