Келажакда Роналдунинг ўрнини ким боса олади?

14:21, 16 апрель

Футбол оламида ўйинчичилар 30 ёшдан ўтганидан кейин, ёшлигида намойиш қилган ўйинларини қайта кўрсата олмайди ва ўз фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлайди. Бугунги саҳифамизда “Реал” етакчиси Криштиану Роналду ва унинг ўрнини боса оладиган ҳақида сўз юритмочимиз. 31 ёшли португалиялик футболчи яна бир неча йил юқори формада ўйнай олишини таъкидлашига қарамай, унинг ўйинларида бироз сусайиш борлигини кўришимиз мумкин. Яқин келажакда унинг ўрнини ким боса олади, деб ўйлайсиз? Агар бу саволга жавоб топишни истасангиз қуйидаги саҳифани мутолаа қилиб кўринг.

НЕЙМАР (“Барселона”)
Ёши: 24

“Реал” президенти Флорентино Перес бразилиялик иқтидор эгасига катта қизиқиш билдираётгани ҳеч кимга сир эмас. У ҳатто Неймарнинг трансфери учун унинг шартномасида белгиланган 190 млн. еврони тўлашга ҳам тайёр. Тан олиш керак, Лионель Месси ва Луис Суарес соясида қолиб кетаётган Неймар “Реал” учун бебаҳо ўйинчи ва Роналду учун ажойиб ўринбосар бўла олар эди. 

Эден АЗАР (“Челси”)
Ёши: 25

Ўтган мавсумда Англия чемпионатининг энг яхши футболчиси деб топилган бельгиялик футболчига бир қатор Европа топ-чемпионатлари қизиқиш билдирмоқда. Улар орасида айниқса “Реал” жуда фаол. Мадридликлар устози Зинедин Зидан унинг хизматларига қизиқиш билдиряпти, Азарнинг ўзи ҳам франциялик мутахассис билан ишлашга қарши эмас. “Қироллик клуби” унинг трансферига 100 млн. евро ажратиши хабар қилинмоқда. 25 ёшли футболчи португалиялик учун қойилмақом ўринбосар бўла олади.

Поль ПОГБА (“Ювентус”)
Ёши: 23

“Ювентус” жамоасининг  “мотори”, чексиз маҳорат эгаси Поль Погба “Реал” етакчиси Роналду учун ўринбосарлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Мадрид клуби франциялик футболчини қўлга киритиш мақсадида бир неча бор туринликларга таклиф билан юзланди. Аммо “Ювентус” ҳозирча франциялик футболчини қўйиб юбориш ниятда эмас. Погба эса ўз фаолиятини “Барселона”да давом эттириш истаги борлигини айтганди. Хоҳиш устунроқ бўладими ёки катта миқдордаги пул, буни яқин келажакда билиб оламиз.

Серхио АГУЭРО (“Манчестер Сити”)
Ёши: 27

Аргентиналик футболчи саҳифамиздаги “рақиблари”га қараганда ёши бироз катта бўлишича қарамай, у ҳозир кучга тўлган даври. 27 ёшли ҳужумчи “Манчестер Сити”да ёрқин ўйинлари ва тўпурарлик маҳорати билан кўпчиликнинг эътиборини жалб қилган. Улар орасида “Реал” ҳам бор.

Роберт ЛЕВАНДОВСКИ (“Бавария”)
Ёши: 27

Германия чемпионатининг энг яхши тўпурари Роберт Левандовски “Реал”да Роналду ўрнини боса оладиган асосий футболчилардан бири сифатида эътироф этилмоқда. “Қироллик клуби” ёзда польшалик футболчини сотиб олиш учун бел боғлаган. Флорентино Перес 27 ёшли футболчини Роналдуга ўринбосар сифатида кўрмоқда. Левандовски ҳам Мадридга кўчиб ўтишга қарши эмаслигини билдирган.  Қайд этиш керакки, тўпурарлик борасида  Роберт касбдоши Роналдудан қолишмайди. 

Марко РОЙС (“Боруссия” Д)
Ёши: 26

Дортмунд клубининг етакчиси Марко Ройс яқин келажакда порлаши кутилаётган футболчилардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Афсуски, унинг жароҳатларга мойиллиги бир қанча топ-клубларни хавотирга солади, яъни, уни харид қилмоқчи бўлган жамоалар Ройсни жароҳат олиб захирада қолиб кетишидан қўрқади. Шунга қарамай, юқори маҳорат ва кучли салоҳият эгаси “Реал”да Роналдуни ўрнини босадиган футболчилар қаторида бўлиб турибди. 

Гарет БЭЙЛ (“Реал Мадрид”)
Ёши: 26

Футбол тарихидаги энг қиммат трансфер соҳиби, уэльслик ярим ҳимоячи Гарет Бэйл шубҳасиз Роналдунинг ворисларидан бири саналади. Дунёнинг энг тезкор футболчиларидан бири бўлган Бэйл бугунги кунда ажойиб ўйинлари, техникаси билан барчани лол қолдира олади. Уэльс терма жамоаси етакчиси яқин орада “Реал”да ҳам ҳақиқий етакчи ролини эгаллаши турган гап.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!