Рашк туфайли икки инсон умрига зомин бўлган қотил 22 йилга озодликдан маҳрум этилди

11:00, 18 апрель

Оила мустаҳкам қўрғон. Шу мустаҳкамликни асраб-авайлаш жуда катта матонат талаб қилади. Лекин бу ҳамманинг ҳам қўлидан келмаслигининг исботи “Ҳуқуқ” газетасининг 13-сонидаги бир жиноят тафсилотида келтирилган. 

Рафиқасининг қўл телефонидаги рақамни териб, нотаниш йигит овозини эшитган эрнинг жазаваси тутди. Хотинини исканжага олди:

— Ким билан топишиб олдинг?

—  Телефон рақамимни янглишиб терган.

—  Икки-уч марталаб янглишадими?..

—  Ўзингиз ҳам неча марта "адашиб терибсиз, мени рақамимни", дегансиз-у!

У бироз ҳовуридан тушгандай бўлди. Бироқ кўнгли қоралигича қолди. Кайфи та-роқлигида болаларининг кўз ўнгида "Айт, ким у? Гўрга тиқаман, икковингни", дея Ойдинхонни (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳақоратлаб, урушга одатланди. Аёл "Туҳмат қилаверманг. Туҳмат балосига қоласиз", деявериб чарчади. Уч нафар фарзанди билан ота-онасининг уйига кетиб қолди. Судга мурожаати қаноатлантирилиб, турмуш ўртоғи болаларининг таъминоти учун алимент тўлай бошлади. Аёл энди ажрашиш учун судга ариза берди. Обиджон "ажралмайман" деб оёғини тираб олди.

УСТУН КЕЛГАН ШУБҲА-ГУМОН

Ойдинхон фарзандларини ўйлаб, кечирди. Бироқ шубҳа-гумон Обиджоннинг ичини кемираверди. Яна сўроқ-савол, тағин уриш-жанжал... Тўрт йилдан буён давом этаётган можаролардан Ойдинхоннинг тоқати-тоқ бўлди. Бироқ кекса ота-онасининг дилини яна вайрон қилишни, уларнинг қарамоғида ўтиришни истамади. Сўраб-суриштириб, кўп қаватли турар-жой биносидан ижарада яшаб туриш учун уй топиб, кўч-кўронини йиғиш- тириб кетди.

МЧЖлардан бирида боғбонлик қилаётган Обиджон алимент пулларини тўламай қўйганди. У қирқ беш ёшга кирган, ишончини йўқотган рафиқаси билан қонуний нико-ҳини бекор қилдириб, бошқа аёлга уйланиши мумкин эди. Бироқ у ҳамон рашк ўтида жизғанак бўлиб, тунлари рафиқаси яшаётган биринчи қаватдаги хонадоннинг деразаси ёнида турли хаёллар билан пойлоқчилик қилаверди.

ВАҲШИЙЛИК

Ойдинхон амал-тақал кун кўриб юрган кезлари унга совчи қўйган Боқижон исмли йигит билан шаръий никоҳ ўқитиб, ижара уйда бирга яшай бошлашди.

Обиджон кўчада Боқижоннинг йўлини тўсди. 

— Бу хонадонга қадам қўйсанг, ўлдираман, — дея огоҳлантирди Боқижонни. Ёқалашган йигитларни ажратиб қўйишди. Бир неча кун ўтиб, кечқурун Обид Ойдинхоннинг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Аёл телефонини ўчириб қўйгач, тунги соат учда пичоқни чангаллаб, собиқ хотини яшаётган бино томон йўл олди. Биринчи қаватдаги хонадон ётоқхонасининг очиқ деразасидан каравотда ухлаётган Боқи билан Ойдинга кўзи тушди. Ваҳшийга айланган Обид деразадан ичкарига тушди. Уйқудаги аёл ва йигитга қайта-қайта пичоқ санчаверди. Бақир-чақир уйғотиб юборган ўғли болалар хонасидан югуриб чиқди. Эшик ёнида "Дада! Бўлди!", деб чинқирди. Обид пичоқ билан кўчага чиқиб кетди.

СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Афсуски, муолажалар бесамар кетди. Беш-олти мартадан пичоқ санчилиб, оғир жароҳат олган аёл ҳам, йигит ҳам шифохонада жон беришди.

Суд ҳукмини ўқиди. Қасддан икки инсоннинг умрига зомин бўлган қотилга 22 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!