Худбинга айланмасдан ўзингизни севишни ўрганинг

11:23, 18 апрель

Аёл киши ўзини севиши ва қадрлаши лозимлигини уқтирмаган одам қолмаган бўлса керак. Аммо аёл ўзини севишни бошласа, яқинлари, дўстлари уни худбинликликда айблай бошлашади. “Lady.mail.ru” нашри сизга ўзингизни яхши кўриш ва худбинлик ўртасида мувозанатни қандай сақлаш мумкинлиги ҳақидаги бир неча маслаҳатларни ҳавола этади.

Ўзингизни бошқалардан юқори қўйманг

“Ўзинг хоҳлагандай яшаш, худбинлик эмас, балки бошқаларнинг сен хоҳлагандай яшаши худбинликдир”. 

Ўзингизни севиш учун биринчи навбатда бутун диққатингизни ўзингизга ва эҳтиёжларингизга қаратиб (бошқаларнинг эмас) ҳаётингизни қуриш, олдингизга мақсадлар қўйиб, уларни амалга ошириш учун интилиб яшаш, бирор ютуққа эришганда ўзингизни мақтаб қўйиш лозим бўлади. Ўзингни севиш бу соғлом ва идрокли худбинликдир. 

Бундан ташқари, одобсизликка кирувчи яна бир худбинлик мавжуд. Бундай одам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини, ҳақ-ҳуқуқларини, хоҳиш-истакларини ҳисобга олмайди, ўзиникини эса бўрттириб кўрсатади. Айнан шу нарса ўзингизни севишдан тубдан фарқ қиладиган, турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлувчи “ёмон” худбинликни англатади.  

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, — хоҳиш-истакларингизни, эҳтиёжларингизни қондириш учун ўзингизни бошқалардан юқори қўймай, тенг кўрсангиз, бошқаларнинг ҳам ўз истаклари, орзу-ниятлари борлигини тушунсангиз, бу худбинликка кирмайди. Худбин дегани — ўзини бошқалардан юқори қўйиб, фақат айтганини қилдирадиган, фақат унинг истакларини, эҳтиёжларини қондиришни талаб қиладиган одамдир.  

Таклиф ва илтимос қилинг, бировни айблаб, айтганингизни қилишни талаб қилманг

Ўзини севган, ҳурмат қилган одам илтимос ва таклиф қилади, худбин эса талаб қилиб, айбдорга чиқаради. Ўзини оқлаш учун “худбин” сўзини сизга нисбатан ишлатади.

— Азизим, бугун истироҳат боғига айлангани борамизми?

— Йўқ, боролмайман, дўстларим билан футболга бормоқчи эдим.

— Сиз худбинсиз! Ҳар доим ўз хоҳиш-истакларингизни биринчи ўринга қўясиз! Мен билан ишингиз йўқ!

Ўйлаб кўринг, аслида бу ерда ким худбин? Тўппа-тўғри, ўзининг истагини бажартириш учун бошқа одамнинг хоҳишидан воз кечишга мажбур қилаётган одам худбиндир. Агар ўзини ҳурмат қиладиган, яхши кўрадиган одам бўлганда эди, унинг жавоби мана бу кўринишда бўларди: “Афсус, бугун жудаям сиз билан боққа боргим келганди, майли ёлғиз бора қоламан” ёки “Бўш вақтимни сиз билан ўтказишни жудаям хоҳлагандим, балки иккаламизни хурсанд қилувчи бирор нарса ўйлаб топармиз”.

Ўзингни севиш — соғлом ва тўғри ҳаётий позициядир. Агар ўзингизни севсангиз, бошқа одамларни ҳам сева оласиз. Бу дегани унинг фикрларига, хоҳиш-истакларига қулоқ солиш, норозилигини намойиш қилишга йўл қўйиб бериш, ўзига фойдали фикрларни олиш деганидир. 

Ҳаётингиздаги камчиликларни ўзингиз ҳал қилишга ҳаракат қилинг, бировлардан ёрдам кутманг

Ўзингизга нисбатан бўлган севги иззатталаблик, каландимоғлик эмас, балки ҳар доим ўзингиздан менга нима ёқади, нимани хоҳлаяпман, ўзим учун яна нима қилоламан, қандай йўл тутсам ҳаётдан қониқиб яшайман деган саволларга жавоб қидиришдир. Нима учун бу нарсани муҳим деб ҳисоблаймиз? Самолётдаги форс-мажор ҳолатни кўз олдингизга келтиринг: “Кислородли ниқобни аввал ўзингизга, кейин болангизга тақинг!”  Аввало бу ниқобни ўзингизга тақсангиз нафас оласиз, тирик қоласиз ва куч-қувватингизни бошқалар билан бўлиша оласиз, яқинларингизга тиргак бўласиз. 

Агар ўзингизни яхши кўрмай, фақат бировларнинг дарду-ташвиши билан юрсангиз, ўзингизни қурбон қиласиз, аста-секин ўзингизни кераксиз одамдай ҳис қила бошлайсиз ва бошқалардан ёрдам кута бошлайсиз. Ўзингиз қурбон бўлдингизми, бошқалардан ҳам қурбонлик талаб қиласиз.

Бир нарсани унутманг, мабодо ўзингизни севмасангиз, бошқалар ҳам сизни севмайди. Худбинлик деган сўз қуйидаги ҳазил билан қоришиб кетсин: “Худбин — ёмон одам демакдир, у мени эмас, фақат ўзини ўйлайди”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!