“Камолот” уйлари кимларга берилади?

16:18, 18 апрель

Мазкур уйларни олиш тартиблари, талаблари ва шартлари хусусида 

Ёшим 26 да, турмуш ўртоғимники эса 30 да. Иккаламиз ҳам давлат ташкилотларида фаолият юритамиз. Ёш оилаларга бериладиган “Камолот уйлари”дан олмоқчи эдик, аммо унинг бир қатор талаблари бор экан. Бу уйлар кимларга берилади ва тартиблари қанақа? “Камолот” аъзоси бўлиш шартми? Шулар ҳақида маълумот берсангиз!

Адолат Сафоева, Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани

Баҳром Илҳомжонов, Камолот ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши юридик бўлим бошлиғи:

- Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кўп квартирали қуриш ва ёш оилаларга имтиёзли кредит асосида бериш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Ушбу қарор асосида “Камолот”нинг махсус  Низоми қабул қилинди. Унга  кўра, “Камолот” ЁИҲ ёш оиларларга уй бермайди, балки “Камолот” уйлари сифатида барпо этилаётган кўп квартирали уйларга номзодларни танлаб беришда тавсиянома беради, холос. Демак, бу каби уйларни олувчи шахс “Камолот” аъзоси бўлиши шарт эмас.  

Кимлар ариза топшириши мумкин?

- “Камолот”уйларига ариза бериш ва тавсияномаган эга бўлишнинг 3 асосий талаби бор. Улар:

•  Ҳисобга қўйиш тўғрсида ариза билан мурожаат қилган вақтда ёш оиланинг ҳар бирининг ёши 30 дан ошмаган, биринчи марта расмий никоҳдан ўтган ва кредитга лаёқатли деб топилиши;

•  Турар жойга муҳтожлиги — бунда ёш оиладан бири ижара шартларида яшаши ёки яроқсиз биноларда туриши ва ёш оила соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган сурункали хасталикнинг оғир тури билан оғриган беморлар билан бирга яшаши тўғрисидаги маълумотномага эга бўлиши;

•  Ёш оиланинг эр ёки хотининининг мамлакат ижтимоий ҳаётида фаоллигини белгиловчи ҳужжат — Давлат мукофотлари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, таълим, адабиёт, санъат ва спорт каби бир қатор йўналишларда нуфузли халқаро ва Республика мусобақалари, танловлар ваолимпиядалар ғолилари, ва бошқалардан иборат бўлиб, келтирилган ҳар учала талаб бир вақтнинг ўзида бўлиши лозим.

30 ёшдан ошганларга мумкин эмасми?

—  Амалдаги ҳужжатга кўра, ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза берган вақтида эр ва хотиннинг ҳар бирининг ёши 30 дан ошмаган бўлишлиги қайд этилган ва 30 ёшгача бўлган деган тушунча 30 ёшни ҳам инобатга олиб, 31 ёшдан бошлаб мумкин эмас, деб изоҳланади. Агар 30 ёшдан ошган фуқаро ҳам ариза топширса, ҳужжатлар тартибида келтирилган ФҲДЁ дан биринчи марта никоҳдалиги тўғрисидаги маълумотномани ололмайди, бу маълумотнома ҳам фақат 30 ёшгача тақдим этилади.

“Камолот уйлари” қаерларда қурилган

—  Шу кунга қадар “Камолот” уйлари 2014-2015 ва 2015-2016-йилги дастур асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили ҳар бир ҳудудда камида 3 тадан қурилади. 

МАЪЛУМОТ УЧУН

2014-2015 йилда 2078 та оилага мазкур уйлар топширилди ва 2015-2016 йилда эса 1482таси қуриб, ҳозирда фойдаланишга топширилмоқда. 201-2017-йилга мўлжалланган Дастур эса ҳали тасдиқлангани йўқ. 

Тўлови ва муддати қанча?

—  Юқоридаги Қарорга кўра, “Камолот” уйларидаги квартираларни тижорат банклари томонидан имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш йўли билан сотиб олинадиган квартиралар қийматини тўлаш учун бошланғич бадал тўламасдан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлган фоизли ставка билан 20 йил муддатга, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли даврга берилади.

Бунда уй нархини пудратчи ташкилот белгилайди ва битта ҳудуддаги уйлар нархи бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Фақат вилоятлар миқёсида олиб қараганда ҳар хаи бўлиши мумкин. 

Маълумот учун

Айни пайтда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси 9 фоизни ташкил этади.

Нархи қачон маълум бўлади?

—  “Камолот” тавсияномасини олган ёш оила биринчи навбатда пудратчи ташкилотларга мурожаат қилади ва улар билан дастлабки олди-сотди шартномасини тузади. Ана шу дастлабки шартномани ўзидаёқ уй нархи маълум бўлади.

УЙЛАР ҚАНДАЙ ТАҚСИМЛАНАДИ?

—  Амалдаги қонунга кўра, “Комолот” уйларини қуришда жойларни топиш ва белгилаш учун барча ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликлар масъул деб, ҳисобланади. Лойиқ топилган ёш оилалар эса имкон қадар ўз туман ва шаҳаридан уй-жой билан таъминланади. Агар шу ҳудуддан бериш имкони бўлмаса, яқинроқ иккинчи тумандан олиши мумкин. Бунда туманларнинг ва яшаш шароитнинг бири-бирига яқинлиги инобатга олинади. Аммо ёш оила рўйхатда турган вилоятдан бошқасига берилиши мумкин эмас.

Шунингдек,  ҳудудий комиссия томонидан ёш оилаларга квартираларни тақсимлашда:

•  Биринчи қаватдаги квартираларни беришда ёш оила вакиллари орасида ногиронлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган сурункали касалликларнинг ўткир шаклларидан азоб чекувчи шахсларнинг мавжудлиги инобатга олинади;

•  Икки ёки ундан ортиқ фарзандли ёш оилалар бошқа ёш оилаларга нисбатан биринчи қаватдаги квартираларни олишда кўпроқ ҳуқуққа эга ҳисобланади;

•  Уч хонали квартираларни ёш оилаларга тақсимлашда – ёш оила вакиллариннинг икки ёки ундан ортиқ фарзандли эканлиги (қоида тариқасида, ёш оила аёлининг хомиладорлигини тасдиқловчи тиббий варақаси ҳам инобатга олиниши мумкин), шунингдек давлат мукофотлари инобатга олинади. Уч хонали квартираларни ёш оилаларга тақсимлашда белгиланган талабларга жавоб берадиган ёш оилалар ҳолатлари тенг бўлган тақдирда, ҳисобга қўйиш санасига эътибор қаратилади. 

Хонадоннинг майдони қанча?

—  Битта кўп хонали “Камолот” уйида 32 та хонадон жойлашган бўлиб, 6 таси уч хонали ва 26 таси икки хоналидан иборат. Шундан икки хонали хонадоннинг умумий майдони 45 кв.м. ва 3 хоналиники эса 58 кв.м.ни ташкил этади. 

Мавзуга доир мурожаатларга ойдинлик киритамиз “аризамиз жавобсиз қолиб кетди”

“Биз турмуш ўртоғим билан спортда эришган ютуқлар ва тавсияномаларни кўрсатган ҳолда “Камолот” ЁИҲ Мирзо Улуғбек тумани бўлимига “Камолот” уйларига эга бўлиш учун 2015 йил 6 октябрда ҳужжатларимиз ва аризани топширган эдик. Бизга икки ҳафта, узоғи билан бир ой давомида жавоб протоколини оласиз, сизга қўнғироқ қиламиз, дейишганди. Аммо сал кам икки ой давомида ҳужжатларимиз туманнинг ўзида қолиб кетди. Тинимсиз сўровларимиз сабаб бўлса керак, аризамиз ниҳоят шаҳар бўлимига ўтказилди. Аммо ҳозиргача ҳам шаҳар бўлимидан ҳеч бир натижа олганимиз йўқ. Деярли ҳар куни қўнғироқ қиламиз. Аммо фақат Марказий кенгашда ҳали мажлис бўлмади, деган жавобдан нарига ўтишмайди. Шу каби сабаб ва баҳоналар билан 7 ой ҳам ўтиб кетди...”

А.С. Тошкент шаҳри, 

— Шу кунга қадар, аризаларнинг вақтида кўрилмаслиги ҳолати “Камолот уйлари”ни ажратиш бўйича ҳудудий ва Республика комиссияларида деярли учрамайди. Айрим ҳолатларда ҳудудий комиссиялар томонидан йиғилиш бўлиб ўтгандан сўнг ҳудудий комиссия масъул котиблари томонидан келиб тушган ариза ва ҳужжатларда аниқланган камчиликлар сабаб кечикиши мумкин. 

Ҳудудий комиссия томонидан “Камолот” ЁИҲнинг туман, шаҳар кенгашига тақдим этилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ҳар томонлама ўрганади, ҳақиқийлигини текширади.

Ҳужжатлар ҳудудий комиссиядан Республика комиссиясига топширилганидан сўнг ҳар бир ариза жавоби 5 иш куни муддатида ҳудудий комиссияларга  тақдим этилади. 

Агар аризаларнинг вақтида кўрилсмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар кузатилса, бунда ҳудудий комиссия жавобгар ҳисобланади.

“Зангиотада ҳам уй қуриладими?”

Мен икки йил олдин “Камолот” ЁИҲ Зангиота тумани бўлимидан “Камолот” уйларидан олиш учун тавсиянома олганман. Аммо ҳалигача Зангиотада бундай уйлар қурилмаяпти. Айтинг-чи, жорий йилда Зангиотада ҳам қуриладими Камолот уйлари, яна қайси ҳудудларда қурилиши режалаштирилган? 

Содиқ Валиев, Зангиота тумани

•  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Камолот” уйлари сифатида кўп квартирали уй-жойларни қуриш маҳаллий ҳокимликлар берган таклиф асосида амалга оширилади. Таклифларни Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва “Камолот” ЁИҲ ўрганиб чиқиб, лойиҳалар тайёрланади. Ўтган 2014-2015 ва 2015-2016- қурилиш йилида Зангиота туманида “Камолот” уйлари қурилмади. Мазкур 2016-2017-йилда эса Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Янгийўл, Бекобод туманлари ва Олмадиқ шаҳрида ёш оилалар учун “Камолот” уйларини қуриш режалаштирилаяпти. 

“Камолот” уйларини олишда талаб қилинадиган ҳужжатлар

Турар жой шароитларини яхшилашга муҳтожлар сифтада ёш оилани ҳисобга қўйиш учун эр-хотиндан бири доимий рўйхатдан ўтган жойи бўйича “Камолот” ЁИҲ туман енгашига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

•  “Камолот” ЁИҲ туман, шаҳар кенгаши раиси номига ариза;

•  Никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

•  Оила таркиби тўғрисида яшаш жойидан маълумотнома ва барча аъзоларнинг паспортлари (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари);

•  Яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган ёш оиланинг турар жой шароитлари тўғрисида маълумотнома;

•  Иш берувчининг муҳри билан тасдиқланган меҳнат дафтарчаси нусхаси;

•  Доимий иш жойидан ариза берувчининг охирги 12 ойлик даромадлари тўғрисида маълумотнома;

•  Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси томонидан эр-хотинда мулк ҳуқуқи билан турар жойи йўқлиги тўғрисида берилган маълумотнома;

•  Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаоллигини тасдиқловчи ҳужжат;

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 17:52, 29 апрель
Олмазор туманида қачон қурилади?